Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:51

Саудия: Нефть конларига ҳужум Эрон ҳудудидан қилинган бўлса, бу уруш ҳаракатидир!


Саудия Арабистони раҳбарлари ўтган ҳафтада мамлакат нефть саноатига қилинган ҳужумлар тергов қилинаётганини маълум қилди.

Баёнотга кўра, ракета ва дронлар ёрдамида амалга оширилган ҳужумлар Эрон ҳудудидан амалга оширилган бўлса, қироллик уларни “уруш ҳаракати”, деб баҳолайди.

22 сентябрь куни Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр: "Биз Эрон жавобгар деб ҳисоблаймиз, чунки Саудия Арабистонига отилган ракеталар ва дронлар Эронда ишлаб чиқарилган ва уларни Эрон элтиб берган. Лекин ҳужумни ўз ҳудудидан амалга ошириш – агар чиндан шундай қилинган бўлса – бу бошқа нарса. Бу уруш ҳаракати, деб баҳоланади", деди.

14 сентябрь куни амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Ямандаги ҳути исёнчилар ўз бўйнига олди. Уларни Эрон дастаклаб келади.

Ҳужумлар натижасида Саудия нефть конлари фаолияти чекланиб, жаҳон бўйлаб нефть нархлари ошиб кетди.

Таҳлилчилар Ямандаги можарони сунний Саудия Арабистони ҳамда шиа Эрон олиб бораётган прокси уруш, деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда бошқа АҚШ расмийлари Саудия нефть конларига қилинган ҳужумларда Эронни айблаб келади.

Трамп АҚШни 2015 йилда Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувдан чиқариб олиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаганидан бери икки давлат ўртасидаги танглик кескинлашди.

Шундай бўлса-да, Трамп ва Саудия расмийлари Теҳронга қарши чора кўришдан олдин бир-бирлари билан маслаҳатлашаётганларини ҳамда давом этаётган тергов натижаларини кутишаётганини изҳор қилишди.

Бу орада БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Мартин Гриффитс ҳутиларнинг Саудия Арабистонига ҳужумларни тўхтатиш тўғрисида шу кунларда элон қилинган ваъдаси 4 йилдан бери тўхтамаётган урушни тугатишга ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири ал-Жубайр ҳутиларнинг ушбу эълони ортидан “кутамиз ва вазиятни кузатамиз”, деди.

Хабарларга кўра, 20 сентябрь куни Трамп АҚШнинг Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳарбий қўшинлари сонини ушбу мамлакатлар илтимосига биноан оширишга рухсат берган. Жорий йилнинг июлида Вашингтон Саудия Арабистонига қўшимча 500 ҳарбий юборилишини эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG