Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:27

ИИБ ходимлари: Президент огоҳлантирувидан кейин Андижонда жиноятни рўйхатга олиш қийинлашди!


Президент Шавкат Мирзиëев 2019 йилнинг 10 январь кунини асосан мамлакат ички ишлар тизимидаги аҳволни ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишлади.
Президент Шавкат Мирзиëев 2019 йилнинг 10 январь кунини асосан мамлакат ички ишлар тизимидаги аҳволни ўрганиш ва муҳокама қилишга бағишлади.

Президент Шавкат Мирзиëев 10 январь кунги селектор йиғинида ички ишлар тизими раҳбарларига мамлакатдаги жиноятларни очиш даражасини ошириш¸ жиноятчиликни жиловлаш ва жиноят сонини камайтириш ҳақида буйруқ берди. Бунинг ортидан Андижон вилоят ички ишлар тизимида масъул лавозимда ишловчи мулозимлар иддаосича¸ жиноятлар¸ хусусан¸ майда жиноятларни рўйхатга олиш ниҳоятда қийинлашган.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган вилоят ИИБнинг бир-биридан мустақил жорий мулозимлари¸ вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Собиров “содир этилган ҳар бир жиноятни фақат ўз розилиги билангина рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий қилган”ини иддао қилди.

ИИБ мулозимлари¸ Собиров бу ишни президентга 2019 йилнинг биринчи чорагида жиноятчилик камайди деб ҳисобот бериш мақсадида қилаëтганини таъкидлади.

Озодлик бу иддаоларга ИИВ матбуот хизмати ва Андижон вилоят бошқармасидан муносабат ола олмади.

Президентга мактуб

Андижон вилоят ички ишлар тизимида ишловчи мулозимлардан бири¸ шахсини очиқламасдан президент Шавкат Мирзиëевга ëзган мактуби нусхасини Озодликка юборди.

Андижон ИИБсида ишловчи исми очиқланмаган мулозим президент Шавкат Мирзиëевга ëзган 5 саҳифалик мактуби нусхасини Озодликка юборди.
Андижон ИИБсида ишловчи исми очиқланмаган мулозим президент Шавкат Мирзиëевга ëзган 5 саҳифалик мактуби нусхасини Озодликка юборди.

“Ҳақиқат ҳаммага ëқади¸ лекин ҳақиқатни айтган одам ҳеч кимга ëқмайди”¸ деган бу мулозим¸ “бола-чақа боқиш учун ҳали ҳам тизимда ишлаши кераклиги боис¸ шахсини кўрсатишга ботинмаганини таъкидлайди.

Беш саҳифалик президентга мурожаатдаги асосий эътироз¸ Андижон вилоят ИИБ бошлиғи¸ полковник Шуҳрат Собировнинг жиноятни рўйхатга олиш тизимида бошлаган ўзгариши билан боғлиқ.

“Агар бирорта туманда жиноят содир этилиб¸ (қотилликдан ташқари¸ одам ўлмаса бўлди) буйруқ талаби асосида вилоят ИИБ Навбатчилик қисмига туман Ички ишлар бўлими Навбатчиси содир этилган жиноят ҳақида айтса¸ Навбатчилик қисмини айтадиган гапи аниқ: бошлиғингиз бошлиққа ахборот бериб қўйса¸ кейин оламан¸ дейди. Туман ИИБ бошлиғи Собиров жанобларига ахборот бергудек бўлса¸ шахсиятига тегадиган гапларни эшитиб¸ иш фаолиятини ўрганиш учун махсус гуруҳ жўнатилади¸ ëки бўлмаса “бир жойингга тиқиб ол” деган гапларни эшитади. Жиноятни рўйхатдан ўтказиш¸ фуқаро мурожаатини қонуний ҳал қилиш жаноб Шуҳрат Ўринбоевичнинг виждонига ҳавола бўлиб қолди”¸ - дейилади Озодликка юборилган мактубда.

Андижон ИИБсида хизмат қилаëтган бу мулозим таъкидича¸ президент қарорини ижро этиш иддаоси билан ички ишлар тизими мутасаддилари ишдан кетишдан қўрқиб жиноятни яширишга ўтган ва 2019 йил январь-февраль ойларида рўйхатга олинган жиноятчилик статистикаси кескин қисқарган.

“Январь ойидаги селектордан кейин Андижонда жиноятчилик 40 фоизга камайди¸ деб ҳисобот тайëрлашди. Аслида¸ ўлим билан боғлиқ бўлмаган¸ айниқса¸ майда жиноятларни рўйхатдан ўтказиш тўхтади”¸ - деб иддао қилади Андижон ИИБ тизими мулозимларидан бири.

Озодлик билан суҳбатда бу мулозим¸ Андижон вилояти¸ хусусан¸ ўзи ишлаëтган ҳудудда айнан қайси жиноятларнинг рўйхатдан ўтказилмаганига оид саволга “ошкор бўлишдан қўрқиб” аниқ жавоб беришни истамади.

Андижон ички ишлар тизимида ишловчи бошқа мулозим ҳам вилоятда жиноятчилик статистикасини камайтириш мақсадида майда жиноятларни рўйхатга олмаслик жараëни мавжудлигини тасдиқлади.

“Бу оғзаки буйруқ асосида бўлаяпти. Убийства, наркотиклар, угон, босқинчиликдан ташқари ҳаммасини рўйхатдан ўтказмаслик айтилган. Лекин ҳолатига қараб - жиноят оғир, ўта оғир бўлса илож йўқ. Ëки жабрланувчи чора кўрасан деб туриб олса¸ ўтказади¸ мажбур. Бошқа жиноятлар¸ масалан¸ зўрлаш¸ бировнинг уйига ўғриликка тушиш каби ҳолатларда “ярашув бўлади”¸ “яраштирилганлар устида яхшилаб ишланади”¸ - дейди Озодлик гаплашган Андижон ички ишлар тизимидаги зобитларидан яна бири.

Андижон ички ишлар тизимига яқин яна бир маҳаллий мулозим¸ бу жараëннинг бораëтганини тасдиқлаб¸ шаҳарнинг 23-мактаби 5-синф ўқувчисининг ўз уйида осилган ҳолда топилгани¸ 11-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Алоқа коллежининг 3-курс талабасини пичоқлаб қўйганининг расмий рўйхатдан ўтказилмаганини иддао қилди.

Озодлик бу жиноятлар содир бўлгани ва уларнинг Андижон ички ишлар тизимида рўйхатдан ўтган-ўтмаганига ҳозирча аниқлик кирита олмайди.

Андижон вилояти ва шаҳри ички ишлар тизимининг Озодлик боғланган навбатчилари бундай маълумотнинг матбуотга берилмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазири қабулхонаси расмийлари Андижонда жиноятни рўйхатдан ўтказишнинг қийинлашганига оид иддаоларга ҳам жавоб беришни истамади. Вазирлик матбуот хизмати телефон рақамига эса¸ кунлар давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Президент буйруғи

10 январь куни ички ишлар тизими фаолиятига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев 2018 йилда 3734 та жиноятнинг очилмай қолганини қайта-қайта таъкидлаб¸ тизим раҳбарларига бу кўрсаткични зудлик билан яхшилашни талаб қилган эди.

Йиғиннинг Озодликка юборилган қарийб икки соатлик аудиоëзувида Шавкат Мирзиëев ИИВ раҳбарларига қарата:

- 3000 дан кўп жиноят очилмаганига ë олти ойда манга ҳисоботини берасан¸ ë икковинг ҳам ишдан кетасан – жиноят очилмадими – жавоб берасан¸ - дейди жумладан.

10 январь кунги мажлисда президент Андижондаги жиноятчилик статистикасига алоҳида тўхталиб¸ вилоят раҳбарлари¸ хусусан¸ ИИБ бошлиғига огоҳлантириш берган эди.

Андижоннинг барча туманларида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар сони ошгани¸ хусусан¸ 7 туманда қотилликлар ¸ яна 7 туманда оғир тан жароҳати етказиш кўпайганини алоҳида таъкидлаган Мирзиëев:

- Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Собиров¸ вилоят прокурори Қодиров ва Миллий гвардия округ раҳбари Шералиев [ларни] биринчи чорак якунида ўзгариш қилмаган тақдирда¸ қатъий чора кўриш тўғрисида огоҳлантираман.

Андижон ички ишлар тизимида ишловчи мулозимлар Озодлик билан суҳбатда вилоят раҳбарлари¸ хусусан¸ жиноятчиликни қайд этиб борувчи бирламчи идора саналган ички ишлар бўлимларида жиноятни рўйхатдан ўтказишнинг қийинлашганинини бевосита ана шу огоҳлантирув билан боғлайди.

“Булар ўз амалини сақлаб қолиш - президентга ëлғон ҳисобот бериш учун жиноятчиликни рўйхатдан ўтказмаслик тизимини яратишди. Бу ишнинг ўзи жиноятдир”¸ - дейди Озодлик гаплашган ИИВ мулозимлари.

10 январь кунги мажлисда айтилганлардан¸ бу ишнинг жиноят эканини президент ҳам яхши билади.

“Хоҳласак 10 фоиз¸ хоҳламасак 35 фоиз деб ëзаверардик (жиноятлар сони назарда тутилмоқда – таҳр.) кимга қандай ëқса¸ шундай ўқийверарди. У замон ўтиб бўлди. Фақат компьютер тизимига киритилади энди. Ким агар компьютердаги янги тизимга киритмаса¸ у жиноятчи ўзи; раҳбар бўлиб у ерга бермаса¸ жиноятчи у”¸ дейди Озодликка юборилган аудиоëзувда президент Мирзиëев.

XS
SM
MD
LG