Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ раҳбарлари 12 йилга қамалди


Суратнинг чап томонида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ бошлиғи Равшан Ибрагимов. Суратнинг ӯнг томонида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.
Суратнинг чап томонида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ бошлиғи Равшан Ибрагимов. Суратнинг ӯнг томонида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 19 август куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ раҳбарларига ҳукм ўқилди.

Олий Суднинг 20 августда билдиришича, Ташқи меҳнат миграция агентлигининг собиқ раҳбари Равшан Ибрагимов ва агентлик раҳбарининг собиқ ўринбосари Улуғбек Назаровнинг ҳар бири 12 йилданга, агентликнинг собиқ бўлим бошлиғи Алижон Абдуллаев ва Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказининг собиқ директори Озод Махсудовлар 11 йилданга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бундан ташқари агентликнинг судланган собиқ раҳбарлари қамоқдан чиққач 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Мазкур шахсларга нисбатан суд жараёни бошлангани ҳақида 15 апрель куни Олий суд расман маълум қилганди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбарлари 2018 йилнинг октябрида коррупцияда айбланиб оммавий равишда қамоққа олинганди.

Озодлик радиоси 2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олинганини хабар берган эди.

Озодлик манбалари 14-20 ноябрь кунлари Миграция агентлигининг 20 га яқин расмийси Кореяга ишга кетаётганлардан 20 миллион доллар пора олганликда гумонланаётганини айтган эдилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозими 2018 йилнинг 26 ноябрида Озодликка Ташқи миграциянинг ҳибсга олинган расмийлари йил давомида ҳар бир вилоятдан камида 400 тадан одамга Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилгани ва уларнинг ҳар биридан камида 5000 АҚШ доллари миқдорида пора олган жиноий гуруҳга бошчилик қилганликда гумонланаётганини айтган эди.

Мазкур хабарни орадан бир неча кун ўтгач, Бош прокуратура тасдиқлаган.

Расмий маълумотда айтилишича, агентликнинг собиқ раҳбарлари пора олиш, пора бериш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, компьютер ахборотларидан қонунга хилоф равишда рухсатсиз фойдаланишда айбланган.

XS
SM
MD
LG