Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:19

Тадбиркорлар курьерлик жўнатмаларининг яна қудратли шахслар монополиясига айланаëтганидан хавотирда


Озодлик гаплашган тадбиркорлар хориждан Навоий аэропортига юборилаëтган жўнатмаларнинг тўлиғича Тошкентдаги ана шу пост назоратига ўтганини билдирди.
Озодлик гаплашган тадбиркорлар хориждан Навоий аэропортига юборилаëтган жўнатмаларнинг тўлиғича Тошкентдаги ана шу пост назоратига ўтганини билдирди.

Божхона қўмитаси Навоий аэропортига келаëтган халқаро курьерлик жўнатмалари - шахсий фойдаланиш учун юбориладиган ва божга тортилмайдиган юкларни расмийлаштиришни Тошкентга кўчирди.

Оқибатда¸ асосан хориждаги меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондаги оиласига юбораëтган юзлаб тонна юк қарийб уч ҳафтадан бери Тошкентдаги хусусий МЖЧ омборхонасидан чиқарилмаëтир¸ курьерлик операторлари эса¸ хориждагилар юкини қабул қилишни тўхтатишга мажбур қолди.

Бу эса¸ Озодлик гаплашган расмийлар ва тадбиркорлар таъкидича¸ президент Мирзиëевнинг ўтган йил 19 июлдаги 3873-сонли қарорига зиддир.

Навоий халқаро аэропортининг Озодлик гаплашган мутасаддилари Божхона қўмитаси ҳозиргача бундай қарорини изоҳловчи бирор ҳужжат тақдим қилмаганини билдирди.

Туркиядан Ўзбекистонга почта жўнатмалари юбориш билан шуғулланиб келган ширкат эгалари Озодликка бундай ўзгаришдан мақсад хориждан тижорий ва шахсий жўнатмалар юбориш соҳасини монополияга айлантириш эканини таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатда тадбиркорлар¸ хусусан¸ карго соҳаси мутасаддилари¸ ўтган йилга қадар аввалги президент оиласига қарашли бўлиб келган бу бизнеснинг яна "Ўзбекистон 1-оиласига алоқадор шахслар назоратига ўтаëтганини" иддао қилди.

Озодликнинг бу ўзгаришга изоҳ сўраб қилган мурожаатига Божхона қўмитаси матбуот хизмати "бу масала бўйича шуғулланаяпмиз, сайтимизда ҳам ёритмоқчимиз албатта"¸ деган жавоб йўллади.

Озодлик сўрови ортидан қўмита сайтида пайдо бўлган баëнотда¸ бу ўзгаришнинг "қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида" вақтинча Тошкентга кўчирилгани айтилди.

Президент қарори битта буйруқ билан тўхтатилди...

Кейинги бир ҳафта давомида Навоий халқаро аэропортидаги халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш ҳудуди бўшаб қолди.

Навоий халқаро аэропорти божхона омборхонасининг бундан бир ой олдинги ва ҳозирги кўриниши.
Навоий халқаро аэропорти божхона омборхонасининг бундан бир ой олдинги ва ҳозирги кўриниши.

Туркиядан халқаро курьерлик жўнатмалари юбориш билан шуғулланиб келган тадбиркорларнинг Озодликка юборган бу хабарини Навоий халқаро аэропорти дирекцияси тасдиқлади.

Тошкентдаги “қудратли шахсларга ëқмайдиган маълумотни” очиқлаш оқибатларидан чўчиб шахси сир қолишини сўраган аэропорт расмийсига кўра¸ Ўзбекистон Божхона қўмитасининг оғзаки буйруғи билан Навоий аэропортига келаëтган бундай жўнатмаларни расмийлаштириш 450 км нарига – Тошкентга кўчирилган.

Бизга бирорта қонун¸ қарор ëки ҳужжат беришмади. Божхона қўмитаси битта телефон билан халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш Тошкентга кўчади¸ деди¸ тамом-вассалом. Оғзаки айтилган баҳонага кўра¸ гўë бизда қишки сезон учун иситиш тизими йўқ эмиш. Иситиш тизимини қилинглар деса¸ уч кунда қиламиз. Лекин мақсад бу эмасда”¸ деди Озодлик гаплашган Навоий халқаро аэропорти мутасаддиларидан бири.

Президент Мирзиëевнинг ўтган йил 19 июлда имзолаган 3873-сонли қарорида¸ “кириб келаётган халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви ҳаво транспорти орқали етказишда — халқаро аэропортлар ёки унга яқин ҳудудларда жойлашган божхона постларида амалга оширилади”¸ деб ëзиб қўйилган.

Айни қарор асосида¸ 2018 йилдан бошлаб Навоий халқаро аэропортига Жанубий Корея¸ Хитой¸ Туркия¸ БАА¸ АҚШ ва Европа давлатларидан келаётган халқаро курьерлик жўнатмалари ушбу аэропорт ҳудудида расмийлаштирилган.

Бунинг учун ҳамма техник воситаларимиз, ишчи кучимиз етарли. Ҳозиргача тез ва самарали ишлаб келаëтган эдик. Келаëтган жўнатмалар объëми кўпайганидан кейин шу йил августидан юкларни очиб¸ қайта ўраш учун килосига 420 сўмдан ҳақ киритдик¸ унгача бепул эди. Жўнатмалар оқимининг кўпайгани¸ Тошкентдаги қудратли одамларнинг рашкини қўзиди шекилли¸ буни ўзларига олишаяпти”¸ деди Навоий аэропорти мутасаддиларидан бири.

Божхона қўмитаси жўнатмаларини расмийлаштириш учун хусусий ширкат ҳудудини танлади

Озодликка тақдим этилган ҳужжатлардан англашилишича¸ Навоий халқаро аэропортига хориждан келаëтган минглаб тонна курьерлик жўнатмаларини назоратдан ўтказиб¸ расмийлаштириш учун Тошкентдаги СПТ Почта деб номланган МЧЖ омбори танланган.

СПТ Почта МЧЖси раҳбари "буйруғи"нинг Озодликка юборилган нусхаси.
СПТ Почта МЧЖси раҳбари "буйруғи"нинг Озодликка юборилган нусхаси.

Мазкур МЧЖ директори А.Нам 3 сентябрь санаси билан имзолаган 3-сонли буйруққа кўра¸ бу ўзгариш Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат Божхона қўмитаси фармойишлари асосида амалга оширилади.

Бундай ўзгариш эса¸ гўëки “Навоий аэропортида замонавий ихтисослашган божхона омбори” қурилгунга қадар амалда бўлади.

Буйруқда Нам¸ курьерлик ташкилотлари билан ҳар бир кило юкни қайта ишлаш ва сақлаш учун белгиланган янги нархлар бўйича шартнома имзолашни буюради.

Мазкур буйруққа изоҳ берган Навоий халқаро аэропорти мутасаддиларидан бири¸ бу аэропортда “замонавий ихтисослашган божхона омбори” қурилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқлиги¸ бундай омборнинг бир йилдан бери ишлаб келганини таъкидлади.

Озодлик гаплашган айрим курьерлик ташкилоти раҳбарлари эса¸ бундай ўзгариш ҳар бир кило юкни божхона назоратидан ўтказиш нархининг икки бараварга қимматлашини англатишини билдирди.

Бу тадбиркорлар иддаосича¸ бундай эксклюзив хизмат ваколати берилган хусусий МЧЖ бутун соҳани назоратга олаëтган ҳукуматдаги шахсларга яқиндир.

"Божхона қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасининг "Бош почтамт" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости раҳбари Шерзод Бакиев. СПТ Почта МЧЖси билан аренда келишувини шу одам қилган¸ билишимизча. Юкларни расмийлаштириш нега Навоийдан Тошкентга кўчди¸ десак¸ очиқчасига¸ "қопларда юк жўнатиш ...... акангга ëқмаяпти¸ саволингни унинг ўзига бер"¸ деди. Ўзбекистонга келаëтган жўнатмаларни расмийлаштириш битта ана шу Бакиевнинг қўлига топширилди. Сабаби¸ монополистлар ўз манфаатини ҳимоя қилишни шу одамга ишониб топширган"¸ деди Озодлик гаплашган тадбиркорлар.

Озодлик ҳозирча бу иддаоларга Шерзод Бакиевдан муносабат ола олмади - кун давомида бу божхона расмийси қўнғироқларга жавоб бермади.

Тадбиркорлар фарëди

Навоийга юборилган халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштиришнинг бу ердан Тошкентга кўчиртирилгани ҳақида Озодликка хабар юборган тадбиркорлар бу бизнеснинг монополияга айланаëтганини қайта-қайта таъкидлади.

Уларга кўра¸ ҳозирда биргина Истанбулнинг ўзида Ўзбекистонга халқаро курьерлик жўнатмалари юбориш билан шуғулланувчи 75 та ширкат бор.

Турк ҳаво йўллари каргоси ҳафтасига уч марта Навоийга учади. Ҳозир Туркияда юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишлаб юрипти. Уларнинг ҳаммаси уйига почта орқали кийим-кечак¸ рўзғор буюмлари юборади. Ҳафтасига Навоийга 60 тонна юк кетаяпти. Бу миллионлаб долларлик бизнес. Тижорий карго бунга кирмайди. Ана шу юк оқимини фақат битта қўлга олишмоқчи”¸ дейди халқаро курьерлик жўнатмалари юборувчи ширкат эгаларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар бир-биридан мустақил равишда халқаро курьерлик жўнатмалари оқимининг "жорий биринчи оила аъзолари назоратига ўтаëтганини" иддао қилди. Озодлик ҳозирча бу иддаоларни тасдиқлаш имконига эга эмас.

Яна оддий халққа қийин бўлади

Хориж¸ хусусан¸ Туркиядаги меҳнат муҳожирлари ўз оилаларига юбораëтган курьерлик жўнатмаларини божхона текширувидан ўтказиш қоидаларининг ўзгаргани¸ тадбиркорларга кўра¸ бу хизматни 2-3 бараварга қимматлаштиради.

Истанбулдаги ўнлаб курьерлик ширкатлари ўзбекистонлик муҳожирлар уйига жўнатаëтган юкларни юбора олмай¸ ушлаб турганини айтади.
Истанбулдаги ўнлаб курьерлик ширкатлари ўзбекистонлик муҳожирлар уйига жўнатаëтган юкларни юбора олмай¸ ушлаб турганини айтади.

Ҳамма курьер фақат битта ширкат орқали юк юборишга кўнмагунча¸ улар юборган посилкалар божхонадан чиқарилмайди. 17 кун олдин юборилган жўнатмаларни ҳалиям ололмадик. Бу тижорий юк¸ деб коробкасига 3¸5-4 миллион сўм растаможка чиқариб бераяпти. Бизга очиқ сигнал беришди – ë биз айтган битта ширкат орқали юборасан¸ ëки ўйиндан чиқасан. Юкни ўзим юборсам¸ килосига 2 доллар тўлайман¸ монополист ширкат эса¸ айни шу маршрут учун килосига 5 доллар сўраяпти. Бунинг устига¸ Тошкентдаги хусусий МЧЖ ҳудудида божхона назоратидан ўтказиш ҳам икки бараварга ошди. Ҳозир муҳожирлар бизга топширган юкларни Ўзбекистонга жўнатмай турибмиз”¸ дейди Истанбулдаги курьерлик ширкати раҳбари.

Озодлик Навоий халқаро аэропортига хориждан келаëтган халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштирувини Тошкентга кўчирилгани изоҳ сўраб Божхона қўмитаси матбуот хизматига мурожаат қилди.

Бу сўровга ҳозирча "бу масала бўйича шуғулланаяпмиз, сайтимизда ҳам ёритмоқчимиз¸ албатта" деган жавоб келди.

Озодлик сўровидан сўнг Божхона қўмитаси расмий сайтида "Курьерлик жўнатмаларига доир" деб номланган баëнот эълон қилинди.

Унда айтилишича¸ "Навоий халқаро аэропорти биносида божхона назоратини амалга ошириш учун етарли шароитлар яратилмаганлиги сабабли, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарган".

Шу боис¸ “Навоий” халқаро аэропорти орқали халқаро курьерлик жўнатмаларини қабул қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида фаолият юритишини инобатга олган ҳолда уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Навоий халқаро аэропортига келиб тушаётган халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви вақтинча Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтамп” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга ошириш"га ўтилган.

Қўмита бу ўзгаришни "вақтинча" дер экан¸ унинг айнан қанча муддатга чўзилишини аниқлаштирмади.

XS
SM
MD
LG