Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Маҳалла раиси калтаклаган йигит бир ҳафтадан бери шифохонада ётибди


Камол Искандаров 31 июлдан бери Жондор туман марказий касалхонасида ётибди
Камол Искандаров 31 июлдан бери Жондор туман марказий касалхонасида ётибди

Бухоро вилояти Жондор тумани “Паҳлавон” маҳалласида яшовчи 42 яшар Камол Искандаров уни маҳалла раиси калтаклаганини даъво қилмоқда.

Бир ҳафтадан буён шифохонада даъволанаётган Камол Искандаровнинг иддаосича, маҳалла раиси Аҳад Аҳмедов маст бўлиб уни калтаклагани оқибатида лаби ёрилган ва мияси чайқалган.

Маҳалла раиси Аҳад Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда калтаклаш воқеасини инкор қилмади, бироқ унинг иддаосича, жанжални биринчи бўлиб Камол Искандаров бошлаган.

“Раис уриб тишимни синдирди”

Воқеа 31 июль куни тушдан кейин Жондорнинг “Паҳлавон” маҳалласи ҳудудида содир бўлган.

Жондор туман марказий шифохонасида даволанаётган Камол Искандаровнинг айтишича, у ўша куни маҳалладаги гўшт дўконига савдо қилиш учун кирган пайти маҳалла раиси Аҳад Аҳмедов уни калтаклаган:

Искандаровга кўра, лабининг йиртилган 3 сантиметр жойини жарроҳлик йўли билан тикилган.
Искандаровга кўра, лабининг йиртилган 3 сантиметр жойини жарроҳлик йўли билан тикилган.

- Гўшт олай деб дўконга киргандим. Кирсам маҳалла раиси гўшт олаётган экан. Ичган экан. Қассоб гўштни беради. Олмайди. “Менга катталар ейдиган гўштдан бергин" дейди. Қассоб ҳам кесиб берди. Мен навбат кутиб турувдим. Мен “Раис бува яхши гўшт бердику”, дедим. Кейин қўполлашиб, мени сўкиб, уриб кетди, дейди Камол Искандаров 5 август куни Озодлик билан суҳбатда.

Искандаровга кўра, калтак зарбидан унинг тиши синиб, лаби йиртилган ва мияси чайқалган:

- Биринчи юз қисмимга урди. Бўйним- томоғимнинг тагидан қисиб, лабимга жароҳат етказди. Лабим 3 сантиметрча ёрилган. Кейин одамлар аралашиб айиришди. Мен ташқарига чиқиб, 4-5 қадам юргандим яна менга ташланди. Урганида тишим синди. Орқадан келиб урди, қараган пайтим. Тепди, йиқилиб бетонга тушди бошим. Ётибман шифохонада. Миям чайқалган. Бошимнинг ички қисмига қон уюшиб қолган. Тураман десам, ҳолсизланиб қолаяпман. Рентген қилдирдим, оёғим дарз еган экан, ҳай униси майли. Кейин қовоқ устимга ҳам кўкариш бор эди, у кетди, дейди Камол Искандаров.

Гувоҳлар ҳам тасдиқлади

Воқеага гувоҳ бўлган жондорликлардан бирининг айтишича, ўша кунги жанжалга маҳалла раиси Аҳад Аҳмедовнинг маст бўлгани сабаб бўлган.

“Аҳад ака анчадан бери маҳалла раиси. У билан олдин бунақа воқеа бўлмаган. Ўша куни туғилган куни экан, ичиб олганига шу жанжал бўлди. Бошида “менга яхши гўшт бер”, деб тўполон қилди. Кейин Камол аралашгани учун унга ташланиб кетди. Бир амаллаб ажраштирдик. Кейин қассоб йигит раисни машинасигача ўтказиб қўйди, яна тўполон қилмасин деб. Қассоб ичкарига кириши билан раис яна Камолга ташланди”, дея эслайди исмини очиқламаётганимиз воқеа гувоҳларидан бири.

Маҳалла раиси: "Қасддан, атайлаб қилганим йўқ"

Озодлик "Паҳлавон" МФЙ раиси Аҳад Аҳмедовнинг ўзи билан ҳам боғланди. Аҳмедовга кўра, жанжал Камол Искандаров уни ҳақорат қилгани оқибатида бошланган.

- У менга “Онангни палон қилай, раис бўлсанг ўзингга”, деб ҳақорат қилди. У менга оёғини кўтарди, оёғини кўтарганидан кейин мен ўзимни ҳимоя қилдим... Шу орада кейин йиқилиб, кетдида. Қасддан, атайлаб қилганим йўқ, тепада Худо бор. Ҳеч қанақа боши ё бошқа жойи ёрилмаган, биргина лаби ёрилган. Уни ўзининг олдиндан давлениеси бор экан, ҳозир баҳона қилиб, ётиб олди, деди маҳалла раиси Аҳад Аҳмедов.

47 яшар Аҳад Аҳмедов 8 йилдан бери МФЙ раиси лавозимида ишлаб келаяпти.

У 3 ой аввал “Паҳлавон” МФЙ раҳбарлигига сайланган.

Аҳмедов ҳам, Искандаров ҳам олдиндан ўрталарида бирор адоват ёки низо бўлмаганини таъкидлашди.

Камол Искандаровнинг айтишича, ўша куни у маст бўлмаган ва тиббий экспертизадан ўтказилганда ҳам бу исботланган.

Аҳад Аҳмедов эса маст бўлганини инкор қилди.

Камол Искандаровнинг айтишича, Жондор туман Ички ишлар бўлими ходимлари шифохонага бориб, бўлган воқеа бўйича ундан кўрсатма олишган.

Бироқ воқеа бўйича бирор иш очилган ёки очилмаганидан унинг хабари йўқлигини таъкидлади.

Жондор туман ИИБдан воқеа бўйича бирор изоҳ олиш имкони бўлмади. ИИБ ходими телефон орқали маълумот берилмаслигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG