Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:18

Назарбоев ўзига ворис тайинлаш ҳаракатига тушдими?


Остонадаги ёнғинда беш боланинг қурбон бўлиши ортидан бошланган норозиликлар Қозоғистон ҳукуматининг истеъфога чиқарилиши сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда. Истеъфо 80 ёшга яқинлашаётган Президент Нурсултон Назарбоев вориси масаласи билан боғлиқлиги ҳам эътибордан четда эмас.

Президент Назарбоев ҳукумат истеъфосини эълон қилар экан, Бош вазир Бақитжон Сагинтаев бошлиқ ҳукумат ўз вазифасини уддалай олмаганини айтган. Бу ўзгариш Қозоғистонда кутилаётган сайловлар, ҳокимият алмашишига доир мулоҳазалар кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Президент Назарбоев истеъфо сабабларини иқтисодий омилларда кўрган бўлса-да, унинг қозоқ жамиятини ларзага солган фожиага боғлиқлиги ҳақида ҳеч нарса демаган; аммо ҳукумат кам таъминланган аҳоли билан ишлашни йўлга қўя олмаганини эътироф этган.

4 февраль куни Остонада юз берган ёнғинда бир оиланинг беш фарзанди ёниб кетган эди. Тунда юз берган фожиа пайтида болаларнинг ота-оналари ишда, навбатчиликда бўлишган.

Қозоқ жамоатчилигини ларзага солган бу фожиа ортидан мамлакатдаги кўп болали оналар ижтимоий шароитларни яхшилаш талаб қилинган норозилик акциясини бошлади.

Фожиа 30 йилдирки Қозоғистонни муқобилсиз бошқариб келаётган Назарбоев ҳокимиятига нисбатан ҳам норозилик тўлқинини кучайтиргани айтилмоқда.

Мухолифат Назарбоев ўз ҳокимиятига нисбатан норозилик кучайганидан яхши хабардорлигини, ҳукумат истеъфоси шу норозиликни тинчлантиришга қаратилганини таъкидламоқда.

Қозоқ мухолифати фаолларидан бири Айдос Содиққа кўра, мамлакатда норозиликлар кўлами ошмоқда; нафақат Остона, балки бошқа шаҳарларда ҳам иқтисодий вазиятни яхшилаш талаб қилинган турли акциялар кузатилмоқда.

“Бу истеъфонинг асосий сабаби Қозоғистонда бошланган норозилик акцияларидир. Бундай норозиликлар Остона дохил мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилмоқда. Ижтимоий қаршиликлар тўлқини ошиб бормоқда, одамлар яшаш шароити ёмонлашиб бораётганидан норозилар. Бундай шароитда Назарбоев жамоатчиликка муаммоларга айбдор бўлган кимнидир кўрсатиши керак эди, шундай бўлди. Мавжуд муаммоларда Сагинтаев бошлиқ ҳукумат айбланди, истеъфога чиқарилди”, - дейди Айдос Содиқ.

Сиёсатшунослар Қозоғистон ҳукуматининг истеъфога чиқарилиши ортида нафақат иқтисодий сабаблар, балки мамлакатда кутилаётган сайловлар, хусусан, 80 ёшни қаршилаётган Президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий вориси масаласини ҳам кўрмоқда.

Қозоғистонда аксарият сайловлар муддатидан олдин ўтказиб келинган, навбатдаги сайловлар ҳам бундан мустасно эмас. Катта эҳтимол билан президентлик сайловлари 2019 йилда ўтиши кутилмоқда.

Бу сайловлардаги асосий масала унда президент Назарбоевнинг иштирок этиш- этмаслиги ҳақида бўлади. Ҳукумат истеъфоси Назарбоев вориси ким бўлиши ҳақидаги саволларга ҳам ойдинлик киритади, деган қарашлар йўқ эмас.

“Ҳукумат истеъфоси ортидан шундай ўринли мулоҳазалар бор. Чунки ҳокимият транзитини амалга ошириш учун ҳукумат тарқатилиши жуда қулай вақт, тизим Назарбоев ўрнига келадиган янги ворисга мослаштирилиши керак. Аммо унинг ўрнига ким келиши, ворис амалиёти ўтказиладими, йўқми, бу ҳақида фақат тахминлар қилиш мумкин. Назарбоев ҳокимиятни топширишига бирор ишора бермади, аксинча ўтган йил Финландияга қилган сафарида навбатдаги сайловларда ҳам қатнашишига шама қилган эди. Шу ой охирида президент “Нур Отан” партияси съездида чиқиш қилиши кутилмоқда, кўпчилик айнан шу тадбирдан сўнг Назарбоев ворисига доир масалага ойдинлик киритилишига умид қилмоқда”, - дейди Айдос Содиқ.

Қозоғистонда ҳукумат тарқатилиши ортидан ҳукуматни вақтинча бошқариш Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Асқар Маминга юклатилган.

Собиқ бош вазир Бақитжон Сангитаев махсус баёнот билан чиқди. Унда элбоши, мамлакат асосчиси фақат давлат, халқ манфаатидан келиб чиқиб қарор чиқариши, Президент Назарбоев замонанинг буюк бунёдкори эканлиги, Қозоғистон халқи бугуни ва келажагини фақат унинг номи билан боғлаши ҳақида сўз боради.

XS
SM
MD
LG