Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:23

Давлати бадавлат Қозоғистонда ишчилар энг кам маош олади


1 май кунги намойишларда давлат бюджетига қарам ташкилотларнинг ишчилари ойлик маошларининг ниҳоятда озлигидан шикоят қилди.

5 йил олдин Жаҳон банки Қозоғистон ҳукумати ишчиларига сарфлайдиган маблағ ЯИМнинг атиги 4 фоизини ташкил қилишини, бу эса Европа ва Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири эканлигини маълум қилган эди.

Кейинги беш йил ичида ҳукумат ишчилари ойликлари деярли ўсгани йўқ.

Садирбекулининг ойлиги

Қозоғистонда ўртача ойлик 450 доллар.

Аммо Нуржан Садирбекули каби ҳукумат ишчилари ойига 160-180 доллар олади. Шу сабабдан Озодлик радиосининг қозоқ хизмати билан суҳбатда Садирбекули ишини ташлагани, эндиликда бозорда савдогарлик қилишга бел боғлагани айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ишчилари харажатларини қоплаш учун қўшимча иш топишга ёки Интернетда ёки иш жойида савдо-сотиқ қилишга мажбур. Садирбекули баъзан ишхонаси ҳамкасблари сотиш учун олиб келган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кийимларга тўлиб, бозорга ўхшаб қолишини айтди.

Йил бошида Қозоғистон ҳукумати давлат ишчилари ойлигини атиги 500 тенгега, ёки 1,5 долларга кўтарди. Табиийки, бу ишчилар аҳволини ўнглашга ёрдам бергани йўқ.

Назарбоевнинг истеъфоси

Март ойида кутилмаганда истеъфога чиққан президент Нурсултон Назарбоев ўтган йили минимал ойликни оширишни буюрганди.

Собиқ президент минимал ойликни 75 доллардан 100 долларга кўтариш ҳар бир Қозоғистон фуқароси учун сезиларли даражада фойда олиб келишини таъкидлади.

Муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев ҳам ҳукумат ишчилари ойлиги оширилишини ваъда қилиб келади. Президент вазифасини бажара бошлаганидан кейин уч кун ўтиб, Тўқаев оз ойлик оладиган ҳукумат ишчилари ойлигини ошириш муддатини 2019 йилнинг 1 июлидан 1 июнига силжитишни буюрди. Тўқаев ойлик ошиши “миллиондан ошиқ давлат ишчиси ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир қилиши” ҳақида ёзди.

15 апрель куни муваққат президент 1 июндан бошлаб қишлоқ жойларида ва вилоятларда давлат секторида ишлаётган шахслар ойлиги 1 июндан ошишини яна такрорлади.

Собиқ вазирнинг эътирофи

Тўқаевнинг маслаҳатчиси, собиқ иқтисод вазири Тимур Сулейманов “мамлакат иқтисоди ўсгани билан, одамлар ойликлари ошмаганини” тан олди.

Олмаота яқинидаги мактабда ишлайдиган фаррош аёл ойлик ошганидан кейин оладиган 120 доллар маош олти нафар аъзога эга оиласини боқиш учун етарли эмаслигини айтди. Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган аёл ишига қўшимча равишда қўшниларига ва ҳамкасбларига сут сотиб тирикчилик қилишини қўшимча қилди.

Айни мактабнинг 40 ёшдаги ўқитувчиси яқин орада жойлашган касб-ҳунар лицейида иккинчи иши бўлса-да, мамлакатдаги ўртача ойликнинг ярмини олишини айтди.

Яқинда олинган маълумотларга кўра, қозоғистонликлар топган маблағларининг 46 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига, атиги 1,9 фоизини ҳордиқ чиқариш учун сарфлайди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг бой иқтисодга эга бўлиб, мамлакат дунёдаги 12-энг йирик нефть захирасига, табиий газ захираларига ҳамда экин экиш мумкин бўлган улкан ерларга эга.

XS
SM
MD
LG