Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Хоразмдан Тошкентга юриш бошлаганлар ИИБ томонидан ушланди (ВИДЕО)


23 сентябрь куни Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлаган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ИИБ ходимлари томонидан автобусга босиб, олиб кетилди.

Журналист ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлади ва 50 километр йўлни пиёда босиб ўтди.

Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнамоқда.

Хоразмдан Тошкентга юриш бошлаганлар ИИБ томонидан ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

Расмий муносабат

23 сентябрь куни кечқурун Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз сайти орқали гурланликлар юришига расмий муносабат эълон қилди.

Ундан маълум бўлишича, Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган ва ҳудудий ички ишлар бўлимида сақланмоқда.

ИИБ гурланликлар юришини Маҳмуд Ражабнинг "ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсади" сифатида баҳолаган.

“Улар билан Урганч шаҳар ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлсада, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уриндилар ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб бордилар”, дейилади Хоразм вилоят ИИБ расмий маълумотида.

Расмий баёнотда ушланганлар тақдири нима бўлиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Эслатиб ўтамиз, ушланганлар сони йигирма нафарга яқин бўлиб, улар орасида иккита ёш бола ва 4 ойлик битта чақалоқ ҳам бор.

Гурландан Урганчга яна икки машина одам келди

Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан олинган маълумотга кўра, автобусга босиб олиб кетилганлар Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси биносига олиб борилган.

"Тушдан кейин Гурландан яна 15 тача одам келди. Улар юриш иштирокчилари озод қилинишини талаб қилиб, ИИБ биноси олдига келди. Лекин на бизни учраштиришди, на улар аҳволи ҳақида бирор маълумот беришди. Улар орасида иккита ёш бола бор. Яна битта 4 ойлик чақалоқ ҳам бор. Уларнинг аҳволи нима бўлаяпти, билмаяпмиз", деди гурланлик йигит исми очиқланмаслик шарти билан.

Озодлик Хоразм вилоят ИИБ расмийлари билан боғланишга ҳаракат қилаяпти. Бироқ ҳозирча бирор натижа бўлмади.

Юриш иштирокчилари автобусга тиқилди...

Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бирининг Озодликка айтишича, соат 12га яқин юриш иштирокчиларининг барчасини автобусга тиқиб, номаълум томонга олиб кетишган.

"Бугун уларга ҳужум қилган ўша аёллар яна уларга ташланиб, телефонларини олишмоқчи бўлишди. Бироқ олиша олмади. Шу орада улар олдига шаҳарда йўловчи ташувчи автобуслардан бирини олиб келиб, йўлини тўсишди. Шу атрофда юрган гражданский кийимдаги одамлар Маҳмуд акани ва у ердаги барча одамни қўлидан судраб, мажбурлаб автобусга чиқаришди. Менимча ҳаммасининг телефон рақамини олиб қўйишган. Ҳеч кимнинг телефони ишламаяпти", деди воқеа жойида бўлган йигит. ​

Озодлик воқеа жойида олинган видеони ҳам қўлга киритди:

Юриш иштирокчилари ушланди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00

Фейсбук лайф тўхтади...

23 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 11лардан ўтганда блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифасидаги жонли чиқишлар тўхтади.

Юриш иштирокчилари борасида ҳозирча бошқа маълумот йўқ.

Озодлик вазиятни ўрганишни давом этади.

Урганч шаҳар ҳокими ҳам юриш иштирокчиларини қайтаришга уринди

Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ҳам Маҳмуд Ражаб билан учрашиб уни қайтаришга ҳаракат қилди.

Бироқ юриш иштирокчилари ҳоким Абдуллаевни уларга бўлган аёллар ҳужумини уюштиришда айблашди.

Юриш иштирокчиларига номаълум аёллар ҳужум қилди

Урганч шаҳрига етиб келгач, юриш иштирокчиларига номаълум аёллар ҳужум қилди. Буни Фейсбук орқали жонли чиқиш қилган блогер @Shabnam Olloshkurova маълум қилди.

Юриш иштирокчилари сафи кенгайди

Тунни Янгибозор туманидаги кафелардан бирида ўтказган юриш иштирокчилари Урганч шаҳрига етиб келгач, уларга яна уч нафар киши қўшилди. Яна бир киши Боғотда, икки киши Ҳазараспда қўшилишини маълум қилди.

Хоразм ИИБ бошлиғи ҳам Маҳмуд Ражабни тўхтатишга уринди

22 сентябрь куни кечқурун ўзини Хоразм вилоят ички ишлар бўлими бошлиғи деб таништирган киши юриш иштирокчилари билан учрашди.

- Мен Пўлат Раззақович Бобожоновнинг вакилиман. Мен сизни хавфсизлигингизни таъминлаб вазиримиз билан учраштириб бераман, дея ваъда қилди ўзини Хоразм вилоят ИИБга бир ой аввал бошлиқ қилиб тайинланганини айтган киши.

- Пўлат Бобожонов шу вилоятнинг вакили. Шу вилоятда ҳоким бўлган. Ҳозир вилоятдан мана шундай аҳволда бориш яхшими?, деди ўзини ИИБ бошлиғи деб таништирган киши.

Фейсбук орқали жонли берилган видеодаги тасвирлар қоронғуликда олингани сабаб ўзини ИИБ бошлиғи деб таништирган кишининг юзи аниқ кўринмайди.

Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий сайтида бошқарма бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов экани кўрсатилган.

Маҳмуд Ражаб ИИБ бошлиғининг илтимосларини инобатга олмади ва юришни давом эттирди.

Гурлан туман ҳокими Маҳмуд Ражабни қайтаришга уринди

Гурлан туман ҳокими Алишер Солаев Тошкентга пиёда йўлга чиққан юриш иштирокчилари олдига бориб, уларни тўхтатишга ҳаракат қилди.

Бироқ Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ҳоким сўзларига қулоқ солмади.

Маҳмуд Ражаб Фейсбук орқали жонли намойиш қилинаётган видео давомида ҳоким Солаевни фермерларни уриб, ҳақоратлаганликда айблади.

Гурландан Тошкентга юриш

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиқди. Юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор. Юриш иштирокчилари сони жами йигирмадан зиёд.

Маҳмуд Ражаб Хоразм вилоятидаги Ички ишлар бўлимлари ходимлари фаолиятига норозилик сифатида ушбу юришни бошлаганини билдирди.

У сўнгги 5 ой ичида тўхтовсиз терговга чақиртирилганига норозилик билдираяпти.

- Пичоқ суякка бориб етди. Хоразм вилояти Ички ишлар ходимларининг зулмидан, золимлигидан, ноҳақлигидан жонимиздан жудаям тўйиб кетдик. Тошкентга ёзган хатларимиз, аризаларимизга жавоб бўлмагани учун ўзимиз ноилож пиёда йўлга чиқишга қарор қилдик. Мақсадимиз Тошкентга бориб, Пўлат Бобожонов билан юзма-юз учрашиш. Мен ноҳақ туҳматга учраганман. Ўзимнинг ҳақлигимни Хоразмда исботлаш имкони бўлмади. Шунинг учун Тошкентга йўл олдик, деди Маҳмуд Ражаб юришни бошлашдан аввал Фейсбук орқали.

Ушбу юриш блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифаси орқали жонли равишда ёритилмоқда.

Маҳмуд Ражабга очилган иш

Маҳмуд Ражаб 21 сентябр куни Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари уни олиб кетишга келишгани, аммо маҳалладошлари қаршилик кўрсатиши туфайли қайтиб кетишгани ҳақида Озодликка гапирганди.

Унинг Фейсбук орқали маълум қилишича, сўнгги 3 кун ичида ички ишлар ходимлари уйига бостириб келиб, уни олиб кетишга ҳаракат қилишган.

2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Маҳмуд Ражаб ўзига қўйилган бу айбловни шу йилнинг март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Маҳмуд Ражаб Тбилисидан Истанбул орқали шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида тақиқланган адабиётлар сифатида китоблар олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб, Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек журналистидир.

Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.

XS
SM
MD
LG