Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:14

Наманганлик йигитлар соқолини олишга мажбурланганидан арз қилди


Наманган деҳқон бозори
Наманган деҳқон бозори

Намангандаги "Чорсу деҳқон бозори"да ишлашини айтган 2 савдогар йигит "Ички ишлар бўлими ва Солиқ идораси вакиллари соқолни олиб ташлашни талаб қилаяпти", деб шикоят қилди.

Йигитларнинг OzodMikrofon​ рукнига айтишича, 22 сентябрдан бошлаб, бозорга фуқаролик кийимида келаётган ва ўзини органдан, деб таништирган шахслар соқолли йигитларни тўхтатмоқда.

Наманган вилоят ва шаҳари ИИБ ҳозирча бу борада бирор изоҳ бермади.

Шахсини очиқлашни истамаган наманганлик савдогар йигитнинг айтишича, уни бозор ҳудудида номаълум шахслар бир неча бор тўхтатган:

- Участковоймиз, дейишди бир сафар. Лекин бегона булар. Соқолни нега қўйгансан, олиб ташла, дейишди. Исломда соқолни қириб олиш - ҳаром, дедим. Диний эркинлигимизни чеклаш бу, дедим. Лекин, қулоқ солишмаяпти. Куч ишлатиб, ИИБга олиб кетишмоқчи бўлишди, лекин одамлар йиғилди. Олиб кетишолмади, мен ҳам соқолимни олмадим.

Қуйида соқолини олмаган йигит билан суҳбатни тингланг:

OzodMikrofon: Наманганлик 2 йигит соқолини олишга мажбурланганидан арз қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00
Бевосита линк


Айни бозорда ишлайдиган яна бир ёшгина савдогар йигит ҳам Озодлик билан суҳбатда 3 марта огоҳлантирилганини айтди.

Уни, асосан, бозор маъмурияти вакиллари огоҳлантирган:

- Биринчи марта - якшанба куни келишди. Бозор ходимлари: соқолни олиб ташланг, тепадан талаб қилишаяпти, дейишди. Кейин 24 сентябрь куни келишди. Мана бугун эса СЭСдан келишди (кулади). Тозаликка риоя қилинглар, у-бу дейишди-да, кейин соқолни олиб юринг, тепадан шунақа топшириқ бор, дейишди. Шунга бош қотган ҳозир.

Бу йигитлар бозордаги яна бир неча ёш савдогар 24 сентябрь куни Чуст туман ИИБга олиб борилгани ва ўша ерда соқолини олишга мажбурланганини айтмоқда. Озодлик бу йигитлардан бирини топди, аммо у йигит мухбир билан гаплашишни истамади.

Озодлик Наманган шаҳридаги "Чорсу деҳқон бозори" ва шаҳар ИИБ, вилоят ИИББга боғланди, аммо ҳозирча расмий жавоб ололмади.

Озодлик шу йилнинг 23 - 24 август кунлари Шайхонтоҳур туманидаги “Малика” савдо мажмуасидаги 100 га яқин эркакнинг соқоли мажбуран олингани ҳақида хабар қилган эди.

27 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бунга изоҳ берган ва пойтахтда “Хавфсиз ҳудуд” тадбири ўтказилаëтганини билдирганди.

“Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилади. Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган”, дейилганди расмий баëнотда.

Баëнот мазмунидан жамоат жойларига ўрнатилган ташқи кузатув интеллектуал камералари (юз ўқувчи камералар – facial recognition) қидирувда бўлган шахслар соқол қўйгани боис, уларни аниқлашда мураккабликка дуч келаëтгани тушунилади.

Шу боис, ИИББ “Малика” бозоридаги “алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаларидаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилганини билдирганди.

Намангандаги савдогар йигитларнинг айтишича, ўзини расман таништирмаган "орган ходимлари" уларга ҳам шу важни келтирган. Яъни, паспортдаги суратда соқоли бўлмаса - у ҳолда соқолни олиб ташлаши шартлигини айтишган.

Айни пайтда, Тошкент милицияси, бу ҳолатга диний мазмун юклаш керакмаслиги, “бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўрин”лигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG