Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

OzodDayjest: ДХХ собиқ раиси Абдуллаев порахўрлик ва коррупцияда айбланмоқда


Ихтиëр Абдуллаев Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан 8 февралда озод қилинган эди.
Ихтиëр Абдуллаев Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан 8 февралда озод қилинган эди.

Ўзбекистондаги марказлашган сув оқова тармоқларининг 44 фоизи яроқсиз ҳолга келган. Собиқ ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов биринчи президент Ислом Каримов ва марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муносабати борасида ўз версиясини илгари сурди. Жорий ҳафтада маҳаллий матбуот мана шулар ҳақида ёзди.

Сенат раиси кўпсонли аҳоли зарарли моддалар билан тўйинган сув истеъмол қилаётгани ҳақида бонг урди

Ўзбекистондаги марказлашган сув оқова тармоқларининг 44 фоизи яроқсиз ҳолга келган (“Даракчи”, 9 май). Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев ялпи мажлисда маълум қилган.

Эскирган канализация тармоқларидан сизиб чиқаётган ифлос сув эса ерости сувларига қўшилиб кетмоқда. “Сувоқова” давлат корхонасига қарашли сув тозалаш иншоотларининг 88 фоизи ишламайди. Аксар корхоналарда ҳам сув тозалаш иншоотлари йўқлиги боис оқова сув биологик ва кимёвий тозаланмасдан дарё ва сойларга тўғридан-тўғри оқизилмоқда. Оқибатда кўпсонли аҳоли зарарли моддалар билан тўйинган сув истеъмол қилмоқда.

Мамлакатдаги 58 та сув тозалаш иншоотидан чиқаётган оқова сув таҳлил қилинганида, зарарли моддаларнинг белгиланган меъёрларга нисбатан бир неча ўн баробар юқори экани аниқланган.

Сенат раиси мутасадди идоралар ушбу муаммони ҳал этиш бўйича етарли ташаббус кўрсатмаётганини танқид қилган.

ДХХ собиқ раиси Абдуллаев порахўрлик ботқоғига ботганликда айбланмоқда

Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев республикадаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлик лавозимларига ўзига содиқ кадрларни қўйиши орқали давлатнинг бутун сиёсий фаолияти устидан назорат ўрнатишга уринган (www.xabar.uz, 4 май).

“У “хизмат”нинг аввалги гегемонлик кайфиятини қўмсашда, ҳуқуқий чегарадан чиқиб, коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботганликда айбланмоқда. Президент бу ҳолатда ғалвирни баланд кўтаришга мажбур бўлди ва унга сиёсий ишончсизлик билдирди”, деб ёзади электрон нашр.

Қайд этилишича, собиқ генерал ҳурфикр сайтларни ёпиш, ижтимоий тармоқларга чеклов қўйиш, хориждаги айрим таъсирли ватандошларни сунъий равишда мухолифатга айлантириш орқали президент олиб бораётган демократик ўзгаришларни аҳолига бузиб кўрсатишга интилган, бу орқали ўзи учун келгусида яхши сиёсий платформа ҳозирлаган. Абдуллаевнинг барча ноқонуний ишларига охирги нуқтани суд қўйиши таъкидланган.

2018 йил 31 январда ДХХ раиси вазифасига тайинланган И.Абдуллаев 2019 йил 11 февралда лавозимидан бўшатилган эди.

Озодлик Абдуллаевга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар берган эди.

Xabar.uz сайтида эълон қилинган мақолани собиқ раисга нисбатан очилган жиноий ишнинг расман тасдиқланиши деб баҳолаш мумкин.

Мазкур сайт Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги муассислигидаги “Хабар” газетасининг электрон варианти саналади.

Президент Каримов марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга тазйиқ ўтказгани ҳақидаги фикр туҳмат деб аталди

Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов биринчи президент Ислом Каримов ва марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муносабати борасида ўз версиясини илгари сурди (“Ўзбекистон овози”, 7 май).

Алматовга кўра, биринчи президент шайхга нисбатан тазйиқ ўтказгани ҳақидаги фикр туҳмат саналади.

“Шу йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган инсон сифатида бир нарсани айтмоқчиман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган. Кўпчиликка номаълум бир воқеани айтай, 1992 йилнинг охирларида айрим давлатларнинг махсус хизматларидан бизга кетма-кет тезкор хабарлар келиб тушди.

Маълум қилинишича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Фарғона водийсининг қайсидир туман ёки шаҳрига борган вақтларида, у кишига нисбатан террорчи гуруҳлар томонидан суиқасд уюштирилиши режалаштирилаётган экан. Ўша пайтда биринчи президентимиз топшириғига биноан ана шу террористик ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор қидирув ишлари амалга оширилди ва табиийки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари давлат ҳимоясига олинди. Аммо ғаламислар ўз ўйинларини давом эттирди. Уларнинг нияти шайхга суиқасд уюштириб, бу жиноятни республика раҳбариятига тўнкаш эди” деган собиқ вазир.

Қайд этилишича, марҳум шайх “Мен туфайли мамлакатда нотинчлик бўлмасин” дея мусулмон мамлакатларидан бирида вақтинча яшаб туришга қарор қилган ва маълум вақт ўтгач, Ислом Каримовнинг рухсати билан Ўзбекистонга қайтган.

XS
SM
MD
LG