Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:54

Мулозима Наргиза Раҳимова таҳдидлар ортидан хавфсизлик хизматлари ҳимоясига олинди


Ўзбекистон Mатбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Наргиза Раҳимова
Ўзбекистон Mатбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Наргиза Раҳимова

Ўзбекистон Mатбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Наргиза Раҳимова (қизлик фамилияси Саидова) хавфсизлик сабабларига кўра мажбурий таътилга чиқарилган ва у яшаб турган уй 24 соатлик хавфсизлик хизматлари ҳимоясига олинган. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идорасидаги манбалар ҳамда Наргиза Раҳимованинг ҳамкасблари маълум қилди.

4 фарзанднинг онаси 35 яшар Наргиза Раҳимова Озодликнинг Фейсбук саҳифасида қўшхотинликка қарши қилган эҳтиётсиз шарҳи ортидан интернетдаги троллар ва “муҳофазакор” диний сегмент томонидан виртуал сазойи қилинди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида авж олган интернет жазавасига Наргиза Раҳимованинг тармоқда кўпхотинликни ёқлаб чиққан Ҳаёт Бахтиёрўғли исмли Фейсбук юзерига берган жавоби сабаб бўлди.

“Пайғамбаримиз Хадича онамиз тирикликлари устига хотин олмаганлар” дея ўз позициясини билдирган мулозима гапида давом этиб, “Билмадим, балким ўша пайтда сўтакроқ бўлгандирлар, балки Хадича онамиз шаллақи аёл бўлгандирлар, бунисини сиз яхшироқ биласиз”¸ дея ўз виртуал оппонентига кесатиқ қилган.

Ушбу шарҳ келтириб чиқарган виртуал тўқнашувда Наргиза Раҳимова ҳимоясига чиққанлар, у ўз гапи билан “Хадича онамиз устига хотин олмаслик пайғамбаримизнинг онгли қарори бўлганини ва бошқа омиллар бўлмаганини уқтиришга ҳаракат қилганини айтишди.

Раҳимованинг асоссиз айбланаëтганини таъкидлаган юзерлар¸ эҳтиётсизлик билан қурилган “сўтак ва шаллақи сўзлари” шунчаки контекстдан юлиб олинган¸ дея таъкидлади.

Бироқ бу каби аргументларнинг минглаб адоватли шарҳлар, видеочиқишлар ва баёнотлар билан кўмиб ташлангани кузатилди.

Юзлаб шарҳларда, Наргиза Раҳимовага радикал террор гуруҳлари анъаналарига кўра, ўлим билан таҳдид қилинди.

Мисол, Abduvali Ganiev исмли Фейсбук юзери Ўзбекистон давлат мулозимини “сўйиб ташлаш” ва “тилидан осиш” билан таҳдид қилган бўлса, Хусаинбой Йулдошбоев исмли юзер унинг “қўли, оёғи ва тилини кесиш, кўзини ўйиб ташлаш” ни таклиф қилди.

Ижтимоий тармоқларда нафақат Наргиза Раҳимова¸ балки унинг оила аъзолари - болалари ҳамда эрига қарши таҳдидлар ҳам пайдо бўлди.

Матбуотга гапириш ваколати бўлмагани учун исми сир қолишини истаган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идорасидаги юқори мартабали мулозимнинг Озодликка айтишича, айни пайтда таҳдидли шарҳлар муаллифларини аниқлаш жараëни бошланган.

9 март куни ўзини Исломга оид “Ахборот-таҳлилий портал” деб тақдим этувчи интернет нашри Наргиза Раҳимованинг видеомурожаатини эълон қилди.

«Қисқача айтадиган бўлсам, тушунмовчилик бўлган. Асосий ниятим, мен бир худонинг бандаси сифатида турли талқинларга сабаб бўлган, кескин тортишувларга сабаб бўлаетган ўша фикрларим учун барча мусулмонлардан самимий узр сўрамоқчиман», деди Наргиза Раҳимова видеомурожаатида.

Босимлар остида Раҳимова ҳоним ўзининг ижтимоий тамоқларидаги барча аккаунтларини ўчириб ташлади.

Фергана. Ру нашрига маълум бўлишича, президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига Раҳимовани жазога тортиш, уни ишдан бўшатиш бўйича юзлаб мурожаатлар келган.

Твиттер (Twitter) ижтимоий тармоғига кўчган юзлаб шарҳлар таҳлили шуни кўрсатдики, бир хилда ёзилган Раҳимовани жазолаш чақириқлари, у ҳақдаги ҳақоратомуз гаплар ва унга нисбат берилган фейк скриншотлар ботлар ва троллар томонидан тарқатилган.

Турли исмларга очилган Твиттер аккаунтлардан тарқатилган бир хил постлар
Турли исмларга очилган Твиттер аккаунтлардан тарқатилган бир хил постлар

Ҳозирча Раҳимова атрофидаги баҳсу мунозаралар борасида фақатгина Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билвосита расмий муносабат билдирди.

Ўз баёнотида қўмита Наргиза Раҳимова номини тилган олмаган, бироқ қонунчиликка ишора қилиб унга қарши риторикани давом эттирган.

“Бугунга келиб бир инсоннинг қарашлари жамиятнинг бошқа аъзоларига ва ҳаттоки, бутун жамиятга таъсир этмай қолмаяпти….фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради” дея эслатади Дин ишлари қўмитаси.

Ҳалқаро Амнистия ташкилоти томонидан эълон қилинган “2018 йил Аёлларга нисбатан онлайн зўравонлик” деб аталган ҳисобот бугунги кунда Наргиза Раҳимова Ўзбекистонда дуч келган вазият бошқа турли маданий ва диний муҳитларга ҳам ҳос бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Ҳисоботга кўра, аёлларга нисбатан онлайн зўравонлик глобал муаммо саналади ва аксар ҳолатларда эркаклар фикрига зид баёнот қилган мансабдор аёллар таҳдид ва адоватли муносабатга дучор бўлмоқда. “Оқибатда аёллар ўз овозларидан дунёни ўзгартириш учун фойдаланиш ўрнига сукут сақлаш томон сиқиб чиқилмоқда”, дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG