Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Москвада полиция уч юздан зиёд намойишчини ҳибсга олди


Мухолифат фаоли Соболнинг ушлаб кетилиши
Мухолифат фаоли Соболнинг ушлаб кетилиши

Полиция бир етакчи сиёсий фаол ва 300 дан зиёд норозилик намойишчисини ҳибсга олди.

Бир ҳафта олдин Россия пойтахтида бўлиб ўтган шунга ўхшаш тадбир вақтида полиция қўллаган қаттиқ чоралар оқибатида 1300 дан ошиқ намойишчи қўлга олинган эди.

Ҳукумат Москвада эркин сайлов ўтказилиши талаб қилинган норозилик намойиши чоғида “иғвога йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўриш” ҳақида огоҳлантирган ва полиция махсус қўшинларини шаҳарга жойлаштирган эди.

Хабарларга кўра, 300 дан зиёд киши ҳибсга олинган.

Олдинроқ машҳур мухолифат етакчиси Любовь Соболь иш жойидан чиқиб кетгани учун ушланиб, полиция фургонига олиб борилган эди.

Сентябрь ойида Москва шаҳар Думасига бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиш учун бир қанча мухолифат номзоди рўйхатга олинмагандан сўнг июль ойида пойтахтда бир неча норозилик намойиши бўлиб ўтган эди.

Бир неча номзод таъқиб, ҳибс ва уй тинтувига учради.

Мухолифат вакиллари ҳукуматни намойишчилар билан тўқнашувлар уюштиришга уринаётганликда шаҳар марказидаги корхоналарни бир кун ишламай туришга ёки хавфсизлик чораларини ўзлари кўришга чақирди.

Россиялик мухбир ва шарҳловчи Сергей Пархоменко, “Россия ҳукумати ҳозирча сайловни ҳалол ташкил қилишга қодир эмас... Унинг куч ишлатишдан бошқа иложи йўқ”, деб айтди.

Москва суди 2 августда 4 нафар фаолни 27 июлдаги рухсат этилмаган намойишда қатнашгани учун сентябрь ойи охиригача тергов изоляторида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди.

Икки киши полицияга ҳужум қилганликда айбланмоқда.

Москва шаҳар думасига сайловда қатнашиш учун рўйхатга олинмаган мухолиф ва мустақил номзодлар 3 августда Москва бульвари бўйлаб норозилик юришини режалаштирган эди.

Москва шаҳар думасига сайланадиган 45 депутатнинг анча ваколати бўлиб, улар қонун лойиҳаларини таклиф этиши, 43 миллиард долларлик бюджет қандай сарфланаётганини текшириб туриши мумкин.

Шаҳар мэри идораси 3 августдаги намойиш арафасида 10 ва 11 августда Сахаров шоҳкўчасида 2 марта 100 минг кишилик намойиш ўтказишга рухсат берган эди.

Москва шаҳар хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари Василий Олейник депутатликка рўйхатга олинмаган Денис Шендеровични иккала тадбирнинг ҳам ташкилотчиси деб атади.

Мухолифат етакчиси Алексей Навальний 27 июлдаги рухсат этилмаган намойишга даъват қилгани учун ундан бир кун олдин ҳибсга олиниб, 30 кунга ҳибс этилган эди.

У 28 июль кунги кучли аллергия реакцияси ташхиси билан касалхонага ётқизилди, аммо адвокати билан шахсий врачи Навальний заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Давлат касалхонаси вакили 31 июлда унинг текширув натижалари заҳарланмаганини кўрсатганини хабир қилди.

Human Rights Watch бошқа ташкилотлар қаторида расмий Москвани 27 июлдаги норозилик намойиши иштирокчиларига нисбатан керагидан ортиқча куч ишлатишда айбламоқда.

Ҳукуматнинг кучли қуролли жавоби россияликларга одамлар кўчага эркин ва одил сайлов ўтказишни қанчалик тинч талаб қилиб чиқмасин, барибир бунинг оқибати яхши бўлмаслигидан огоҳлантириш бўлди, ‒ деди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бошқармаси директори Ҳю Уиллиамсон 29 июлда тарқатган баёнотида.

XS
SM
MD
LG