Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

“Электрокимёзавод”нинг 800 ишчиси 4 ойдан бери маош олмаяпти


Бу ва мақоладаги бошқа аксар суратлар ширкат сайти -elkimyo.uz дан олинди.
Бу ва мақоладаги бошқа аксар суратлар ширкат сайти -elkimyo.uz дан олинди.

Ўзбекистондаги кимё соҳаси бўйича энг йирик ширкатлардан бири - Навоий шаҳридаги “Электрокимёзавод” ишчилари 4 ойдан буён ойлик берилмаётганидан шикоят қилишди.

Озодликка боғланган ишчилар иддаосига кўра, маошини талаб қилган ишчилар мажбурий равишда ўз ҳисобидан таътилга чиқарилмоқда.

“Электрокимёзавод” мулозимлари ойлик кечикишини ширкатнинг молиявий муаммолари билан изоҳлашди.

Мулозимларга кўра, қарздорлик катталиги боис, ширкатнинг ҳисоб рақамлари ёпиб қўйилган.

“4 ойдан бери ойликсиз ишлаяпмиз”

Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб исмини очиқламаслик шарти билан

Озодликка боғланган “Электрокимёзавод” ширкатининг ишчиси март ойидан буён ойлик маошини олмаётганидан нолиди.

“Март ойи ойлигимизнинг фақат 30 фоизини беришган. Март, апрель, май ва мана июнь ойликларимизни беришмаяпти. Ойликларимиз 100 фоиз пластик картага ўтказилади. Ўзи кейинги бир йил ичида ҳеч ойлигимизни тўлиқ олмадик. Ҳар икки ойда бир марта ойликнинг 50 фоизини пластикка ўтказиб беришарди. Қачон ойлигимизни тўлиқ олганимизни эслай ҳам олмайман. Масалан, ойлик 800 минг сўм бўлса, шундан 400 минг сўмини ҳар икки ойда бир марта картага ташлаб беришаётганди. 4 ойдирки, шу пул ҳам йўқ. Ишчиларнинг ҳаммаси жуда қийналиб кетишди”, деди “Электрокимёзавод” ишчиси.

“Ишчиларни мажбурий таътилга ҳайдашди”

Бошқа бир ишчининг иддасича, ойлик маошларини талаб қилган ишчиларни раҳбарият мажбурий таътилга чиқариб юборган.

“Бизнинг цехдагилар раҳбарларга чиқиб, ойликни талаб қилишганди.

151-цех. Ишчилар жўнатган сурат
151-цех. Ишчилар жўнатган сурат

Ҳаммамизни без содержания қилиб, таътилга чиқаришди. 1,5 ойдан бери уйда ўтирибмиз. Бу таътил яна қанча давом этиши ҳам номаълум”, деди исмини сир сақлашни сўраган ишчи йигит.

Ширкатнинг суперфосфат ишлаб чиқарувчи 151-цехида ишлашини айтган ишчига кўра, заводдаги кўплаб цехлар 1,5 ойдан бери ёпиб қўйилган.

“038-цех ёпилди. Оҳах цехи, шовуч цехи ҳам ишламаяпти. Ишчиларнинг ҳаммаси ўз ҳисобидан таътилда. Фақат биз ишлаяпмиз. Суперфосфатни Тожикистон билан шартнома қилишган. Шунинг учун бизнинг цехни ёпишмаяпти. Кеча ҳам Тожикистонга 4 та вагон суперфосфат жўнатиб юбордик. Тожикистон пулини туширганми -йўқми, билмадим, лекин бизга ойлик бермаяпти”, дейди 151-цех ишчиси.

“Ойлик берилмаётгани ҳақиқат”

“Электрокимёзавод”нинг Озодлик боғланган мулозимлари ишчиларга ойлик берилмаётганини тасдиқлашди.

“Ойлик берилмаётгани тўғри. Бу ҳақиқат. Чунки счётларимиз ёпиб қўйилган. Қарзимиз бор солиқдан. Вазият шунақа бўлиб қолди. Пул муаммо бўлиб турибди. Анув куни Тожикистон 100 минг доллар тушириб берди. Бу пулдан кредитга берилди. Ширкатга 5 миллиард сўм кредит олинган. Шунинг процентини бердик. Мажбурий ижро 150 миллион сўмини олди. Қолган пулни ўзимизга беришди. Хом ашё ва бошқа зарур ҳаражатлар учун сарфладик. Ойликка барибир етмаяпти”, деди лавозимидан айрилиш хавфи боис исмини очиқламасликни сўраган мулозим.

Раҳбарият янгиланди, бироқ молиявий муаммо ҳал бўлмади

Ширкат мулозимларига кўра, жорий йилнинг май ойида молиявий муаммони ҳал қилиш мақсадида ширкатдаги деярли барча мулозимлар ишдан ҳайдалиб, улар ўрнига янги раҳбарлар қўйилган.

Бироқ ҳозирча янги раҳбарият вазиятни ўнглай олмаётганини айтади мулозим.

“Раҳбарият тўла ўзгарди. Қайси цехда иш кам бўлса, вақтинча иш фаолиятини тўхтатди. Ойлик талаб қилганларни жазолашди дегани нотўғри. Ишчиларни без содержания қилдик. 1,5 ой бўлди. Ҳозирча молиявий муаммомиз ҳал бўладиганга ўхшамаяпти. Шунинг учун цехлар қачон қайта иш бошлашини ҳам айта олмаймиз”, деди ширкат мулозими.

Муаммо сабаби?

“Электрокимёзавод” мулозими Озодлик билан суҳбатда ширкат юз тутаётган молиявий муаммолар сабабини қуйидагича изоҳлади:

“Аввалги йиллари ширкатда бу қадар муаммо бўлмаган. Ойликнинг 1, 2 ойга кечикиш ҳолатлари бўлган. Бироқ ҳозиргидай вазиятга илк бор

дуч келаяпмиз. Сабаби ўтган йили қишлоқ хўжалиги анча оқсади. Шунинг учун тўловлар кечикди. Фермерлар пахта планини бажара олмади. Агрохимия каби ташкилотлар фермерлардан пулини ололмади ва ўз навбатида улар бизнинг пулимизни бера олмади. Шунинг ҳисобига иқтисодий муаммо кучайиб кетди”, деган мулозим ширкатнинг қарзига оид рақамларни очиқлай олмаслигини билдирди.

1971 йили асос солинган “Электрокимёзавод” 1996 йилдан буён Ўзбекистон-Панама қўшма корхонаси сифатида фаолият юритмоқда.

Навоий шаҳри ҳудудида жойлашган ушбу ширкат қишлоқ хўжалигини кимёвий воситалар билан таъминлашга қаратилган. Ширкат маҳсулотларининг асосий харидорлари Ўзбекистондан ташқари Тожикистон ва Қозоғистон ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG