Россияда жамоатчилик эътиборини тортган жиноий ишлардаги кутилмаган ўзгаришлар Кремль режалари ҳақида савол туғдирмоқда.
Россияда таниқли журналистга қўйилган айбловлар бекор қилинди, Чеченистонда инсон ҳуқуқлари фаоли озодликка чиқарилди, мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ёрдамчиларидан бири қамоқ муддатининг ярмини ўтаб бўлганидан кейин қўйиб юборилди.
Сиёсий асосга эгалигига ишониладиган жиноий ишлардаги бу каби кутилмаган ўзгаришлар россияликларни ҳайратга солди. Бу ўзгаришлар шунчаки тасодифми, ёки Владимир Путиннинг 20 июнь кунги “Жонли линия” матбуот анжумани арафасида президент имижини яхшилашга қаратилган уринишларми?.
Таҳлилчилар фикрига кўра, аслида буларнинг ҳар иккиси қисман тўғри бўлиб, Россияда ҳақиқий ижобий ўзгаришларни кутиш мумкин ёки йўқлиги қоронғилигича қолмоқда.
Ҳар йили Путин “Жонли линия” деб номланувчи тўрт соатлик шоу давомида русларнинг элакдан ўтган саволларига жавоб беради.
Анжуман давомида Путин оддий аҳолига меҳр-мурувватли ва донишманд, эзгу ниятли царь сифатида кўрсатилади.
Юқорида айтиб ўтилган жиноий ишлардаги ўзгаришлар кейинги йилларда оддий аҳоли кенг илдиз отган қонунсизлик ҳамда қонунбузарликларга қарши курашишга чорлаб Россия расмийларига ўтказаётган босимдан далолат беради.
Энг кутилмаган ўзгаришлар Латвияда жойлашган “Медуза” нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов ишида содир бўлди. Журналист 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган эди. Бунинг ортидан Москвада минглаб одам журналистга қўйилган айбловлар сохта эканлигини ва унинг қўйиб юборилиши талаб қилиб норозилик намойишига чиқди.
Натижада 11 июнь куни Голуновга қўйилган айбловлар бекор қилиниб, у озодликка чиқарилди. Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлди, Путин эса вазир ишдан бўшатишни тавсия қилган икки Москва расмийсини лавозимидан четлатди.
18 июнь куни Навальний ёрдамчиларидан бири Леонид Волков 15 кунлик қамоқ жазосини ярмини ўтаб бўлган бўлишига қарамасдан, озодликка чиқарилди. Волков ўтган йилда пенсия ёши кўтарилишига қарши намойиш уюштиргани учун қамалган эди.
Ундан бир кун аввал эса Санкт Петербург суди газета муҳаррири Игорь Рудниковга қўйилган тамагирлик айбловини бекор қилиб, уни озодликка чиқарди. Муҳаррир ҳамкасбларининг айтишича, Рудников юқори лавозимли терговчи ҳақида ёзган материаллари учун сохта айбловлар билан қўлга олинган эди.
Голунов озодликка чиқарилишидан бир кун олдин эса Чеченистоннинг Шали туман суди ҳуқуқ фаоли Оюб Титиевни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Чеченистон бўлимини бошқарган 61 ёшли Титиев 2018 йилда “автомашинасидан наркотик модда топилди”, деган айблов билан тўрт йилга қамалган эди. Титиевнинг ҳамкасблари ҳукм сиёсий сабабларга кўра чиқарилган, деб ҳисоблашади.
“Панжара ортидаги Русь” (“Русь сидяшчая”) инсон ҳуқуқлари ҳимоя гуруҳига етакчилик қилувчи Ольга Романова сўзларига кўра, юқорида тилга олинган ва бошқа шунга ўхшаш жиноий ишлар Россия суд тизими ҳамда ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги ўзбошимчалик ва зўравонликдан далолат беради.
Бу орада Россияда Путиннинг рейтинги тобора пастлаб бормоқда. Буни ҳатто ҳукумат молиялаштирувчи тадқиқот ташкилоти ВЦИОМ ҳам рад эта олмади.
Россия маъмурияти олдида бошқа муаммолар ҳам бор. Россия иқтисоди оқсоқлашда давом этмоқда, ойликлар ўсиши секинлаган, январь ойида эса қўшилган қиймат солиғи оширилди. Ўтган йилда ҳукуматнинг пенсия ёшини кўтариш режасига қарши минглаб одам норозилик намойишига чиқди.
Аммо кутилмаганда ижобий томонга ўзгарган жиноий ишлар сони саноқлидир. Кремль ўз позициясини ўзгартирмай келаётган жиноий ишлар сони кўп. Булар орасида Сармоя жамғармалари менежери, америкалик Майкл Калви ишини мисол ўлароқ келтириш мумкин.
Baring Vostok сармоя ширкати асосчиси Калви Россиядаги энг таниқли хорижлик сармоячиларнинг бири бўлиб, жорий йилнинг февраль ойида Калви молиявий жиноятларда айбланиб, қўлга олинди. Ҳозир у уй қамоғида ушлаб турилибди.
Калви ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади. Калви ва унинг ҳамкасбларининг қўлга олиниши Россияда тадбиркорлик қилиш билан боғлиқ таҳдидларга яна эътибор қаратди. Калви Санкт-Петербургда Россиянинг глобал сармоячилар иштирокида ўтказиладиган энг йирик ва энг машҳур йиғини бўлмиш Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок эта олмади. Бундан ташқари, АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Ханстман ҳамда бошқа АҚШ расмийлари ва айрим сармоячилар форумни қисман Калви қўлга олингани учун бойкот қилди.