Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:41

АҚШ собиқ президент Бакиев даврида ўғирланган пулни Қирғизистонга қайтарди


Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев бугунги кунда Беларусда қочқинликда яшамоқда.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев бугунги кунда Беларусда қочқинликда яшамоқда.

АҚШ Қирғизистонга собиқ президент Қурманбек Бакиев даврида ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиқиб кетилган маблағнинг бир қисмини қайтарадиган бўлди.

АҚШ собиқ президент Бакиев даврида ўғирланган пулни Қирғизистонга қайтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Уэллс: Бу пулларнинг қайтарилиши ҳамкорлигимиз чўққиси бўлди

Бу борадаги шартнома АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллснинг Бишкекка қилган ташрифи доирасида 25 февраль куни имзоланди.

- Собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг оиласи ўғирлаган 4 миллион 600 минг доллар юзасидан ўтказилган текширув икки давлат ҳукуматларининг, аниқроғи ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг кўп йилик ҳамкорлигининг чўққиси бўлди. Бу пулларнинг қайтарилиши эса икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамловчи омилдир,-деди Элис Уэллс.

Қирғиз расмийси: Халқдан ўғирланган пулни халққа қайтарамиз

Қирғизистон молия вазири Бактигул Жээнбаева АҚШ қайтараётган маблағ ижтимоий лойиҳалар учун сарфланишини маълум қилди.

-Бу халқдан ўғирланган пул эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Шунинг учун Қирғизистон ҳукумати бу пулни қонуний эгаси - Қирғизистон халқига қайтариб беради. Бу пул ҳисобидан халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади,-деди Бактигул Жээнбаева.

Қирғизистон молия вазири Бактигул Жээнбаеванинг айтишича, собиқ президент Бакиев оиласи томонидан хорижга жами 250-300 миллион доллар ноқонуний олиб чиқиб кетилган. Қирғиз ҳукумати бу маблағни қайтариш масаласида ҳам иш олиб бормоқда.

Нью-Йорк судининг қарори

Расмий маълумотга қараганда, Нью-Йорк суди собиқ президент Бакиевнинг ўғли Максимнинг энг ишончли одамларидан бири бўлган Евгений Гуревични молиявий жиноятларда айблаб судга тортган.

Суд жараёнида Гуревич Қирғизистондан ноқонуний йўл билан 6 миллион долларни олиб чиқиб кетгани аниқланган. АҚШ мана шу 6 миллион долларнинг 4 миллион 600 мингини топишга муваффақ бўлган ва уни Қирғизистонга қайтармоқда.

АҚШ ва Қирғизистон муносабатларини "илитиш учун" ташланган қадам

Сиёсатшунос Эмил Жўраевнинг айтишича, АҚШ томонидан 4,6 миллион долларнинг Қирғизистонга берилиши Вашингтон ва Бишкек алоқаларини 2015 йилдан олдинги даражага қайтаради.

-​-2015 йилда Бишкекда АҚШ базаси ёпилганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб, турли зиддиятларга сабаб бўлган эди. Қирғизистон АҚШ билан стратегик ҳамкорлик шартномасини ҳам бекор қилган. Пулларнинг қайтарилиши икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўз ўрнига қайтаётганидан дарак беради, -деди Эмил Жўраев.

Қирғизистоннинг иккинчи президенти бўлган Қурманбек Бакиев 2010 йил 7 апрелида мухолифат лидерлари ҳибсга олинганидан норозилик билдириб намойишга чиққан минглаб одамлар билан тўқнашувлардан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Ўша тўқнашувларда кучишлатар тузилмалар билан юз берган отишмаларда юзга яқин норози ҳалок бўлган.

Қурмонбек Бакиев ва унинг оиласи хозирда турли хориж давлатларида қочқинликда яшайдилар.

Ўзбекистон билан паралеллар

Ўзбекистонда ҳам собиқ президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова тўплаган ноқонуний бойликни мамлакатга қайтариш ҳаракати олиб борилмоқда.

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686.7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш муддати аниқ эмас.

Айни пайтда келиб чиқиши ўзбек бўлган АҚШ фуқароси Мансур Мақсудий Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларининг 100 миллионига даъвогарлик қилмоқда.

Мансур Мақсудий Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов қизининг собиқ эридир. Гулнора Каримова Мансур Мақсудийга 1991 йилда турмушга чиққан эди. Улар 2001 йилда ажрашиб кетганлар.

Мансур Мақсудий ажрашганидан сўнг Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча мулклари, жумладан, Coca-Cola Bottlers Uzbekistan ширкатидаги улушлари тортиб олинганини билдирган.

Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик¸ ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик йўли билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бекитиш каби жиноятларда айланмоқда.

XS
SM
MD
LG