Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

2018 йилда жаҳон бўйлаб ҳарбий харажатлар 2,6 фоизга ошди


Сталинград қамали якунининг 75 йиллигига бағишланган парад
Сталинград қамали якунининг 75 йиллигига бағишланган парад

2018 йилда Украина ва бошқа бир неча Европа давлати ҳарбий харажатлари кескин кўтарилди.

Бу ҳақда Тинчлик масалалари бўйича Стокгольм халқаро тадқиқот институти (SIPRI) билдирди.

Ушбу ҳолатга Россия армияси солаётган таҳдид туртки бўлган.

SIPRIнинг 29 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида ёзилишича, ўтган йилда Украинанинг ҳарбий харажатлари 21 фоизга ошиб, 4,8 миллиард долларга етган.

Болгария, Руминия, Латвия ва Литвада ҳам ҳарбий харажатлар 18-24 фоизга кўтарилган.

Польша ҳарбий харажатлари эса 8,9 фоизга кўтарилиб, 11,6 миллиард долларга етган.

SIPRI тадқиқотчиларидан бири Питер Веземан:

- Марказий ва Шарқий Европадаги ўсишларининг асосий сабабчиси Россия солаётган таҳдиддир. Бу ҳолат Россиянинг ҳарбий харажатлари кейинги икки йил давомида озайган бўлишига қарамасдан кузатилмоқда, - деди.

2018 йилда Россия ҳарбий харажатлари 2017 йилга солиштирганда 3,5 фоизга озайган.

Бунга қарамасдан, ҳарбий харажатлари 61,4 миллиард долларга тенг бўлган Россия армиясига энг кўп пул сарфлайдиган дунёдаги олтинчи давлатдир.

Украина Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлаганидан бери қатор қийинчиликларга дучор бўлиб келади.

Ҳарбий харажатлар солиштирилганда харажати энг кўп ошган давлатлар орасида Арманистон (33 фоиз), Босния ва Герцеговина (26 фоиз), Болгария (23), Украина, Руминия (18 фоиз), ҳамда Қозоғистон (16 фоиз) борлиги аниқланган.

Арманистоннинг ҳарбий харажатлари 609 миллион долларни ташкил қилган.

Бу эса мамлакат ЯИМнинг 4,8 фоизига тенгдир.

Солиштириш учун, Россия ҳарбий харажатлари мамлакат ЯИМнинг 3,9 фоизини ташкил қилади.

2018 йилда Эрон ҳарбий харажатлари 9,5 фоизга қисқариб, 13,2 миллиард долларни ташкил қилган.

Афғонистон ҳарбий харажатлари эса 2018 йилда 6,7 фоизга ошиб, 198 миллион долларга етган.

Бу эса мамлакат ЯИПнинг атиги 1 фоизини ташкил қилади.

Мамлакат ҳарбий харажатларининг йирик қисмини АҚШ тўлаб келади.

Покистоннинг йиллик ҳарбий харажатлари 11 фоизга ошиб, 11,4 миллиард долларга етган. Бу эса мамлакат ЯИМнинг 4 фоизига тенгдир.

Покистон қўшниси ва рақиби Ҳиндистон эса ҳарбий харажатларини 3,1 фоизга оширган.

Ҳиндистон 2018 йилда ўз армиясига 66,5 миллиард доллар сарфлаган.

Бу эса мамлакат ЯИМнинг 2,4 фоизни ташкил қилади.

SIPRI ҳисоботига кўра, жаҳон бўйлаб ҳарбий харажатлар 2018 йилда 2,6 фоизга ошиб, 1,822 триллион долларга етган.

Бу эса жаҳон ЯИМнинг 2,1 фоизига тенгдир.

Энг кўп ҳарбий харажат қилган беш мамлакат АҚШ, Хитой, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Франция бўлиб, бутун дунё бўйлаб қилинган ҳарбий харажатларнинг 60 фоизга айнан шу давлатларга тўғри келади.

АҚШда ҳарбий харажатлар 2010 йилдан бери илк маротаба ошиб, 649 миллиард долларга етган. Бу эса АҚШ ЯИМнинг 3,2 фоизига тенгдир.

Хитой харажатлари эса 5 фоизга ошиб, 250 миллиард долларга етган. Хитойда ҳарбий харажатлар 24 йилдан бери давомли ошиб келади.

XS
SM
MD
LG