Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:55

Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамалган Азимжон Асқаров 9 йилдан сўнг қамоқхонага кўчирилди


Азимжон Асқаров.
Азимжон Асқаров.

Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторидан Сўқулуқ тумани Янгиер қишлоғида жойлашган 19-қамоқхонага кўчирилди.

Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамалган Азимжон Асқаров 9 йилдан сўнг қамоқхонага кўчирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00

Жазони ўташ бош бошқармаси расмий вакили Элеонора Сабатарованинг айтишича, Азимжон Асқаровнинг тергов изоляторидан қамоқхонага кўчирилишига суд ҳукмларининг ўз кучида қолдирилгани сабаб бўлган.

-Асқаров 13 март куни 19-қамоқхонага кўчирилган. Олий суд унга нисбатан чиқарилган қуйи суд қарорларини ўз кучида қолдирган. 19-қамоқхона эса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун махсус қурилган. У ерда халқаро талабларга мувофиқ барча шароитлар бор, - деди Сабатарова.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров халқаро ҳамжамият томонидан 2010 йилги Ўш қирғини деб баҳоланган воқеалар пайтида Бозорқўрғон туманида қонли воқеаларни уюштирганликда айбланиб, 2010 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Халқаро жамоатчилик Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаолини озод этишга чақириб келади.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.

Бироқ 2017 йилнинг январида Чуй вилоят суди Асқаров ишини 4 ой давомида қайта кўриб чиқиб, унга нисбатан чиқарилган умрбод қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирган. Бу ҳукм кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг ташвишига сабаб бўлган эди.

Human Rights Watch, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби халқаро ташкилотлар, Европа Иттифоқи ва унга аъзо айрим давлатлар, АҚШ Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини билдирганлар.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

2010 йилдаги Ўш воқеаларида 500га яқин одам ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ одам яраланган ва минглаб уйлар ёндириб юборилган эди.

2010 йилнинг июнида Ўшда юз берган миллатлараро низода, расмий маълумотларга кўра, қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини қирғизлар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

XS
SM
MD
LG