Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

Айланма эшиклар, кўринмас қўллар: янги Ўзбекистонда давлат ва хусусий сектор қандай бирлашмоқда?


Кристиан Ласслет

Коррупциялашгани билан танилган Ўзбекистон давлати ўзини ислоҳ қилишга уринаётган бир пайтда янги суриштирувлар давлат ва хусусий сектор хусусийлаштириш ташаббуслари доирасида қандай бирлашаётганини кўрсатмоқда. Бу эса юқори доиралардаги манфаатлар тўқнашуви борасида жиддий хавотирлар уйғотади.

2016 йилда президент Ислом Каримов вафот этиб, унинг ўрнига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг Ўзбекистоннинг янги ҳукумати иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар йўлини танлади ва бу кенг жамоатчилик эътиборини қозонди. Моҳиятан, бу Каримовнинг 27 йиллик қаттиққўл сиёсати натижасида юзага келган тизгинсиз коррупцияни чеклашга уриниш ҳисобланади.

Ўзбекистонда компаниялар анъанавий равишда ўз эгаларининг сиёсий қудрати асосида имтиёз ёки таъмагирликдан ҳимояланиш имкониятидан фойдаланиб келади. Гўёки барча корхоналар бозор шароитида тенг экани айтилса-да, ўзбек давлатининг кўринмас (ёки ношаффоф) қўли уларнинг айримлари бошқаларга нисбатан “тенгроқ” бўлишини кафолатлайди.

Шаклланиб келган бундай анъанавий амалиёт салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки Каримовнинг меросхўри бўлмиш президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг бу давлатидаги тадбиркорлик муҳитига янгича қиёфа бахш этмоқда.

Мирзиёев ҳукумати ҳозирги кунда хусусийлаштиришнинг жадал дастурини жорий этган ҳолда маъмурий аралашувларни камайтирмоқда ва халқаро молия институтларининг инвестицияларини жалб этмоқда.

Қатор расмий фармонлар асосида Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий секторлари хусусийлаштирилмоқда, корхоналарга солиқ таътиллари, божхона имтиёзлари, давлат активларини ноль қийматда харид қилиш, кредитларни субсидиялаш ва монопол ҳуқуқ кабилар тақдим этилмоқда. Шу билан бирга, бундай сезиларли имтиёзлар беришнинг мезонлари, муҳокама ёки жараёнлари ношаффофлиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистондаги масъулият чекланган жамият шаклидаги компаниялар очиқ ҳисобдорликка оид минимал талаблар ва суст норматив назорат остида ишлаётгани, улар назоратсиз қолиш учун оффшор юрисдикциядан қўшимча чора сифатида фойдаланаётгани вазиятни янада чигаллаштиради.

Мамлакат пойтахти Тошкентни Мирзиёев режими тажриба майдони учун асосий жой сифатида танланди. Бу тажрибани ўтказиш шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев зиммасига юкланди.

Ортиқхўжаев ва у яратган бизнес империя Мирзиёев тасаввуридаги бизнес учун очиқ, тадбиркор ва халқаро даражага чиқишга интилаётган Ўзбекистоннинг тимсоли ҳисобланади.

Айнан шунинг учун Power Briefs | Марказий Осиё муҳаррирлари очиқ манбалардан олинган маълумотлар асосида суриштирув ўтказиш услубини қўллаган ҳолда тайёрланган янги репортажлар сериясининг биринчи сонида Ортиқхўжаевга эътибор қаратишга қарор қилди. Ушбу мақола мутлақо айни шу суриштирувга асосланган.

Бошидан бошлаймиз

«Акфа» ва «Артель» компаниялари орқали фаолият юритувчи бизнес империя ортида турган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзиёев даврида жуда тез суръатда сиёсий қудратга эришди. Ортиқхўжаевнинг сиёсий иқтидори эвазига Ўзбекистон давлат аппаратининг сезиларли қўллови ортидан «Акфа-Артель» гуруҳи куч тўплай бошлади.

Бу бизнес империя ортида масъулияти чекланган жамият шаклидаги компаниялар, масъулияти чекланган ширкатлар ва Шотландиянинг масъулияти чекланган ширкатларидан иборат улкан трансмиллий ҳуқуқий тузилма турибди. Мазкур тармоқнинг ўта ношаффофлиги унинг бенефициар ҳуқуқий эгасини ёки эҳтимолий сиёсий таъсирини аниқлаш имкониятини йўққа чиқаради.

Power Briefs мухбирлари 2019 йил февраль-март ойида ўтказилган суриштирувлар давомида кўп сонли очиқ маълумотлар ва бизнес порталлардан олинган ахборотларни таққослади ва тизимлаштирди. Мазкур маълумотлар «Акфа-Артель» гуруҳининг яқин ойлардаги қатор ютуқлари асоси бўлиб хизмат қилган тузилмалар ва қонунларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш имконини берди. Бу эса Мирзиёев ҳукумати олдида турган оғир вазифалар асосида ётган кўплаб муаммоли вазиятларни аниқлаштирди.

Бу муаммолар манфаатларнинг жиддий тўқнашуви ва шаффофликнинг сезиларли даражада йўқлигига боғлиқ. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти фикрича, булар Ўзбекистондаги антикоррупцион ислоҳотлардаги тўсиқлардан биридир

Кўп ҳолларда ҳоким Ортиқхўжаев ўзи, хотини ва бизнес ҳамкорлари шахсий манфаатдор бўлган давлат-хусусий ташаббусларида ваколатларга эга бўлгани аниқланди. Бу лойиҳалар давлат томонидан сезиларли даражада молиялаштирилади. Аёнки, бу ҳолатларда манфаатлар тўқнашуви инобатга олинмаган.

Бу давлат-хусусий келишувлари очиқ ва рақобатли тендер жараёнларисиз тузилган. Ўзбекистонда ахборот очиқлиги тўғрисида ажойиб қонунлар борлигига қарамай, ҳатто умумий маълумот олиш ҳам жуда қийин кечди.

Аммо ҳаммаси ҳам ёмон янгиликлар эмас. Суриштирувлар натижалари акс этган ёзишмалар 2019 йил апрелда барча асосий манфаатдор томонларга жўнатилганида давлат органлари ва хусусий сектор субъектлари қийин масалаларни ўзаро ҳамкорлик руҳида ҳал этганига оид узоқ кутилган муждалар бор.

Мазкур ўзаро ҳамкорлик жараёни асосида Ўзбекистоннинг очиқ (ошкора) давлат қуришга тайёрлиги тобора кучайиб бораётгани ётади. Бу эса янада ишончли далиллар тўплашга имкон беради.

Бу муҳим ютуқдир ва мураккаб масалалар ечимини топиш борасидаги кескин курашни сусайтирмаган ҳолда уни қўллаб-қувватлаш керак.

Бу ўринда асосий эътибор Тошкентда авж олган қурилишлар натижасида юзага чиқаётган аниқ муаммоларга ва ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимини хусусийлаштириш бўйича кўраётган чора-тадбирларга қаратилган. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам «Акфа-Артель» сезиларли улушга эга.

Тошкентда авж олган қурилишлар пойдевор бўлган можаролар

Сўнгги икки йилда Тошкент марказидаги улкан қурилиш ишлари шаҳар аҳолиси, олимлар ва фуқаролик жамиятининг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда. Бундай қурилишлардан бири – «Тошкент сити» ўзининг кўлами ва юзага келган можаролар сабаб алоҳида эътиборга лойиқ.

Тахминий қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган “Тошкент сити” лойиҳаси эҳтимол Ўзбекистон тарихида давлат ҳомийлигидаги энг йирик кўчмас мулк қурилишидир. Тошкент марказидаги 80 гектардан ортиқ майдонда амалга оширилаётган бу лойиҳа президент Мирзиёев ва унинг ҳукумати томонидан махсус дирекция орқали фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу дирекция сармоядорларни жалб этиш ва лойиҳани қурилишидан бошлаб то якунлангунгача бошқариш учун масъул ҳисобланади.

Фуқаролик жамияти, жумладан, Open Democracy суриштирувлари шубҳали хорижий инвесторлар, жамоатчилик учун очиқликнинг йўқлиги ва мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида бу ердан кўчирилган аҳолининг ҳуқуқлари жиддий бузилганлигига оид далилларни аниқлади. Умуман, булар Мирзиёев ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар обрўсига путур етказди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев, жумладан, “Тошкент сити” лойиҳасининг амалга оширилиши ва кейинги можароларда марказий ўрин тутди. 2017 йилда Ортиқхўжаев лойиҳа ижросига масъул дирекция раҳбарлигига, кейин эса Тошкент ҳокимлигига тайинланди.

ОpenDemocracy учун аввалги мақоламда ҳокимнинг ижтимоий роли ва «Акфа-Артель» гуруҳи билан боғлиқ компаниялар ва хусусий шахслар орқали «Тошкент-сити» давлат-хусусий ташаббуси воситасида намоён бўлган шахсий манфаатларига оид жиддий масалаларга тўхталиб ўтган эдим.

Маълумотларни тўплашнинг янги услублари ва таҳлилларидан фойдаланилганидан кейин бу шубҳалар янада кучайди.

Масалан, «Тошкент сити» қурилишида таклиф этилаётган саккизта лот мавжуд. Лойиҳа веб сайтида 2018 йилда эълон қилинган ва кейинчалик бир қисми ўчириб ташланган маълумотларга кўра, 1, 5, 7 ва 8-лотлар қурилишини бошқариш учун бош шартномалар «Discover Invest» МЧЖ компанияси билан тузилган.

2019 йил март ойида ўрганилган корхоналарнинг давлат реестридаги маълумотларига кўра, «Discover Invest» МЧЖ акцияларининг 86,18 фоизи қонуний асосларда Аброр Ғаниевга тегишлидир.

Ўша ойдаёқ Аброр Ғаниев «Акфа» гуруҳи раиси этиб тайинланди.

Ўзбекистон корхоналарининг расмий реестридаги корпоратив маълумотларга кўра, Аброр Ғаниев Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан биргаликда тўртта компанияга эгалик қилади. Бундан ташқари, реестрга кўра, Ғаниев «Акфа-Артель» гуруҳидаги камида учта компаниянинг хўжайинларидан бири бўлиши эҳтимоли бор.

«Discover Invest»нинг юридик манзили 100 фоиз Тошкент ҳокимига қарашли бўлган «J-United Group» компанияси манзили билан бир хил. «J-United» Ортиқхўжаев томонидан Ўзбекистондаги бизнес манфаатлари учун фойдаланилаётган асосий воситадир.

Яна бир мисол. Дирекция томонидан «Тошкент сити»нинг 1-лоти хорижий инвестори сифатида тақдим этилган инвестор «High Land City» МЧЖ ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг бизнес реестрига кўра, бу компаниянинг энг йирик акциядори Исмоил Исроиловдир ва у компаниянинг 81,24 фоиз акциясига эгалик қилади.

Бизнес реестрда Исроилов «Akfa Engineering and Management» компанияси менежери сифатида кўрсатилган. 2019 йил март ойида ўтказилган суриштирувлар натижаларига кўра эса бу компания тўлиқ Ортиқхўжаевга тегишлидир.

Бу суриштирувлар Исроилов Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан биргаликда камида тўртта компаниянинг хўжайини эканини ҳам кўрсатди. Шунингдек, у «Акфа-Артель» гуруҳи билан боғлиқ олтита компаниянинг ягона акциядори ва Аброр Ғаниев билан биргаликда камида тўртта компаниянинг эгаси ҳисобланади.

Ўзбекистон бизнес реестридаги маълумотлар хорижий инвесторлар «High Land City» МЧЖда жуда кам улушга эгалигидан дарак беради. «Хорижий» миноритар акциядорлар сирасига «Techno Continental» (8,19%) ва «Next Generation Product» (8,17%) киради. Ҳар икки компания ҳам оффшордаги номаълум воситачи орқали расмийлаштирилган.

Масалан, «Techno Continental» юз фоиз Англиядаги «Wynex Innovation» масъулияти чекланган ширкатига тегишлидир. 2015 йилда маълум қилинганидек, бу ширкат Artel бренди остида маиший техника ишлаб чиқарувчи «Infinity Electronics» билан бирга ташкил этилган 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги қўшма корхонаҳисобланади.

«High Land»нинг бошқа бир миноритар акциядори – «Next Generation Product»нинг акциялари Буюк Британия ва сингапурлик оффшор воситачиларга тегишли. «Next Generation Product»нинг расмий электрон манзили – @artelgroup.org.

Учта оффшор компаниянинг бирортаси бенефициар эгаларини эълон қилишга мажбур эмас. Шунинг учун бу компаниялар кимга тегишли эканини аниқлаш имконсиз .

Тошкентда Исроиловнинг бошқа корпоратив манфаатлари ҳам бор. «Durable Beton» масъулияти чекланган ширкати (МЧШ) бир йилдан камроқ ишлаётганига қарамай, давлат томонидан молиялаштирилаётган жуда кўп қурилиш лойиҳаларига бетон етказиб бераётгани билан фахрланади. Компаниянинг реклама материалларида «Тошкент сити» муҳим ўрин тутади.

«Durable Beton» МЧШнинг ҳужжатлари 2019 йил март ойида бизнес реестр орқали текширилганда компаниянинг 100 фоиз акциялари Исмоил Исроиловга тегишли эди.

Агар «Тошкент сити»нинг 5-лотига эътибор қаратсак, «Акфа-Артель» билан янада тиғиз боғлиқликни кўрамиз. Hilton бренди остидаги ҳашаматли меҳмонхона ҳам кирадиган Тошкентдаги бу лотнинг акциядори «Akfa Dream World» ҳисобланади.

Афсуски, компанияларнинг бизнес реестри профилига кириш учун солиқ тўловчининг идентификация рақами талаб этилади. Бу эса реестрдан Ўзбекистонда фаолият юритаётган компаниялар тўғрисидаги асосий маълумотларни олишда жамоатчиликнинг имкониятларини сезиларли даражада чеклайди. Айрим ҳолатларда очиқ чиқиш кодига эга реестрлардан солиқ идентификацияси рақамини олиш мумкин. Аммо юқоридаги вазиятларда бунинг имкони йўқ. Қайд рақамини сўраб “Акфа” гуруҳига қилинган мурожаатга жавоб олинмади.

Шунга қарамай, бир акциядорлик жамиятининг эълон қилинган корпоратив маълумотлари «Perfect Plast Profil» «Akfa Dream World»нинг 20,4 фоиз акцияси эгаси эканидан дарак беради. «Perfect Plast Profil» рўйхатдан ўтказилган манзил юз фоиз Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган «Techno Profil» компаниясиники билан бир хил.

Бироқ «Perfect Plast Profil»нинг акциялари 2016 йил 13 апрелда рўйхатдан ўтказилган Шотландиянинг «Esperansa Group LP» масъулияти чекланган ширкатига тегишлидир.

Шаффофликни ошириш мақсадида яқинда амалга оширилган ислоҳотларга мувофиқ, Шотландиянинг масъулияти чекланган ширкатлари сезиларли назоратга (PSC) эга шахслар ёки ташкилотлар ҳақида маълумот бериши шарт (PSC ташкилотдаги 25 фоиз ёки ундан ортиқ акция ва овоз бериш ҳуқуқини англатади). «Esperansa Group LP» битта PSC – «Esperansa Incorporated LP» ҳақида эълон қилди. Бу компания Англиянинг 2017 йил 6 октябрда рўйхатдан ўтказилган масъулияти чекланган ширкатидир.

Англияда масъулияти чекланган ширкатлар PSC ҳақида маълум қилишлари шарт эмас. Ошкоралик ислоҳотлари доирасида ширкат шаклидаги ношаффоф тузилмаларни PSC сифатида эълон қилиш ноқонунийдир

Ниҳоят, мисол тариқасида 7-лот учун инвестор сифатида танланган «Premium Village» МЧЖни олиш мумкин. «Premium Village» МЧЖнинг рўйхатга олинган манзили 2019 йил март ойида назорат пакети (80,88 фоиз) Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган «Artel Engineering and Management» МЧЖники билан бир хил.

«Premium Village»нинг акциядорлари Исмоил Исроилов (23,28%), шунингдек, «Quality Electronics» (37,20%), «Asia Electron» (28,51%) ва «Factory of Technologies» (9,30%) компанияларидир. «Factory of Technologies» и «Quality Electronics»нинг рўйхатга олинган электрон манзили – @artelgroup.org. «Asia Electron»нинг ҳисобга олиш ёзуви (учетная запись) эса ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалигида бўлган «Dream Production» фойдаланадиган худди шундай ёзув билан айнидир.

«Quality Electronics», «Asia Electron» ва «Factory of Technologies»нинг 50 фоиз улуши «MacMerry Management LP»га, «Quality Electronics» ва «Asia Electron» компанияларининг қолган 50 фоизи Сингапурнинг «Commerce Standard Pte Ltd» фирмасига тегишли. «Factory of Technologies»нинг бошқа 50 фоизи эса «Singapore Syndicate Group International Pte Ltd»га қарашли.

«MacMerry Management LP» ва «Singapore Syndicate Group» ҳам 1-лот инвестори – «High Land City» МЧШ мулкидаги тузилмаларнинг бир қисми бўлган.

«Macmerry Management LP», «Singapore Syndicate Group» ва «Commerce Standard» “Акфа-Артель” гуруҳи оффшор мулклари тузилмаларининг бир қисми ҳисобланади.

Буюк Британия ёки Сингапурда бенефициарларнинг тўлиқ шаффоф реестри бўлмагани сабабли бу оффшор ташкилотлар ортида турган бенефициарларни аниқлашнинг имкони йўқ.

Шундай қилиб, бизга «Тошкент сити»нинг учта ўта ношаффоф асосий инвестори маълум. «High Land City» ва «Premium Village» мисолида оладиган бўлсак, уларнинг асосий акциядорлари ҳокимнинг бизнес шериги ва унинг компанияларидан бирининг менежери бўлади

Тошкент ҳокимлиги инвесторларни махсус маъмурий кенгаш танлашини тасдиқлади. Танлов мезонлари ва қўлланиладиган жараёнга оид ҳужжатларни қўлга киритишга ҳаракат қилганимизда бизга рад жавоби берилди.

Тошкент шаҳри бошқармаси бош пудратчилар ва таъминотчиларни инвесторлар танлашини таъкидлади. Қўшимча бирорта маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Танлов ва харид қилиш жараёнлари ёпиқ бўлгани учун ушбу жараёнлар ноқонуний таъсирларга қанчалик дучор бўлганини аниқлашнинг имкони топилмади.

Миллий боғдан дельфинарийгача

«Тошкент сити» қурилишининг муқаддимаси давлат аппарати раҳбарлигида ўтказилган Навоий миллий боғини – Ўзбекистон пойтахтидаги улкан яшил ҳудудни реконструкция қилиш бўлди.

Ўзбек адиби ва мутафаккири Алишер Навоий шарафига номланган бу боғ Тошкентдаги энг машҳур очиқ (қурилишлардан холи) ҳудудлардан бири ҳисобланади. БМТнинг Ўзбекистондаги офиси 2015 йилда уни Марказий Осиёдаги илк экопарк деб эълон қилган эди.

Шунга қарамай, Навоий миллий боғининг бир қисмини юқори тоифали дам олиш масканига айлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бу масканда амфитеатр, савдо-кўнгилочар маркази, истироҳат боғи ва дельфинарий бўлади.

Уч йилга, 2020 йилгача мўлжалланган реконструкциянинг тахминий қиймати 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрда қабул қилинган қарори асосида амалга оширилаётган бу лойиҳа давлат томонидан молиялаштирилади.

Тошкент ҳокими мазкур лойиҳа учун масъул шахс сифатида кўрсатилган.

Аммо бизнес реестрни ўрганишлардан маълум бўлдики, ушбу реконструкцияни амалга ошираётган компания – «Stargate Systems» МЧШ 2017 йил 7 августда, яъни Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинишидан тахминан бир ой олдин рўйхатдан ўтказилган.

«Stargate Systems»нинг акциялари Жаҳонгир Ортиқхўжаев (49,38%), Аброр Ғаниев (14,94%) ва «Preston Impex LP» (35,68%)га тегишли. «Preston Impex LP» Шотландиянинг масъулияти чекланган ширкати бўлиб, 2017 йил 25 январда рўйхатга олинган. Бу ширкат тўғрисида унинг бошланғич капитали 100 фунт стерлингдан иборат эканидан бошқа маълумотлар йўқ ҳисоби.

«Stargate Systems LLC» компанияси 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция эвазига майдони 20,79 гектар бўлган миллий боғни 49 йилга ижарага олди. Ҳукумат қарорига кўра, компанияга яна божхона имтиёзлари ва қурилишни тегишли лойиҳа ҳужжатларини топширмасдан бошлашга эксклюзив рухсатнома берилди. Ушбу ҳудуд ва ускуналар ижара муддати тугагандан сўнг давлатга қайтарилади.

Бу лойиҳа бўйича очиқ тендер ўтказилгани йўқ.

«Биз ўз концепциямизни шаҳар маъмурияти ва маданият бўлимига инвестициялар ҳажми ва барча босқичларни кўрсатган ҳолда тақдим этганмиз. Лойиҳа ўрганилди ва тасдиқланди», деган эди Навоий боғи лойиҳаси учун масъул бўлган «Akfa group»нинг молиявий директори Камолат Мирзалиева 2017 йилда.

Мазкур лойиҳанинг экопарк муҳитига эҳтимолий таъсири жамоатчиликни хавотирга солганди. Аммо «Акфа» бундай таъсирни рад этиб келади.

Бу ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаганидан сўнг, мамлакатнинг манфаатлар тўқнашувига оид қонунчилигига мувофиқ, ўз раҳбарияти олдида ҳисобот бериши керак бўлган лойиҳалардан биридир.

Ҳокимлик Ортиқхўжаев шахсий манфаатдор эмаслигини таъкидлаб келади. Аммо Ўзбекистоннинг расмий бизнес реестрида тақдим этилган ёзувлар буни рад этади.

Ношаффоф маъмурий жараёнлар натижасида тузилган, давлат ва хусусий манфаат ўртасидаги бу баҳсталаб алоқа «Акфа-Артель» гуруҳининг бошқа лойиҳаларида, айниқса, унинг хусусий тиббий хизмат тақдим этишдаги улуши ўсиб бораётганини ҳисобга олганда, янада яққолроқ намоён бўлади.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини хусусийлаштириш

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хусусий секторнинг қувониши учун сабаблар етарли.

2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан сўнг Мирзиёев ҳукумати соғлиқни сақлаш тизимини жадал хусусийлаштириш йўлини танлади. Бу жараён соғлиқни сақлаш миллий стратегиясининг асосини ташкил этади.

Хусусийлаштириш махсус давлат комиссияси зиммасига юкланди.

Солиқ ва божхона имтиёзлари, ер ва инфратузилмаларнинг ноль харид қийматида берилиши, кредитларни субсидиялаш ва мажбурий шахсий суғурта тизими шарофати билан эҳтиёжнинг тез ўсиб бориши – булар тармоқнинг ривожланишини рағбатлантириш учун қўлланилаётган воситаларнинг айримлари, холос.

Бу сиёсат, моҳиятан, жамоатчиликни давлат томонидан субсидияланадиган хусусий тиббий хизмат истеъмолчисига айланишга мажбур қилади. Чунки Мирзиёев ҳукумати соғлиқни сақлаш тизимини кўпроқ хусусий асосга ўтказишга интилмоқда.

Секторда давлат томонидан юзага келтирилган бу тебранишлардан яхшироқ фойдаланиш учун битта компания – «Акфа Медлайн» устувор мавқеда турибди.

«Акфа Медлайн» 2018 йил декабрда, асосан, вазирликлар ва юқори мартабали давлат хизматчиларидан тузилган комиссия ишида иштирок этиш учун танлаб олинган ягона хусусий компания ҳисобланади. Бу комиссияга Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тармоғини ривожлантиришни жадаллаштиришни таъминлайдиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган. Бу эса «Акфа»га ўз соҳасида ўйин қоидаларини яратишга кўмаклашишда устувор имконият тақдим этади.

«Акфа Медлайн»нинг комиссиядаги вакили Камолат Мирзалиевадир. У «Акфа Медлайн»нинг акциядори (38,36%) ва менежери ҳисобланади. Юқорида Мирзалиева Алишер Навоий номидаги миллий боғ реконструкциясига масъул бўлган «Акфа»нинг вакили сифатида ҳам эслатиб ўтилганди.

Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасида имтиёзли шароитлар тақдим этиш учун нега «Акфа»ни танлаб олгани тушунарсиз қолмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бизнинг бу ҳақдаги саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Бу эса «Акфа Медлайн» ҳукумат дастурига киритилиб, устуворликка эришаётганига ягона мисол эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги қарорига кўра, «Акфа Медлайн»га Тошкентдаги Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Компания бу объектни тиббиётга ихтисослашган янги хусусий университетга айлантиради. Университет учун текин ётоқхоналарга қўшимча равишда «Акфа Медлайн»га солиқ таътиллари ва божхона имтиёзлари тақдим этилди.

Бу лойиҳа бўйича ҳам очиқ тендер ўтказилгани йўқ. Миллий боғни реконструкция қилиш лойиҳасидаги каби бу ўринда ҳам «Акфа» гуруҳи ташаббуси бўйича чекловлар мавжуд эди ва ҳукумат билан музокаралар хусусий тартибда бўлиб ўтди.

«Акфа Медлайн» электрон почта орқали қуйидагиларни билдирди:

«Истеъмолчилар талаби ва тиббий ходимларга юқори эҳтиёжни ўрганиш натижалари асосида «Акфа Медлайн» замонавий университет ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ташаббусни қўллаб-қувватлади».

Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлигидаги Тошкент шаҳри ҳокимлиги тиббиёт коллежини «Akfa University» учун қайта режалаштиришни назорат қилишга ёрдам кўратишга масъул эди.

Компанияга оид маълумотлардан кўринадики, «Акфа Медлайн»нинг мажоритар акциядори “Ортиқхўжаева Нигорахон Баҳромхўжа» (61,64%)дир.

Нигорахон Баҳромхўжа Ортиқхўжаева эса Тошкент ҳокимининг рафиқасидир.

Ҳокимлик мазкур фактларни тасдиқлади ва бу манфаатлар тўқнашуви эмаслигини билдирар экан, Вазирлар Маҳкамасининг «Akfa University»ни ташкил этиш тўғрисидаги қарорига кўра, ушбу лойиҳа ижросини таъминлаш учун масъулият Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ҳамда соғлиқни сақлаш вазири зиммасига юкланганини таъкидлади.

Аммо норматив ҳужжатларга кўра, Тошкент шаҳри маъмурияти лойиҳа учун муайян даражада масъулдир. Хусусан, қарорнинг 10-бандида шаҳар маъмурияти «Akfa University»га университет бинолари ва ётоқхоналарини таъмирлаш учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, шунингдек, 2019-2020 ўқув йили бошлангунга қадар уни ўқув ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлашга ёрдам кўрсатишга масъул экани айтилади.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши қонуннинг амалиёти

Ушбу суриштирув давомида очиқ ҳукумат ҳамда айрим мансабдор шахслар ва компанияларнинг мураккаб масалалар ечимига тайёрлигига оид бир қанча ажойиб мисолларга эга бўлинди. Афсуски, бу эътироф президент девони ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига тааллуқли эмас.

Ўзбекистонда назарий жиҳатдан коррупцияга қарши жиддий ислоҳотлар ўтказишни кўзда тутувчи қонунлар, қарор ва фармонлар сони кўпайиб бормоқда.

2017 йилда қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун моҳиятини ҳам ўзида акс эттирадиган 2016 йилги Давлат хизматчиларининг обод-ахлоқ қоидаларида айтилишича, манфаатлар тўқнашуви «давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади». Жумладан, у «давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни» ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчилари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши, бу ҳақдаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт. Афсуски, Ўзбекистон қонунлари бундай талабларнинг бузилиши оқибатлари масаласида жуда мужмалдир.

Ушбу суриштирувлар ўтказилгандан сўнг биз 2019 йил апрелда бу хавотирлар бўйича ҳокимга, унинг маҳкамасига ва «Акфа-Артель» гуруҳига мактуб йўлладик. Ҳокимликнинг ушбу суриштирувларга оид батафсил ҳисоботида манфаатлар тўқнашуви йўқлиги таъкидланади. Аммо кейинги ҳафталарда ҳокимнинг «Акфа-Артель» гуруҳидаги акциялари энди унинг рафиқасига, гуруҳ менежерларига ва бошқа мавжуд акциядорларга ўтказиб берилди.

Аксарият ҳолларда акцияларнинг бошқаларга берилиши манфаатлар тўқнашувига оид ҳуқуқиймеъёрлар кучга киришига тўсқинлик қилмайди, чунки қонун оила аъзолари ва бизнес ҳамкорларга ҳам тааллуқлидир. Бу жиҳатлар ретроспектив самарага ҳам эмаслиги тайин: бу давлат-хусусий ташаббусларининг аксарияти 2017 ва 2018 йилларда, Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Тошкент сити» лойиҳаси раҳбари, кейин эса Тошкент ҳокими бўлгандан кейин қабул қилинган.

Ушбу суриштирувлар корпоратив ахборотлар ошкор этилмайдиган шароитда мулк тузилмалари махфийлиги сақланиб қолаётган бозор муҳитида ношаффоф қарорлар асосида сезиларли даражада давлат кўмаги кўрсатилаётганидан дарак беради.

Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонунларга амалда риоя этилмайди. Ҳатто муҳим иқтисодий қарорлар билан боғлиқ мезонлар ва жараёнлар ҳақидаги умумий ахборотларни олиш ҳам мушкул.

Йирик лойиҳалар очиқ ва рақобатга асосланган тендерларсиз амалга оширилаётгани муаммоли вазиятдир.

Ҳатто Мирзиёев ҳукуматининг нисбатан ижобий қадамлари ҳам манфаатлар тўқнашуви сингари муҳим жиҳатларда коррупцияга қарши талаблар борасида чекловларга эга, қонунбузарлар учун ҳуқуқий оқибатлар сезиларсиз қолмоқда.

Хусусийлаштириш ва бозор ислоҳотлари тобора жадаллашиб бориши жараёнида назоратнинг йўқлиги бундан кейин ҳам махфий келишувлар янги Ўзбекистонда кимлар ғолиб, кимлар мағлуб бўлишини белгилашда давом этиши хавфини кучайтиради.

XS
SM
MD
LG