Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Қозоғистон билан меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид битим имзоланди (ВИДЕО)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев билан. Тошкент, 2019, 15 апрель.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев билан. Тошкент, 2019, 15 апрель.

Олий даражадаги Ўзбекистон – Қозоғистон мулоқоти самимий ва амалий руҳда ўтди, музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид ўнга яқин ҳужжат имзоланди, деб хабар қилди давлат раҳбарининг расмий сайти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосимжўмарт Тўқаев Қўшма баёнотни қабул қилдилар. Солиқ резидентлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатларни тан олиш тартиби, Ўзбекистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган икки мамлакат фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида битимлар, “Марказий Осиё” савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш тўғрисида меморандум ва бошқа соҳаларга оид келишувлар имзоланди.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифингда давлат раҳбарлари музокаралар қардошлик муносабатларига хос англашув ва самимият руҳида ўтганини, ҳамкорликнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилиб, ўзаро манфаатли келишувларга эришилганини таъкидладилар. Ушбу давлат ташрифи мамлакатларимизнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга интилиши қатъий эканини кўрсатди.

Қозоғистон президентининг Тошкентга ташрифи. Бугун асосий кун

15 апрелда Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаевнинг Тошкентга давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлари бошланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Қосимжўмарт Тўқаев билан Кўксаройда кенгайтирилган ва тор доирада музокаралар ўтказади.

Шундан сўнг президентлар Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросими муносабати билан қозоқ санъат усталарининг концертида иштирок этадидар.

Ташриф доирасида иқтисодий ва гуманитар соҳаларга оид ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Қозоғистон раҳбари Кўксаройда кутиб олинди

Олий мартабали меҳмон 15 апрель куни Кўксаройда расмий кутиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу маросимдан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди.

Ўзбекистон президенти Қозоғистон раҳбарини Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, бу кейинги йилларда анча фаоллашган сиёсий мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади.

Қозоғистон президенти 15 апрель куни Кўксаройда расмий кутиб олинди.
Қозоғистон президенти 15 апрель куни Кўксаройда расмий кутиб олинди.

Қосимжўмарт Тўқаев Тошкентга 14 апрелда давлат ташрифи билан келди.

Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев 14 апрелда ЎзАга берган интервьюсида ўзи раҳбарлик қилаётган мамлакат билан стратегик шериклик 2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев томонидан мустаҳкамланганини эътироф этди.

Қосимжўмарт Тўқаев: Қозоғистон билан стратегик шерикликни Шавкат Мирзиёев мустаҳкамлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00

“Давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев асосий роль ўйнадилар”, - деди Қосимжўмарт Тўқаев.

Унга кўра, бунинг ортидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кескин яхшиланди ва ўтган йили “тахминан 50 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларни ташкил қилди”.

“Ҳозирги вақтда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва чегараолди ҳамкорлигини мустаҳкамлаш асосий вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатларимиз ушбу соҳаларда юксак салоҳиятга эга. Ҳукуматларимиз 2020 йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган”, - деб билдирди президент.

Қозоғистоннинг муваққат президенти Ўзбекистонга келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:35 0:00

Қосимжўмарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон олдида турган биринчи галдаги вазифа “денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Қозоғистон ва Ўзбекистон учун транзит инфратузилмасини такомиллаштириш ва бошқа мамлакатлар билан транспорт кооперациясини ривожлантириш” эканини таъкидлади.

“Шунингдек, назорат-ўтказиш пунктларимизни модернизация қилиш ишларини ниҳоясига етказамиз, бу давлат чегараларидан ўтишда вақтни сезиларли даражада тежаш имконини беради. Замонавий чегара ва божхона инфратузилмасини яратиш – бизнинг мақсадимиз бўлиб қолаверади. Бу оддий фуқаролар учун, бизнес учун зарур, бундан ташқари, бу ишлар мамлакатларимиз сайёҳлик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, - деди Қозоғистон раҳбари.

ЎзА қозоқ тилида ҳам янгиликлар бера бошлади

ЎзА 13 апрелдан бошлаб қозоқ тилида ҳам янгиликларни бера бошлади. Бунинг учун ЎзА сайтида алоҳида саҳифа ташкил этилди.

Бунга қадар Ўзбекистоннинг давлатга қарашли Миллий ахборот агентлиги ҳисобланадиган ЎзА янгиликлари ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида тарқатилар эди.

“Ўзбекистонда “Қозоғистон йили”нинг очилиши муносабати билан расмий ахборот агентлиги саҳифаларига илк бор қозоқ тили ҳам қўшилди”, дейилади ЎзА хабарида.

Ўзбекистон ва Қозоғистон 2020 йилга келиб товар айланмасини 5 млрд. долларга етказишни режалаштирмоқда

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосимжўмарт Тўқаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида эришилган натижалар, ҳамкорликни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида интервью берди.

Қозоғистон президенти берган интервьюсида "давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев асосий роль ўйнадилар", деб қайд этди.

«Ҳозирги вақтда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва чегараолди ҳамкорлигини мустаҳкамлаш асосий вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатларимиз ушбу соҳаларда юксак салоҳиятга эга. Ҳукуматларимиз 2020 йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган», - деди Тўқаев.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, «Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида конструктив мулоқот йўли билан ҳал қилиб бўлмайдиган масала деярли йўқ экани таҳсинга сазовор». «Менинг назаримда, Нур-Султон ва Тошкент олдида турган муштарак мақсад ва вазифалар кенг кўламли ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади», дея таъкидлади Тўқаев.

14 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев​ икки кунлик давлат ташрифи билан Тошкентга борди. Тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши, қатор муҳим икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Президентлар Қозоғистонда якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам қатнашади.

XS
SM
MD
LG