Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

ЮНЕСКО хулосаси олинмасдан, Самарқандда қурилиш бўлмайдиган бўлди


ЮНЕСКО Самарқандни Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқармоқчи экани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг “Юксалиш” ҳаракати Самарқанд ҳокимлигига ЮНЕСКОнинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ишларини бошламаслигини айтди.

28 июнь куни Озодлик “ЮНЕСКО Самарқандни Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқармоқчи” сарлавҳали мақола эълон қилганди.

Мақолада Самарқанднинг тарихий қисмига ëндош буфер зонада уйлар, меҳмонхоналар ва бошқа бинолар қурилаётгани ва бу маданий қийматга эга тарихий биноларга зарар етказаётгани таъкидланди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари вазиятни ўрганиш мақсадида 28 июнь куни Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда ҳаракат расмий сайтида хабар қилинди.

Хабарга кўра, ҳаракат вакиллари қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган ҳудудда вилоят ҳокимлиги вакиллари билан учрашиб, ҳокимликка ЮНЕСКОнинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ишларини бошламаслигини айтган.

ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси қўмитаси тарқатган ҳужжатда таъкидланишича, 2022 йилда ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг Самарқандда янги меҳмонхоналарни ва кўп қаватли биноларни қуриш режаси ташвиш уйғотмоқда.

“Юксалиш” вакиллари ЮНЕСКО ҳисоботида кўрсатилган тарихий объектлар, жумладан шаҳарнинг тарихий қисмига туташ ҳудудлар — Намозгоҳ жоме масжиди атрофи, Ибн Сино кўчасидаги бинолар, “Registon Plaza” меҳмонхонаси, “Афросиёб” меҳмонхонаси каби объектларда ҳозирги вақтда хеч қандай қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланмаганини аниқлаган.

“Шундай бўлсада шаҳар ҳокимияти томонидан ушбу ҳудудларда ҳақиқатдан ҳам кўпқаватли янги бинолар барпо этилиши режалаштирилмоқда”, дейилади ҳаракат хабарида.

Озодлик ЮНЕСКО экспертларига шу кунгача Самарқанд-Сити ва бошқа қурилишлар лойиҳасига оид ҳужжатлар тақдим этилмагани ҳақида ёзди.

Вазиятни ўрганган “Юксалиш” вакиллари ҳам ушбу лойиҳаларнинг ЮНЕСКОга тақдим этилмаганини тасдиқлайди.

"Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги 435-сонли қарор талабига кўра "Самарқанд шаҳар тарихий қисмидаги ҳар бир қурилиш режаси ҳақида Жаҳон маданий мероси қўмитасига маълумот берилиши" шарт.

Жаҳон маданий мероси қўмитаси Самарқанд юзасидан 2008 йилдан бери ташвиш билдириб келади. Қўмита ЮНЕСКО марказий кенгашига Самарқанднинг тарихий қисмини сақлаб қолиш масаласини кучлироқ назорат остига олиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Самарқанд шаҳрида бошланган кенг кўламли қурилишлар оқибатида ЮНЕСКО тарафидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бир нечта иморат бузилган. Воқеа жойига бориб кўрган журналист ва санъатшуносларнинг Озодликка айтишича¸ гап ЮНЕСКО тарафидан 2001 йилда “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” деган ном остида қўриқланиши шарт бўлган обидалар рўйхатига киритилган Европа услубидаги бинолар ҳақида кетмоқда.

"Юксалиш" ҳаракати Жаҳон мероси қўмитасининг Озарбайжон пойтахти Бокуда 30 июндан 10 июлгача ўтадиган 43-сессияси​да Самарқанд билан боғлиқ вазият ижобий ечим топишига умид билдирган. ​

XS
SM
MD
LG