Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Ўзбекистонда матбуот ҳақиқий эркин бўлиши учун нима етишмаяпти?


Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Ислом Каримов даврида қамоққа олинган журналистларни озодликка чиқариш эвазига халқаро доирада обрўсини оширган.

Лекин матбуот эркинлиги соҳасида бундан бошқа аҳамиятли ўзгаришлар юз бермаган. Марказий Осиёдаги қолган давлатларда ҳам сўнгги йилларда вазият ўзгаришсиз қолиб кетмоқда.

Аммо вазиятни тубдан ўзгартиришга жорий ҳукуматларнинг имкониятлари бор, деган фикрда халқаро ва маҳаллий мутахассислар.

"Ўзгаришлар кам юз берадиган дунёнинг ушбу бурчагида рейтингнинг ҳар қандай ўзгариши диққатга сазовордир", дейилади Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги вазият борасида "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилотининг 2019 йил учун эълон қилган "Матбуот эркинлиги индекси"да .

"Ўзбекистон бунга бир мисол. Бу ерда Ислом Каримов диктатураси даврида қамоққа тушган сўнгги журналистлар ҳам озодликка чиққан. Шундай қилиб мазкур давлат рейтингнинг ўта абгор ҳолатдаги мамлакатлар келтирилган энг туб қисмини тарк этди", дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон кўрсаткичи 5 поғона юқорилаб 160-ўринга чиққан.

Нью- Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси халқаро ташкилоти вакили Гулноза Саид ҳам мамлакатда аҳвол умидбахш, аммо рисоладагидек эмас, дейди.

Мутахассиснинг ишонишича, Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини битта муҳим қарор билан тубдан ўзгартириши мумкин.

- Мен қайта ва қайта айтаман, мен буни ўзим ўзбек бўлганим, Ўзбекистон манфаатини кўзлаган ҳолда айтаманки, битта ва катта қарор қабул қилингки, бир кунда Ўзбекистон имижини халқаро саҳнада яхшилаб берсин. Мисол учун, давлат тасарруфидан аксарият оммавий ахборот воситаларини чиқариб юбориш ва уларга ўзингнинг кунингни ўзинг кўр, мана сенга эркинлик деб бериш”, дейди Гулноза Саид.

Халқаро тажрибага эга эксперт ушбу қадам натижасини кўриш учун Грузия тажрибаси билан танишишни тавсия этади. Грузия ҳам Ўзбекистон каби собиқ совет республикаси.

- Ҳукумат газеталарни, умуман оммавий ахборот воситалари соҳасини хусусий қўлларга бериб қўйиши керак. Ўз вақтида Михаил Саакашвили Грузияда давлат конституциясига ўзгартириш киритиб, ҳеч қайси ОАВ давлат тасарруфида бўлмаслиги керак деган бир тамойилни ўрнатган. Шу кунгача уларда давлатга қарашли газета, журнал, радио ёки телевидение йўқ. Шунга қарамай кичкинагина Грузияда ранг-баранг телеканаллар, газеталар бор ҳамда ижтимоий тармоқларга, Интернетга уланиш бемалол. Яъни бу қисқа вақт ичида катта натижаларга эришишнинг бир йўли,- дея хулоса қилади Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси ходими.

Ўзбекистонда матбуот эркинлигини таъминлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги бот-бот такрорланади халқаро кузатувчилар хулосаларида. Қўшни мамлакатларда ҳам вазият яхши эмас.

- Марказий Осиё ва Кавказдаги жамиятларда демократия ва сўз эркинлигига эҳтиёж йўқ дейдиганлар худди одамни ҳали ҳаммаси олдинда деб йўлдан урган каби. Улар чиндан одамни тинчлантирадилар ва шу орқали жамиятни ўзларининг ёки бирор гуруҳларнинг йўриғига солишмоқчи бўлишади, дейди шу кунларда АҚШда малака ошираётган тожикистонлик медиаэксперт Фируз Баротов.

Fulbrayt дастури бўйича АҚШда ўз тадқиқотини ўтказаётган Фируз Баротов Марказий Осиёдаги журналистиканинг аҳволини яхши билади. Қатор минтақавий медиадастурларда ишлаган бу мутахассиснинг айтишича, ҳудуддаги журналистлар ҳуқуқи ҳимояланмаган ва уларга ресурслар етишмайди.

- Фондлар ташкил қилиниши зарур. Халқаро кўмакдан фойдаланиш керак. Ва албатта давлатнинг ўзи мухбирларга грантлар бериши шарт, тушунтиради Баротов.

Марказий Осиёда сўз эркинлигининг бўғилишига, шунингдек, танқидга тоқатсизлик ҳам сабаб бўлмоқда.

- Ҳукуматдагилар ҳам тоқатли бўлишлари керак. Ҳамма нарса ҳаммага бирдек ёқмаслиги мумкин. Аксинча, маълум ишлар айрим одамларга ёқмаслиги ва уларнинг ўз фикрларини баён қилишлари амалдаги ҳукуматларга худди тавсиядек, қўйган қайси қадамлари ножўя ва тўғриланиши лозимлиги бўйича йўриқномадек. Агарда муносабат шундай бўлса ҳеч қандай қийинчиликлар туғилмайди. Афсуски бизда ватанпарварликни ҳукуматпарастликдан ажратмайдилар, деб фикрини якунлайди Фируз Баротов.

Ҳозирча вазият шундайки, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё республикаларида аҳоли нималарни билиши керак, кимга ОАВда сўз берилгани маъқул, қайси мавзулар ёритилиши "мақсадга мувофиқ", буларни журналистлар эмас ва ҳатто таҳририятлар белгиламаётганини халқаро рейтинглар акс эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG