Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Москвада самолёт ҳалокати оқибатида 41 одам нобуд бўлди (ВИДЕО)


Москванинг Шереметьево аэропортида ҳалокатга учраган самолёт.
Москванинг Шереметьево аэропортида ҳалокатга учраган самолёт.

Россия тергов қўмитаси якшанба куни кечқурун Москванинг Шереметьево аэропортида Аэрофлот ширкатининг "Сухой Суперджет" самолёти ҳалокатга учрагани оқибатида 41 одам, жумладан экипажнинг бир аъзоси нобуд бўлганини маълум қилди.

Самолёт бортида 73 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси, жами 78 нафар одам бўлган. Улардан 37 нафари тирик қолди. Аэрофлот тирик қолган 33 йўловчининг рўйхатини эълон қилди. Тирик қолганлардан камида икки нафарининг аҳволи оғир. Беш нафар йўловчи касалхонага ётқизилди.

Шереметьево аэропортидан Москва вақти билан 17:57да учган SU-1492 Москва – Мурманск самолёти учувчилари 18:25да авария ҳолати юз берганини маълум қилиб, беш минутдан сўнг аэропортга қўнган ва самолёт ёна бошлаган.

Аэрофлот ширкати матбуот котиби аэропортга қўнган самолётдан одамлар 55 секунд ичида эвакуация қилинганини, бу эса меъёрларда белгиланганидан анча тез эканини айтди. Бироқ “Интерфакс” агентлиги манбаларга таянган ҳолда, самолётнинг дум томонидаги йўловчиларнинг бир қисмини эвакуация қилишга улгурилмаганини хабар қилди.

Самолёт учувчиси Денис Евдокимовнинг айтишича, самолётга чақмоқ теккан ва шундан сўнг ер билан алоқа узилиб, учиш тизимининг бир қисми ишдан чиққан. Бироқ самолёт ҳавода ёнмаган. Самолёт қўнаётган пайтида ерга урилган ва шундан сўнг ёнғин бошланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ҳодиса оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.

Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайишларини тилаб қолган.

XS
SM
MD
LG