Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:23

Майкл Коэн Конгрессда Дональд Трампга қарши кўрсатма берди


Коэн Конгрессга кўрсатма бериш арафасида.
Коэн Конгрессга кўрсатма бериш арафасида.

Коэн: Мистер Трамп ирқчи, товламачи ва ёлғончи

Узоқ йиллар АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий адвокати бўлган Майкл Коэн 27 февраль куни Конгресснинг Назорат ва ислоҳот қўмитасига берган кўрсатмасида президентни “ирқчи, товаламачи ва ёлғончи”, деб атади.

-Мен мистер Трампнинг ноқонуний ҳаракатларини яширишда иштирок этганимдан ва виждонимга қулоқ солмаганимдан уяламан. Уялганимнинг сабаби, мен мистер Трампнинг кимлигини яхши биламан. У ирқчи, У товламачи. У ёлғончи,-деди Коэн.

Конгресс Трамп 2016 йилдаги сайловолди тарғиботи пайтида Россия билан қандай алоқада бўлганини билишни истайди. Шу мақсадда у бошқалар қаторида Коэнни ҳам кўрсатма беришга чақирган.

"Трамп сайлов пайтида ҳам Москва билан музокаралар олиб борган"

Майкл Коэннинг айтишича, Трамп сайловолди кунларида Москвада осмонўпар бино қуриш юзасидан музокараларни олиб борган, бу ишни бошқарган, лекин АҚШ халқига кейинчалик бу ҳақда ёлғон гапириб, Москва билан ҳеч қандай алоқада бўлмаганини билдирган.

-Мен аввал мистер Трамп Россияда “Москва минораси”ни қуриш бўйича музокараларни 2016 йилнинг январида тўхтатган, деб ёлғон кўрсатма берганман. Аслида сайловолди кампанияси пайтида ҳам музокаралар бир неча ой давом этган,- деди Коэн.

Собиқ адвокатнинг айтишича, Трамп сайлов арафасида ўзи ўқиган мактаб, коллеж, университетга хат ёзиб, унинг имтихон баҳоларини ошкор этган одамлар катта кўнгилсизликларга дучор бўлиши ҳақида таҳдид қилган. Коэн Трампга ўн йилга яқин адвокат бўлиб ишлаган йилларида, ундан юзлаб одамлар ва ташкилотларни қўрқитишга ҳамда таҳдид қилишга кўрсатма олганини ҳам айтди.

Коэнга кўра, Трамп президент Барак Обама ва афроамерикаликлар тўғрисида ҳам ҳақоратли гапларни айтган.

Трамп: Коэн ҳалол юрист эмас

Коэн Конгрессга кўрсатма бераётган пайтда Трамп Вьетнамда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашаётган эди. У ўз муносабатини Твитер саҳифасида ёзиб қолдирди.

“Коэн мен билан ишлаган юристлардан бири холос. У ёлғончилиги ва кўзбўямачилиги учун Олий суд томонидан адвокатлик мақомидан ажратилган. У Трампга қарши кўп ҳаракатларни қилди. У қамоқ муддатини қисқартириш учунгина ёлғон гапираяпти. У ҳалол юрист эмас”,-деб ёзди Трамп.

52 ёшли Майкл Коэн ўтган йилнинг 12 декабрида солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ва сайлов кампаниясини молиялаш тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб уч йилга қамалган эди. У ўз айбини тан олган.

Конгрессменлар нима деди?

Конгрессдаги тингловда республикачти Жим Жордан Коэнни ёлғончиликда айблади.

-Демократлар сиздан фойдаланишаяпти холос, мистер Коэн. Бугун сиз уларнинг қўғирчоғисиз. Улар президентни лавозимидан четлаштириш учун нимадир айтиши мумкин бўлган одамларни излашаяпти,-деб айтди.

Конгресснинг Назорат ва ислоҳот қўмитаси раиси Элайжа Каммингс эса:

-Хонимлар ва жаноблар, биз ҳақиқатни билмоқчимиз. АҚШ президенти Дональд Трамп кўп баёнотларни берди. Энди америкаликларнинг бошқа тарафни ҳам эшитишга ҳаққи бор. Улар Коэннинг кўрсатмаларини тинглаб, ўзлари хулоса чиқаришади, -деб билдирди.

Махсус прокурор Роберт Мюллер тергови

Трампнинг 2016 йилдаги сайлов кампанияси пайтида Демократик партиядан президентликка номзод Ҳиллари Клинтон устидан ғалаба қозониш учун Москва билан ҳамкорлик қилгани тўғрисидаги иддаоларни махсус прокурор Роберт Мюллер тергов қилмоқда.

Трамп ўзининг сайлов штаби Москва билан ҳеч қандай алоқада бўлмаганини билдирмоқда. Москва ҳам бу иддаоларни рад этган.

Аммо Мюллер ўтказган тергов оқибатида камида 34 киши ва 3 та ташкилот айбига иқрор бўлди ва суд ҳукми билан айбдор деб топилди.

Уотергейт жанжалидан 47 йил ўтиб...

Майкл Коэннинг Конгрессга берган кўрсатмасини, хусусан, Трампнинг бунгача номаълум бўлган жиҳатлари ва унинг бизнес империяси тўғрисидаги маълумотларни “тарихий воқеа” сифатида шарҳлаётганлар ҳам бор.

Бу кўрсатма 1970 йиллардаги Уотергейт жанжалидан сўнг президентга қарши берилган кўрсатмаларнинг энг шов-шувлиси экани айтилмоқда.

1973 йилда Оқ уйнинг собиқ маслаҳатчиси Жон Дин президент Ричард Никсон Уотергейт иши юзасидан адолатли судлов бўлишига тўсқинлик қилгани тўғрисида кўрсатма берган эди. Орадан бир йил ўтгач Никсон истеъфо беришга мажбур бўлган. Никсон АҚШ тарихида истеъфо берган биринчи президент бўлди.

1972 йил 17 июнида Вашингтондаги “Уотергейт” мажмуасида жойлашган Демократик партиядан президентликка номзод штабига кирган бир неча киши ҳибсга олинганди. Улар штабга эшитиш мосламасини ўрнатишга урингандилар.

Мазкур воқеани тадқиқ этган Washington Post газетаси ходимлари Боб Вудвард ва Карл Бернстейн Демократик партия сайловолди штабига кирган кишилар Никсон маъмурияти билан боғлиқ одамлар бўлган, деган хулосага келганлар.

XS
SM
MD
LG