Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:45

Могерини: Ўзбекистонда ЕИ билан ҳамкорликни яхшилашга иштиёқни кўрдим


ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. (Бишкек. 7 июль, 2019 йил)
ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. (Бишкек. 7 июль, 2019 йил)

7 июлда Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган “Марказий Осиë-Европа Иттифоқи” форматидаги учрашувда иштирок этган Еврокомиссиянинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий комиссари Федерика Могерини Ўзбекистонда ислоҳотларга иштиёқ ва мамлакатни яхшилаш борасидаги интилишларга гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Ушбу учрашув арафасида саккизта халқаро ташкилот Могеринига умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод қилиш масаласида мурожаат қилган эди.

Могерини Азимжон Асқаров масаласи Қирғизистон ҳукумати билан муҳокама қилинаётганини ҳам билдирди.

Могерини: Ўзбекистон- ислоҳотлар борасида самимий

7 июль куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашувида иштирок этган Еврокомиссиянинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий комиссари Федерика Могерини Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, учрашувда “Ўзбекистон – Евроиттифоқ” алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш мақсадида ЕИ билан самарали ва конструктив ҳамкорлик қилишга қатъий содиқ”лигини таъкидлаган.​

Федерика Могерини. Бишкек. 7 июль. 2019 йил
Федерика Могерини. Бишкек. 7 июль. 2019 йил

Айни пайтда Бишкекда Озодлик мухбирлари саволларига жавоб берган Могерини ҳам Ўзбекистонда ЕИ билан ҳамкорликни яхшилашга иштиёқ кўрганини таъкидлади:

- Мен сўнгги йилларда Ўзбекистонга 2 марта сафар қилдим ва бир нарсага шоҳид бўлдимки, бунга ўхшаш сафарлар давомида ушбу мамлакат ватандошлари билан учрашиш вақт нуқтаи назаридан жуда чекланган бўлади. Лекин мен кўрган нарса чин маънодаги қатъият бўлди. Ташқи дунёга очилиш, вазиятни яхшилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш ва кучайтириш – булар барчаси менга самимий бўлиб туюлди. Жуда яхши биламизки, биз билан кенг қамровли ҳамкорликнинг асосини ҳам доим инсон ҳуқуқи ва очиқ жамиятлар борасида чин маънода қўйилаётган қадамлар ташкил қилади. Мен Ўзбекистонда бошқа тарафдан, мамлакатни чуқур ислоҳ қилиш истагидай ўзгаришни аниқ-тиниқ кўрдим.

Могерини: Азимжон Асқаров масаласини муҳокама қилаяпмиз

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Бишкекда ўтган учрашуви арафасида саккизта халқаро ташкилот Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могеринига ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод қилиш масаласида мурожаат қилди.

Азимжон Асқаров суд залида.
Азимжон Асқаров суд залида.

​Могерини Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон ҳукумати билан Азимжон Асқаров масаласи муҳокама қилинаётганини билдирди.

- Икки тарафлама учрашув давомида суд тизими мустақиллигига умумий эътибор бериш, хусусан, сиёсий жиҳатдан нозик бўлган ишларни кўриб чиқишдаги шаффофликни муҳокама қилар эканмиз, бу масалани ҳам муҳокама қилдик, деди Могерини.

Amnesty International, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Хьюман Райтс Вотч, Front Line Defenders, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ва Норвегия Хельсинки қўмитаси каби саккизта нуфузли ташкилот 1 июль куни эълон қилган баёнотда Азимжон Асқаров ноқонуний, адолатсиз ва ноҳолис судлов ортидан 9 йилдан бери қамоқда ўтиргани алоҳида таъкидланган.

Федерика Могерини Марказий Осиë Ташқи ишлар вазирлари билан Бишкек учрашувида.
Федерика Могерини Марказий Осиë Ташқи ишлар вазирлари билан Бишкек учрашувида.

Могерини: ЕИ Марказий Осиёни “кучли ва барқарор” кўришни истайди

Федерика Могерини Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини юқори баҳолашини таъкидлади:

- Икки тарафлама ҳамкорликда ечилиши лозим масалалар бор. Европа Иттифоқининг ёрдами ҳеч қачон минтақа давлатларини бўлишни, улар ўртасидаги фарқларни суиистеъмол қилишни кўзламаган. Аксинча, уларни ўзаро фарқлардан ошиб ўтиб, бирга ишлашларини кўзлаб келамиз. Шундай экан, биз таклиф қилишимиз мумкин бўлган нарса, одатдагидек, савдо, иқтисодий сармоялар, ривожланиш масаласида ҳамкорлик. Биз минтақада кўплаб умумий бўлган лойиҳаларни молиялаштирамиз. Бундан ташқари, иқтисодий ислоҳотларни, ўзаро ҳамкорликни қўллаймиз.

Могерини Озодлик билан суҳбатда Европа Иттифоқининг яширин мақсадлари йўқлигини айтиб, «шаффоф ва ишончлимиз» дея таъкидлади:

- Уларга (минтақа давлатларига) ҳамма фаолиятимиз маъқул келмаслиги мумкин, айниқса инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги қайсидир маънода ҳали ҳам ўтиш даврида бўлган бундай давлатлар учун оғир келиши мумкин. Аммо улар нима кутишни биладилар. Ўйлайманки, улар шаффоф, очиқ, ишончли эканлигимизни яхши баҳолайдилар. Ва биз ҳамкорлик қилишга тайёр турамиз, деди Могерини.

Еврокомиссия мулозими Могерини туркман расмийлари билан учрашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Туркманистон - ЕИ офиси очилмаган Марказий Осиёдаги ягона давлат

Федерика Могерини Марказий Осиёга сафарини Туркманистондан бошлади.

Могерини ўз ташрифи давомида Ашхободда янги вакиллик очилишида қатнашди. Вакилликда тўлиқ делегация статуси бўлади.

- Қолган тўрт давлатда Европа Иттифоқи делегациялари бор. Европа Иттифоқи кейинги беш йил ичида Марказий Осиё минтақаси билан кучли ҳамкорлик ўрнатди. Барча беш давлатда тўлиқ дипломатик делегацияларга эга бўлиш ишимиз давомийлигини таъминлашга кўмаклашади. Биз ҳар йили вазирлар учрашувларини ўтказамиз, минтақада тинмай айланиб юрувчи махсус вакилимиз ҳам бор. Аммо барча беш республика пойтахтида Европа Иттифоқининг доимий элчисига эга бўлиш бизга ижобий қадамларни ёки муаммоларни кундалик равишда кузатиб бориш имконини беради, деди Могерини Озодлик билан 7 июль кунги суҳбатда.

XS
SM
MD
LG