Вазирлар Маҳкамаси шу йил июнь ойида хорижда яшаётган ўзбекистонликлар иштирокида тантанали халқаро форум ўтказиш ҳақидаги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Лойиҳага кўра, форумдан мақсад, хорижда юрган илмли, пулдор ва обрўли ўзбекистонликларни, махсус видеороликлар, мақолалар орқали мамлакатга таништириш ҳамда уларнинг талабларига муносиб жавоб бериш орқали, юртига қайтишга ундашдир.
Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижда истиқомат қилаётган Ватандошлар халқаро форумини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ушбу ҳужжат 29 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди, муҳокама эса 13 апрелга қадар давом этади. (Ушбу порталда муҳокамага қўйилган лойиҳаларнинг, одатан, тўлиқ қабул қилиниши кузатилади).
Лойиҳада шу йилнинг 27-29 июнь кунлари Самарқандда хорижда яшаётганлар халқаро форумини ўтказиш белгиланган.
Ҳужжатда форумни ўтказиш учун олдин чет элдаги ўзбекистонликлар иштирокида “Йўл харитаси”ни тузиш режаланган.
Сўнгра форумнинг ташкилий қўмитаси чет элдаги ўзбекистонликлар орасидан форумда иштирок этиш истагида бўлганлар рўйхатини тузиши, уларни қайтариш бўйича қилинаётган ишларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилган ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси сайтида ёритиб бориши керак.
"Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларнинг илмий салоҳияти ва бой амалий тажрибасини кўрсатувчи роликлар, видеоочерклар, кўрсатувлар, интервьюлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналаридаги тадбирлар доирасида, маҳаллий телевидение, радио, ижтимоий тармоқларда намойиш этиб бориш" , дейилади лойиҳада.
Шунингдек, форумда қатнашиш истагини билдирган чет элдаги ўзбекистонликлар орасида ватанига қайтиш, сармоя киритиш истаги ва шартларини ўрганиш вазифаси ҳам ташкилий қўмитага юкланган.
Расмий хабарга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг “Эл-юрт умиди” жамғармаси буюртмасига асосан тадбирга келадиган ватандошлар учун кириш визасини расмийлаштириб беради, зарурат туғилса, "Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштиришни таъминлайди".
“Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Airways ширкатлари эса форум иштирокчиларининг Самарқандга етиб олиши учун олдидан темир йўл ва самолёт чипталарини брон қилиб, юқори сифатда транспорт хизмати кўрсатилишини таъминлайди.
Айни пайтда, тадбир мезбони бўлган Самарқанд вилояти ҳокимлигининг вазифалари ҳам белгилаб қўйилган.
"Самарқанд шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширилиши, Форум ўтказиладиган саҳна майдонлари ва бино-иншоотлари талаб даражасида тайёрланишини таъминлайди, Форум қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратиш чораларини кўради", дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, лойиҳада Самарқандда форум иштирокчиларини "тантанали кутиб олиш, форум давомида уларнинг сайёҳатини дастур асосида ташкил этиш" вазифаси белгиланган.
Форум ташкилий қўмитасига Бош вазири ўринбосари А.А. Абдухакимов раислик қилади, Ташқи ишлар вазири А.Х. Комилов ва вилоят ҳокими Э.О. Турдимовлар унга ўринбосар бўлади.