Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Суд Петербург портлашларидаги гувоҳлар кўрсатмаларида зиддиятлар борлигини аниқлади (ВИДЕО)


11 нафар судланаётганлардан бири - Шоҳиста Каримова суд залида.
11 нафар судланаётганлардан бири - Шоҳиста Каримова суд залида.

2017 йилнинг 3 апрелида​ Петербург метросидаги портлашларга алоқадорликда айбланаётган марказий осиёлик муҳожирлар суди жараёнида суд гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суд пайтидаги кўрсатмалари ўртасида жиддий зиддиятлар борлигини аниқлади.

Гувоҳлар терговчилар улар кўрсатмаларини “бироз нотўғрироқ талқинда протоколлаштиргани” ва ҳужжатни “ўқимасдан қўл қўйгани”га эътибор айтган.

Санкт-Петербургнинг Москва округ ҳарбий судининг сайёр маҳкамасида ўтган ҳафта давомида Петербург метросидаги бомба ҳужумига алоқадор 11 нафар ўзбек муҳожири иши бўйича гувоҳлар сўроқ қилинди.

Суд материалларига кўра, Петербургнинг Товаришческий проспекти 22 уйда 2017 йилнинг 6 апрели тонг саҳарда 7 нафар муҳожир қўлга олинган эди.

Терговчилар бу квартирада тинтув пайтида портловчи мослама топганини маълум қилган.

Қўшни квартирада яшовчи Светлана Агеева бу квартирада яшовчи ўзбеклар унга доимо “шубҳали” кўриниб келганини ёдга олди.

- У ерда доимо қовоғи солинган, камгап одамлар яшар эди. Учрашганимизда кўзларини яширишга ҳаракат қиларди. Яширинча яшашарди. Пастдаги қўшниларимиз квартирадан келаётган шовқинлардан шикоят қиларди, гўё кимдир у ерда курашаётгандек. Ўзим ҳеч қандай шовқин эшитмаганман, - деди Агеева хоним.

Шу билан бирга, гувоҳ Светлана Агеева судда 5 апрел куни поликлиникага кетаётиб, икки кишини учратгани ва улардан бири Акром Азимов экани тўғрисида гувоҳлик берди.

- Мен Петербургда ҳеч қачон бўлмаганман. 5 апрел куни эса Россияда ҳам эмас – ўз шаҳримда эдим. Буни тасдиқловчи қатор ҳужжатларим, шу жумладан паспортимдан кўришингиз мумкин, - деди бунга жавобан Акром Азимов.

Акром Азимовнинг авиачиптаси
Акром Азимовнинг авиачиптаси

​Яна бир гувоҳ-қўшни Ирина Аброгомович айбланувчилардан бир қават тепада яшаб келган.

У судга панжара ортида ўтирган шахслардан бирортасини илгари кўрмагани ва бирор шубҳали нарсалар эътиборини тортмаганини айтди.

Бироқ, прокурор бу аёл дастлабки тергов давомида уларни бир неча маротаба кўргани, кавказликлар квартирага аллақандай сумкаларни олиб кираётгани ва яширинча ҳаёт кечираётганига гувоҳлик берганини эслатди.

Суддаги ва тергов пайтидаги кўрсатмалар ўртасидаги тафовутларни у “тергов пайтида тунда сўроққа тутилгани” ва “терговчи ёзиб берган маълумотларга эътиборсизлик билан қўл қўйгани “билан изоҳлашга уринди.

“Сиз осиёликни кавказликлардан фарқлай оласизми?” деган саволга “Ҳа, албатта. Квартирада кавказликлар турган”, жавобини олди.

Прокурорнинг панжара ортида ўтирган ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонликга қарата “Судланувчиларга қараб айтингчи – улар кавказликми осиёликми?”, деб берган саволига Ирина “Менимча, кавказлик!”, дея жавоб қайтариб, судя ва айбланувчиларни ҳайратга солди.

Акромжон Азимовнинг яқинлари унинг граната билан қўлга олинишини “уйдирма томоша” демоқдалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:34 0:00

Судда сўзга чиққан адвокат Марат Сагитов қўшниларнинг бу асоссиз кўрсатмалари билан терговчилар “ўз ишида йўл қўйилган хатоликларни ёпмоқчи”, деди.

Озодлик билан суҳбатлашган Акромнинг онаси икки йилдан буён Россия терговчилари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўғлининг Қирғизистондан ўғирлаб кетилгани тўғрисидаги исбот-далилларга бефарқ бўлиб келаётганини айтди:

- 28 мартда Россиядан Қирғизистонга келгани бўйича, 15 апрелда болнисадан олиб кетишган боламни. У маҳал Акром Қирғизистонда бўлган. Айнан 5 апрел куни Қирғизистонда қанақадир байрам экан – Жалолобод шаҳрида олдириб қўйганди ҳайдовчилик гувоҳномасини Акромжон! 10 апрелда у 1300 сўм жаримасини тўлаб, правасини олиб, 11 куни “Ҳосият” болнисасига мошинада борган, деди Вазира Азимова.

Акром Азимовнинг қийноқлар устидан берган шикоят аризаси
Акром Азимовнинг қийноқлар устидан берган шикоят аризаси

Судланувчи Акром Азимов тергов пайтида унга қийноқлар қўлланилгани устидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза юборгани, аммо рад жавобини олгани Озодликка тақдим этилган аризадан маълум бўлди.

Ҳозирга келиб 2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросидаги портлаш юзасидан жабр кўрган юздан ортиқ одамдан саноқлиларигина давогар деб топилди.

Масалан, “Петербургский метрополитен” Давлат унитар корхонаси айбланувчи 11 нафар муҳожирдан 110 миллион рубл ундириб беришни сўраб, судга даво аризаси киритган.

25 апрел кунги маҳкамада суд портлаган вагоннинг кейингисида жароҳат олгани айтилаётган Дарья Фефелкина ҳам “ўшандан бери боши оғриқ бўлиб қолгани” ва “фақат таксида юришга мажбур” эканини билдириб, суддан 1,1 миллион ундириб беришни сўради.

Суд унинг давосини қондирди.

Айбланувчилар Дарья Фефелкинага ўз ҳамдардлигини билдириб, ўзлари ҳам бу портлаш қурбонлари эканини айтди:

- Шахсан мен бу жиноятларга алоқам йўқ ва бу давонгизни қабул қила олмайман, кечирасиз! – деди ўзбекистонлик Шоҳиста Каримова.

Гувоҳлар билан савол-жавоблар якунига етгач, ҳарбий суд май ойи байрамлари тугагунча танаффус эълон қилди.

Суд раиси Андрей Морозов кейинги маҳкамалар жорий йилнинг 14, 15 ва 16 май кунлари бўлиб ўтишини билдирди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган. Ўлганларнинг 9 нафари аёл, 7 нафари эркак эди.

XS
SM
MD
LG