Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:21

Истанбулда 35 нафар ўзбекистонлик ва қирғизистонлик жинсий қулликдан қутқарилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик ва қирғизистонлик бўлган 35 аёл жинсий қулликдан қутқарилди. Бу ҳақда CNN Turk 12 февралда хабар берди.

Истанбулда 35 нафар ўзбекистонлик ва қирғизистонлик жинсий қулликдан қутқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00

Айтилишича, Истанбул полицияси бу аёлларни фохишабозликка мажбурлаган жиноий гуруҳ аъзоларини ҳам қўлга олган. Улар Туркияда иш берилишини баҳона қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали аёлларни Истанбулга келишга ундаган. Уларнинг чақируви билан бу ерга келган аёлларни эса жинсий қулликда сақлашган.

Истанбул полициясининг билдиришича, жиноий гуруҳни қўлга олиш юзасидан амалиёт уч ой режалаштирилган. Ўзбекистонлик аёллардан бири уни Истанбулга ишга чақиришгани, аммо бу ерга келганидан сўнг унинг паспортини олиб қўйишгани ва фохишаликка мажбурлашаётгани тўғрисида полицияга шикоят қилгани ортидан жиноий гуруҳ кузатув остига олинган.

Жиноий гуруҳни қўлга олиш амалиёти 12 февраль куни эрталабки соат олтида Истанбулнинг 7та туманида бир вақтнинг ўзида ўтказилган. Полиция фохишахонага айлантирилган 30та хонадонни босган ва тинтув қилган. Амалиёт натижасида жами 85 одам ушланган. Уларнинг 35 нафари ўзбекистонлик ва қирғизистонлик аёллардир. Улар ватанларига жўнатилиши айтилмоқда.

Haberler газетасининг ёзишича, жиноий гуруҳнинг 20 нафар аъзоси одам савдоси, фохишахоналарни ташкил қилиш ва фохишаликка мажбурлаш каби айбловлар билан судга тортилади.

Газетанинг маълум қилишича, жиноий гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқ орқали аёллар ва қизлар билан танишиб, уларга уйланишларини айтганлар. Айримларига эса қариялар ва болаларга энагалик қилиш таклиф этилган. Амалиёт давомида қўлга олинган яна 30 одам ҳозирда сўроқ қилинмоқда.

Sozcu газетаси амалиётда 22 нафар хориж фуқароси, жумладан, бир нафар балоғатга етмаган қиз жинсий қулликдан қутқарилгани ҳақида ёзди.

Тинтув қилинган хонадонлардан учта тўппонча, 107та ўқ, япон самурай қиличи, фохишаликка мажбурланган қизларнинг ҳужжатлари, битта қалбаки паспорт, 6 граммга яқин наркотик модда ва 50та сим карта топилган.

Расмийларга кўра, Анталия, Истанбул ва Анқара каби катта шаҳарларда хорижлик аёлларни “ишга таклиф қилишиб”, кейин қулликка ёки фохишаликка мажбурланганлари кўпроқ қайд этилган.

Туркияда нафақат маҳаллий жиноий гуруҳлар, балки Ўзбекистондан борган айрим шахслар ҳам ватандошларини фохишаликка мажбурлаш билан шуғулланади. Масалан, 2017 йилда Туркиянинг турли шаҳарларида 76та исловотхона ташкил этган 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Мадина Шукурова қўлга олинган эди. Унинг исловотхоналаридан асосий қисми ўзбекистонлик бўлган 21 аёл жинсий қулликдан озод қилинган эди.

XS
SM
MD
LG