Исроилда ўтказилган “Евронигоҳ-2019” халқаро танловида Нидерландия вакили Дункан Лоуренс “Arcade” қўшиғи билан ғалаба қозонди.
“Евронигоҳ-2019” Тель-Авив шаҳрида бўлиб ўтди. Танлов ўтказилиши муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Танловнинг 19 май куни ўз якунига етган финалини миллионлаб одам телевидение орқали кўрди.
Танловда Италия иккинчи ўринни эгаллади. Россиялик қўшиқчи Сергей Лазарев эса “Scream” ашуласи билан учинчи ўринни эгаллади.
Озарбайжон ва Шимолий Македония мос равишда еттинчи ва саккизинчи ўринни қўлга киритди.
Сербия 17-, Албания 18-, Беларусь 25-ўринни эгаллади. Буюк Британия вакили эса энг охирги ўринни эгаллади.
Танловда ғалаба қозонган мамлакат кейинги йили ўтказиладиган финалга мезбонлик қилади. Ўтган йилда исроиллик Нета Барзилай Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрида ўтказилган “Евронигоҳ-2018” танлови финалда “Toy” қўшиғи билан ғолиб чиққан эди.
Танловда иштирок этган аксар давлатлар финалга чиқиш учун дастлабки танловдан ўтади. Беш асосий давлат бўлмиш Британия, Франция, Германия, Италия ва Испания ҳамда мезбон давлат эса автоматик тарзда финалга чиқади.
Танлов ғолибини белгилаш учун профессионал ҳакамлар ҳайъати ҳамда иштирок этувчи 41 давлат томошабинлари овоз берди.
Танлов қоидаларига биноан, ҳеч бир давлат ўз вакилига овоз бера олмайди.
Танлов бошланишидан олдин Лоуренс ғолиб бўлиши тахмин қилинган эди.
Танловда Европа давлати бўлмаса-да, Австралия вакили ҳам қатнашди ва тўққизинчи ўринни эгаллади.
Швециялик Жон Лундвик эса олтинчи ўринни эгаллади.
“Евронигоҳ” танлови илк маротаба 1956 йилда Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа давлатларини бирлаштириш мақсадида ўтказилган.
Бу йилги танлов финалида америкалик таниқли юлдуз Мадонна қўшиқ куйлади. Фаластин манфаатларини қўлловчилар Мадоннани танловни бойкот қилишга чорлади, аммо қўшиқчи бировларнинг сиёсий кун тартибини қўллаш учун қўшиқ куйлашдан воз кечмаслигини айтди.
Мадонна чиқиши давомида унинг икки рақсчиси Исроил ва Фаластин байроқлари акс этган кийим билан кўриниш берди.