Москвада 10 август куни бўлиб ўтган норозилик намойишларида иштирок этган 250 дан ошиқ одам қўлга олинди.
Ўн минглаб одам қатнашган намойиш иштирокчиларининг асосий талаби кейинги ойга белгиланган шаҳар думаси сайловларида мустақил номзодлар қатнашишига изн берилишидир.
Аввалроқ расмийлар пойтахт турғунларини Сахаров кўчасида рухсат берилган акция ортидан уюштирилган “тинч юришлар” учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Намойишчилар шаҳар марказида жойлашган ерда акция ўтказишни режалаштирган эди, аммо расмийлар бунга рухсат бермади.
“ОВД-Инфо” мустақил нашри берган маълумотларга кўра, 10 август куни тунга қадар Санкт-Петербург шаҳрида 81 намойишчи, Ростов-Дон шаҳрида эса 13 одам қўлга олинган.
Москвада қўлга олишлар рухсат берилган мухолифат намойиши ортидан авж олди. Хабарларга кўра, намойишларда 50-60 минг одам қатнашган.
10 август кунги намойишлар 2011 йилдан бери Россияда ўтказилган энг йирик аксилҳукумат акция, деб эътироф этилмоқда.
Москвада намойишчилар ёмғирга қарамасдан акцияда иштирок этди. Намойиш қатнашувчилари Россия президенти Владимир Путинни “ўғри” деб атаб, “Чекист давлат тугатилсин!” дея ҳайқиришди.
Екатеринбург, Владивосток ва Краснодар шаҳарларида юзлаб одам “бирдамлик акцияларига” чиқди.
Бундан аввал Россия полицияси 27 июль ҳамда 3 август кунлари ўтказилган намойишларда иштирок этган 2,300 дан ошиқ одамни аёвсиз калтаклаб, қўлга олгани хабар қилинганди.
Полициянинг бу ҳаракатини Ғарб давлатлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари кескин қоралади.
Аммо Россия расмийлари сайловда номзодлигини кўрсатмоқчи бўлган мухолифат вакилларига тазйиқни кучайтирмоқда.
Шанба кунги намойиш арафасида полиция таниқли мухолифатчи Любовь Соболь сайлов штабини тинтув қилди, натижада сиёсатчи акцияда иштирок эта олмади. Соболь ниқобли полициячилар бостириб киргани акс этган видеони ижтимоий тармоқларда улашди.
Соболь қўлга олинган пайтда иморат ичида бўлган журналистларнинг айтишича, сиёсатчи “оммавий тартибсизликлар” келтириб чиқариш билан боғлиқ жиноят иши доирасида қўлга олинган. Аммо Соболнинг бу иш доирасида айбланувчи ёки гувоҳ экани номаълум қолмоқда.
Расмийлар 11 нафар россияликни оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбламоқда. 10 августда ўтказилган намойиш қатнашчилари айбланувчилар қўйиб юборилишини ҳам талаб қилди.
Бундан аввал ўтказилган икки акциядан фарқли ўлароқ, 10 август кунги намойишга расмийлар рухсат берди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ташқи кучларни, жумладан, АҚШ элчихонаси ҳамда Германия нашрини намойишларни қўллашда айблади.
Норозилик намойишларига Россия расмийлари Москва шаҳар думаси сайлови олдидан мустақил номзодларни рўйхатга олишдан бош тортаётгани сабаб бўлмоқда.
45 ўринли Москва шаҳри думаси шаҳар бюджети учун масъул бўлиб, унда энг кўп ўринни Кремлпараст “Единая Россия” партияси эгаллаган. Навбатдаги сайлов 8 сентябрга белгиланган.
Сайлов расмийлари 7 август куни Соболь ва бошқа мухолифат номзодларини рўйхатга олишдан бош тортди.
Сайловда номзодини кўрсата олмаган сиёсатчилар орасида мухолифатчи Алексей Навальний асос солган “Коррупцияга қарши жамғарма”нинг беш аъзоси бор. Соболдан ташқари уларнинг барчаси ҳозир қамоқда.
Навальнийнинг ўзи эса россияликларни норозилик намойишларида қатнашишга чорлагани учун 30 кунлик қамоқ жазосини ўтамоқда.
3 август куни Россия Тергов қўмитаси Навальний жамғармаси ноқонуний тарзда маблағ олишда гумонланаётганини, шу сабаб жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Навальний ва унинг шериклари эса жамғарма халқ хайриялари билан иш олиб боришини, ҳеч қандай қонунбузарликка қўл урилмаганини айтиб келади.