Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Саид-Абдулазиз Юсупов суди бошланди. Ижтимоий тармоқларда унинг ҳибсхонадан йўллаган мактуби тарқалди


Саид-Абдулазиз Юсупов
Саид-Абдулазиз Юсупов

9 сентябрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов устидан суд жараёни бошланди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган жараённи кузатишга Саид-Абдулазиз Юсуповнинг яқинлари киритилмаган.

Айни куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазиз Юсуповга тааллуқли экани ишонилган, унинг оила аъзоларига ҳибсхонадан чиқарган мактуби тарқалди.

Мактубда Саид-Абдулазиз Юсупов ўзига қўйилаётган айбловларга изоҳ беришга уринган.

Айблов

10 май куни ДХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 167- ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш"), 168- ("Фирибгарлик") ҳамда 28- ("Жиноят иштирокчиларининг турлари") ва 211- ("Пора олиш-беришда воситачилик қилиш") моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

13 майда Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ҳибсга олинишига уни фирибгарликда айблаган, шахслари ошкор этилмаган фуқароларнинг хавфсизлик органларига қилган мурожаатлари сабаб бўлган.

Бош прокуратуранинг дастлабки тергов маълумотларига таяниб хабар беришича, Саид-Абдулазиз Юсупов:

"- фуқаро А.А.ни алдаб, биргаликда бизнес-лойиҳасини амалга ошириш учун ундан Д.С. ва А.Д.лар орқали 65 минг АҚШ доллари;

- Ж.Д.га кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунаси етказиб беришини айтиб, ундан 15 минг АҚШ доллари;

- Б.Я.дан унинг қизини Тошкент Давлат Юридик Университетига ўқишга киритиш учун 35 минг АҚШ доллари;

- Д.С.нинг ишончига кириб, ғишт ишлаб чиқариш завод учун керакли жиҳозларни етказиб беришини айтиб, ундан 28.000 АҚШ доллари;

- К.Е.нинг ишончига кириб, ундан 15 минг АҚШ доллари;

- В.С.нинг ишончига кириб, ундан 2 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Қисқаси, С.Юсупов 2013-2017 йиллар давомида жами 6 нафар фуқародан 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шундан 3 нафар жабрланувчига бор-йўғи 2300 АҚШ долларини қайтарган, 157.700 АҚШ долларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани" айтилади.

"Фонд директори ўзини ёлғондан Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олгани фактлари аниқланган," дея маълум қилган эди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокуратура Юсупов бундан аввал ҳам фирибгарликда айланиб жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлаган.

Хабарда айтилишича, Юсупов одамларга ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорларда пул олгани аниқланган.

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ҳимоячиси Арслон Шаймардонов Озодлик билан 10 сентябрь куни бўлиб ўтган суҳбатда Саид-Абдулазиз қўйилган айбловларга “қисман иқрор бўлди” деб айтди.

Адвокат суд махфийлиги боис қўшимча тафсилотларни ошкор эта олмаслигини билдирди.

Аммо Саид-Абдулазиз Юсупов қамалишидан икки кун ўтиб, яъни 12 май куни Facebook тармоғида тарқалган видеода Саид-Абдулазиз Юсупов президентга мурожаат қилган эди.

Видеомурожаатда у ўзига нисбатан очилган жиноят иши журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганини иддао қилган, ўзини президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг ашаддий ҳимоячиси эканини билдирган.

Мактуб

Саид-Абдулазиз Юсуповники экани ишонилган мактуб
Саид-Абдулазиз Юсуповники экани ишонилган мактуб

Яшнабод туман судида Саид-Абдулазиз Юсупов устидан ёпиқ суд бошланган 9 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазизники экани ишонилган мактуб тарқалди.

Саид-Абдулазизнинг онаси Жамила Бакаева Озодлик билан 10 сентябрь куни бўлган суҳбатда мактубни уларнинг автомобили ўриндиғидан топиб олганини айтди:

- Биз келинимиз билан эрталаб чиқиб қарасак, [мактуб] машинанинг ўриндиғида турибди экан. Машина люки очиқ эди, ўша ердан ташлаб кетишган шекилли, деди Жамила Бакаева.

У мактубнинг ҳуснихатидан унинг ўғлига тегишли эканлигига ишончи комил бўлганини айтди.

- Унинг хати эканлигини унинг хатидан, имзосидан ва бизга гапирилган гапиданам биласизку. Оилада гапирадиган гаплари ва ҳуснихатидан уники эканлигини биламан, дея тушунтирди Жамила Бакаева. ​

"Сўроқ"

Суд бошланишидан 10 кун муқаддам битилгани айтилган мактубда муаллиф аввалига соғлиги, қамоққа олиниши тафсилоти ва ДХХ Тергов бошқармасида икки ҳафта давом этган "сўроқ"қа тўхталади:

"Улар мени 25 майгача ҳар куни 10-12 соатлаб "сўроқ" қилишди. Мендан турк махсус хизматларига хизмат қилишим ҳақида мажбурлаб кўрсатма олишмоқчи бўлишди. Айбим очиқчасига Ислом университетида ҳижоб кийилишини ҳимоя қилганим, Туркия ҳақида китоб ёзганим, Кастамону давлат университети магистратура ва доктарантурага бепул ўқишни ташкил қилганим экан".

Сўнгра ДХХ Тергов бошқармасидан Тошкент шаҳар ИИББда 6,5 кун давомида "жисмоний ва руҳий тазйиқ"қа тутилганига эътибор қаратади:

"У ерда "Темур", "Ойбек", "Бердак"лар 6,5 сутка давомида менга нисбатан жисмоний, руҳий, психологик тазйиқ ўтказишди. Мени ҳатто зўрламоқчи бўлишди. Яъни дубинка билан номусимга тажовуз қилмоқчи бўлишди. Мени синдирган нарса – аяжоним ва аёлимни қамаш, хўрлаш, кейин эса бола чақаму отамгача қандай қилиб ўлдириб юборишларини айтиб ишонтиришгани бўлди".

"Оқ ва Қора"

Саид-Абдулазиз Юсупов 2017 йилнинг декабридан ҳибсга олингунга қадар Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармасига раҳбарлик қилди.

Мазкур фонд 2005 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 3680 –сонли Қарори билан тузилган.

Саид-Абдулазиз Юсупов Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг аъзоси ҳам эди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳибсга олиниши арафасида Саид-Абдулазиз Юсупов Туркияда президент Шавкат Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: Ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли рус тилида китоб чоп қилишга тайёрланаётган бўлган.

Онаси Жамила Бакаеванинг айтишича, уғли китобнинг "сигнал" нусхасини Президент администрациясидаги мулозимлардан бирига кўрсатиш учун олиб бораётган пайти ҳибсга олинган.

Саид-Абдулазиз Юсупов муқаддам "Маданият ва маърифат" телеканалида “Оқ ва қора” кўрсатувини олиб борган.

XS
SM
MD
LG