Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Ўзбекистон ТИВ:"Уларда жасадни юбориш учун етарли маблағ бўлган!"


Баҳодир Аҳмедов, видеомурожаатдан лавҳа
Баҳодир Аҳмедов, видеомурожаатдан лавҳа

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда ҳалок бўлган укасининг жасадини ватанига юборишда кўмак сўраб президентга видеомурожаат йўллаган Баҳодир Аҳмедов юзасидан жамоатчиликка тушунтириш берди.

Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Аҳмедов Ташқи ишлар вазирлиги иддаоларига муносабат билдирди.

“Уларда жасадни юборишга маблағи етарли бўлган!”

2019 йилнинг 8 феврал куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаменти Москвада нобуд бўлган фарғоналик 32 яшар Отабек Болтаевнинг жасадини Ўзбекистонга юборилиши билан боғлиқ вазиятга расмий тушунтириш берди.

Унда “ўзини марҳумнинг қариндоши деб таништирган Баҳодир Аҳмедов” исмли шахс иш берувчидан ёрдам пулини тўлиқ олгани тўғрисида маълумотлар аниқлангани айтилади.

Гап шундаки, фожиадан бир неча кун ўтиб, Баҳодир Аҳмедов ижтимоий тармоқларда ўз видеомурожаатини жойлаштирган эди. Унда Баҳодир Ўзбекистон элчихонаси ва Узбекистон ҳаво йўллари ширкати унга укасининг жасадини ватанига юборишга кўмак беришдан бош тортгани айтилганди.

Вазирликнинг билдиришича, Баҳодирнинг укаси Отабек Болтаев 2018 йилнинг ноябрь ойида Москвага келиб ишлай бошлаган.

2019 йилнинг 5 январида у кўп қаватли уйлардан бирининг томидан қор кураётган пайтида йиқилиб тушган ва ҳалок бўлган.

"Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигида мавжуд маълумотларга қараганда, Баҳодир Аҳмедовга укаси Отабек Болтаев жасадини Фарғонага жўнатиш учун Отабек Болтаев ишлаган “Жилишник” ширкати юз минг рубль пул берган. Бундан ташқари мазкур ширкат Отабек Болтаевнинг хотинига ҳам товон пули сифатида 250 минг рубль берган. Бироқ Ўзбекистон элчихонаси бу пулларни Баҳодир Аҳмедов ва марҳумнинг хотини олгани ёки олмагани тўғрисида аниқ маълумотларга эга эмас", дейилади хабарда.

Шунга қарамай Ташқи ишлар вазирлиги Баҳодир Аҳмедов укасининг жасадини ватанига жўнатиш учун етарли маблағ бўлганини иддао қилган.

Шу билан бирга расмий тушунтиришда: "О. Болтаевнинг оила аъзолари ёки уларнинг қонуний вакили Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментига мурожаат қилса,ТИВ ҳалок бўлганнинг оила аъзоларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр", деб айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида чоп этилган бу билдиришномада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3839-сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Жамғармаси ташкил этилгани таъкидланган.

Мазкур Қарорга кўра, хорижда вафот этган ватандошларимизнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш билан боғлиқ ҳаражатлар “Жамғарма томонидан қопланилиши” белгиланган.

"Внуково"дан кунига иккита жасад Ўзбекистонга кетяпти!"

Озодлик Радиоси Ташқи ишлар вазирлигининг бу иддаоларига фарғоналик Баҳодир Аҳмедовнинг муносабатини ўрганиб кўрди.

Баҳодир холаваччаси Отабекнинг иш жойидан 100 минг рубл миқдорида имзо қўйиб пул олганини инкор этмади. Озодлик билан суҳбатда у бу маблағ тўлиқ жасадни ўликхонадан олиб чиқишга ва Ўзбекистонга жўнатишга сарфланганини билдирди.

- “Ўзбекистон Ҳаво Йўлларига” телефон қилганимда мендан 18 минг рубль пул сўрашди. Охири иш 16 минг рубл билан битди. Лекин элчихона менга шу томонлама учирворишга ёрдам берганида,16 минг рублни мен ота-онаси, болларига жўнатворардим! Марака, қирқига, керакли жойларга ишлатишарди... Шу учун мен элчихонага ўз уйимга кирганимдек, яхши ниятда кирган эдим. Оқибатни умуман бошқача қилишди, бефарқ муносабатда бўлишди. Иш жойи ёрдам бермаганда ҳам бир бало қилиб жўнатардик - йўқ жойдан умидда..

Мен “укамни жўнатишга, маракаларига шунча пул олдим”, деб ёзиб берганман. Видеода ҳам “ишхонадагилари менга ёрдам берди”, деб айтяпман! Отабекнинг хотинига “250 минг пул ўтказилди” деган гап эса ёлғон – бу пул ўтмаган ҳали. Ҳақиқатан, директори 250 минг ёрдам беришини айтди, лекин “Баҳодир, ундан налог ушланиши мумкин”, дейишган. Укамни оиласи картасига тушади у пул, лекин қанчалигини билмайман. Ва қачон тушишини ҳеч ким билмайди! Мен элчихонага борганимда бу пулларни бериши-бермаслиги ҳали аниқ бўлмаган эди. Менга ишхонадаги болалар ҳам майдалаб пул ташлашган эди, деди иш берувчисидан олган пул Отабек жасадини Ўзбекистонда жўнатишдан ортмаганини билдирган Баҳодир.

Суҳбатдош Отабек Фарғонада қолган иккита норасида фарзанди ва аёлининг ягона боқувчиси бўлгани ва яқинларининг моддий кўмагида қабристонга қўйилганини эслатиб қўйди.

Баҳодир президентга видео орқали мурожаатнома ёзишига Россияда ҳалок бўлган ўзбек мигрантларининг усиз ҳам ночор аҳволда яшовчи яқинларига жасадни Ўзбекистонга олиб кетиш оғирлик қилаётганига кўп маротаба гувоҳ бўлгани туртки бўлганини айтди.

-“Внуково” аэропортида укамни ҳужжатларини тўғрилагунча “грузовой отделда”ги одам айтяпти: бир ойда фақат “Внуководан” 50-60 ўлик Ўзбекистонни ҳар хил районларига учади, деяпти. Кунига иккита дегани бу! Бошқа авиакомпания, машинада олиб кетаётганлар қанча. Шу учиб кетаётганлар қаердан пул топишади?! Балким, қийналишаётгандир, ота-онаси қарзга кириб, олиб кетаётгандир. Ўзбекистон “Ҳаво йўллари”, элчихонаси шу томондан ёрдам берворса шу пул яқинларига тегади, ўша 16-18 минг топиш одамларга осон эмас, деди Баҳодир Аҳмедов.

XS
SM
MD
LG