Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:01

OzodMikrofon: "11 жонни боқаётган дўконимни ноқонуний тортиб олишмоқда


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилоят бўлими раиси ўринбосари Абдуғофур Дадабоев.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилоят бўлими раиси ўринбосари Абдуғофур Дадабоев.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилоят бўлими раиси ўринбосари Абдуғофур Дадабоев Адлия бошқармасига қўмита тўғрисидаги ҳисоботни топширишни бир кунга кечиктиргани боис, судлар оиласининг ягона даромад манбаи бўлган дўконини тортиб қўйишганидан шикоят қилди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 65 ёшли фаоли Абдуғофур Дадабоевнинг айтишича, у 2015 йил 5 февраль куни Адлия бошқармасига ҳисобот топширишни бир кун кечиктиргани учун жиноий ишлар бўйича Асака туман суди томонидан 11 миллион 840 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Абдуғофур Дадабоев суд қароридан юқори инстанцияга шикоят киритганидан сўнг жарима миқдори 95 фоизга туширилган. Бу қарордан ҳам норози бўлган ҳуқуқ фаоли Андижон вилоят судига мурожаат қилади. Суд жарима миқдорини 80 фоизга туширади ва жарима 9 миллион 700 минг сўм деб белгиланади.

Шундан сўнг фаол Олий судга шикоят қилади. 2017 йил 30 январь куни Олий суд жарима миқдорини 2 миллион 965 мин сўмга туширган.

Суд қарори ҳақида билдирув.
Суд қарори ҳақида билдирув.

-Олий суд қарори ижро ҳаракатларини бошлаш учун 2017 йилнинг 15 февралида Мажбурий ижро бюросига юборилган. Лекин манфаатдор сифатида Асака тумани Мажбурий ижро бюроси Олий суд қарорини бир йилу тўққиз ой бажармаган. Биринчи суд инстанциясидан Олий судгача мени иккинчи гуруҳ ногиронлигим, қарамоғимдан ўзимдан ташқари 10 киши борлиги, оилавий шароитимнинг ачинарли ҳолатлари инобатга олинмаган, - дейди Абдуғофур Дадабоев.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилишича, Дадабоевнинг дўкони 2015 йил 17 апрель куни суд ижрочиларининг Асака туман бўлими буюртмаси билан Андижон вилояти Баҳолаш ва консалтинг маркази томонидан ўн бир миллион бир юз олтмиш минг олтмиш уч сўмга баҳоланган.

Суҳбатдошга кўра, шундан сўнг дўконнинг дастлабки баҳоси 8 миллион 131 минг 417 сўм қилиб белгиланган ва ким ошди савдосига қўйилиб, 9 миллион 7 минг сўмга сотиб юборилган.

-Ҳозир дўконимиз яна бошқа шахсга 18 000 долларга сотилаяпти экан. Аукционда сотиб олган одам. У одамга дўконни олди-сотти қилиб юбориш фойдалироқ. Олди-сотти қилиб юборишга Мажбурий ижро бюроси, суд, прокуратура ёрдам берган. Ўйлашимча, юқоридан кимдир, через подставной – бир одамни номига олиб, кимдир уни сотиб олган. Шаҳарни ўртасида энг гавжум жой. Бўлмаса 24 квадрат метрли жой 18 минг долларга чиқадими,- дейди суҳбатдош.

Бироқ дўкон ким ошди савдосида сотилган бўлишига қарамай, ҳуқуқ фаоли оиласи 2018 йил сентябригача у орқали тирикчилик ўтказишни давом эттирган.

Дадабоевга тегишли дўкон.
Дадабоевга тегишли дўкон.

2018 йил 6 сентябрь куни суд ижрочилари унинг дўконини бўшатишга келган. Абдуғофур Дадабоев иддаосича, дўконни бўшатишга келганлар унинг қизлари ва набираларига нисбатан куч ишлатган:

-Ўн беш йилдан бери қанд касали билан оғриган хотиним 12 нафар ижрочи ва 11 нафар милицияга қаршилик кўрсатган деган маънода милицияга олиб кетилган. Лекин улар милиция ходимларининг жиноятини беркитиш учун суд тиббий экспертизасига йўлланма бермаган. Олинган тан жароҳатини ўз вақтида кўришмаган ва ҳозиргача суд тиббий экспертизасига жўнатишмади, - дейди Абдуғофур Дадабоев.

“Нима учун Олий суд қарори чиққанидан сўнг суд ижрочилари дўконингизни олиб қўйгунича белгиланган жаримани тўламадингиз?” деган саволга Абдуғофур Дадабоев:

-Мен суд ижрочиларига ўзим бордим. Бориб “Мана қарор чиқди. Менга ҳисоб рақамини беринглар. Қайси ҳисобга 2 миллион 960 минг тўлайман”, дедим. Улар: “Ҳозир пулингизни ололмаймиз сиз кутиб туринг, тепадан кўрсатма бўлса сизга ҳисоб рақамини берамиз”, дейишди,-деб жавоб берди.

65 ёшни қоралаган, 2 гуруҳ ногирони бўлган ҳуқуқ фаоли Озодлик орқали Ўзбекистон президентига ҳам мурожаат қилди:

-Менинг ўн кишидан иборат оилам аҳволи нима бўлади? Мен Озодлик радиосига мурожаат қилишдан мақсадим, иложи борича мени дод - фарёдимни президентга етказсин. Мана шу ишларни қайта кўриб чиқиб, мулкимни қайтариб беришни сўрайман, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Фаолнинг қарамоғида ўзидан ташқари яна 10 жон борлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Фаолнинг қарамоғида ўзидан ташқари яна 10 жон борлиги тўғрисидаги маълумотнома.

Абдуғофур Дадабоевнинг айтишича, у ушбу ҳолат юзасидан 21 марта Ўзбекистон президентига мурожаат қилган. Унинг 11 мартасида мурожаатлари президент порталига юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасидан 17 марта жавоб хати келган. Ҳуқуқ фаоли жавобларнинг барчаси юзаки жавоблар эканини ва аризаларининг барчаси Андижон вилоят прокуратураси архивида сақланаётганини айтди.

Дадабоев яшаётган уй.
Дадабоев яшаётган уй.

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз:

+420 724 971 539; +420 724 740 755.

Муҳим эслатма: “Озод микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG