Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Кремль учун жиддий синовга айланган ҳудудий ва маҳаллий сайловлар бўлди (ВИДЕО)


Москва Думасига сайлов олдидан намойишлар, 5 сентябрь, 2019 йил
Москва Думасига сайлов олдидан намойишлар, 5 сентябрь, 2019 йил

Маҳаллий ва ҳудудий сайловлар Россиянинг 83 ҳудудида бўлиб ўтди. Россияликлар вилоят губернаторларига ҳам овоз берди.​

Кузатувчилар бу орада президент Владимир Путин ва уни қўлловчи ҳукмрон партия рейтинги пастлаб бораётганини айтишмоқда.

8 сентябрь куни бўлиб ўтган Москва шаҳар кенгаши сайловларини фаоллар ва сиёсий шарҳловчилар яқиндан кузатди.

45 ўринли Москва думаси шаҳар бюджети учун масъул бўлиб, унда энг кўп ўринни Кремлпараст “Единая Россия” партияси эгаллаган.

Сайловда барча 45 ўрин учун кураш бўлди.​ 8 сентябрь куни Москвада 3 минг 602 та сайлов участкаси очилди.

Бу йил мамлакатда илк бор электрон тартибда овоз бериш тажрибаси қўлланилди. Аммо, сайлов куни тонгдан янги система ишламай қолгани кузатилди. Марказий Сайлов комиссиясига кўра, қисқа муддат ичида техник носозлик бартараф этилган ва берилган овозлар йўқотилмаган.

Ижтимоий тармоқларда эса сайловларда қатор қонунбузарликлар кузатилаётгани ҳақидаги фото-видеохабарлар берилди.

Баъзи овоз бериш участкаларида мустақил равишда сайловни кузатган мухолифат тарафдорлари бюллетенларни тўплаб, урнага ташлашга уринган шахсларни тўхтатганини хабар қилди.

Расмийлар Москва мэриясига бўлаётган ушбу сайловда мустақил номзодлар қатнашишига изн бермади, натижада Россия бўйлаб бир неча ҳафта давомида норозилик намойишлари тинмади.

Сайлов олдидан Путин ўтган йилги вазият такрорланмаслиги учун бир неча губернаторни алмаштирди. Ўтган йилги сайловларда Кремль қўллаб келган бир неча номзод мағлуб бўлганди.

Москвада ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг кўплаб аъзоси ўзларини партиядан узоқлаштириш учун “мустақил” номзод ўлароқ қатнашди.

Ҳукмрон партия пенсия ёшининг ошрилиши ва қўшилган қиймат солиқлари ортидан кўплаб қўлловчисини йўқотди.

“Единая Россия” партияси, шунингдек, узоқ масофаларга ўз машинасида юк ташувчиларга солиқ солиш дастурини қўллаб, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш бўйича турли таклифларга қарши уюштирилган намойишларни ҳам бостирди.

Давлатга қарашли сўров агентлиги маълумотларига кўра, президентнинг обрўйи ҳам пастламоқда: унинг рейтинги сўнгги 13 йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушиб қолган.

Москвада сайлов бошланар экан, мустақил номзодлар ушбу сайлов ёрдамида мухолифат ҳануз сиёсий кучга эга эканини кўрсатишни кўзлаган эдилар. Аммо июль ойида расмийлар мустақил номзодлар тўплаган имзолар сохта эканини айтиб, уларни рўйхатга олмади.

Рад этилган номзодларнинг аксари расмийларни турли йўллар билан, жумладан, қўрқитиш орқали уларни сайловдан четлатишда айблади.

5 сентябрь куни хавфсизлик кучлари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси офиси, унинг телестудияси ҳамда Москвадаги қароргоҳини тинтув қилди.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлмиш Навальний 30 июлда россияликларни рухсат берилмаган акцияларда иштирок этишга чорлагани учун 30 кунга қамалган эди.

Мустақил номзодларнинг сайловдан четлатилгани норозилик акциялари тўлқинига сабаб бўлди.

10 август кунги намойишга Москвада 50 мингга яқин одам чиқди.

Бу намойишлар 2011 йилдан бери Россияда ўтказилган энг йирик аксилҳукумат акцияси, деб эътироф этилди.

Россия полицияси 27 июль ҳамда 3 август кунлари ўтказилган намойишларда иштирок этган 2 минг 300 дан ошиқ одамни қўлга олди. Уларнинг кўпчилигига қарши полиция ошиқча куч ишлатгани кескин қораланди.

Путин намойишларга кўз юмиб келаётган эди. Аммо 21 август куни уларни “сайловолди тангликнинг бир бўлаги” дея таърифлади.

- Россия инсон ҳуқуқлари ва ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳурмат қилади, - деди президент ва қонунни бузган оддий фуқаролар ва полициячилар жавобгарликка тортилишини қўшимча қилди.

Сайловдан икки кун олдин Марказий сайлов комиссияси етакчиси Элла Памфиловага Тазер билан қуролланган номаълум шахс ҳужум қилгани хабар қилинди. Памфилова ҳужумда зарар кўрмади.

XS
SM
MD
LG