Ядровий қурол отишга қодир икки рус бомбардимончи учоғини Шимолий Америка соҳилларидан кузатиб қўйиш учун АҚШ ва Канада қирувчи самолётлари сафарбар қилинди.
26 январь куни Шимолий Америка ҳаво-фазо мудофааси қўмондонлиги (North American Aerospace Defense Command - NORAD) бир кун аввал 2 та Ту-160 бомбардимончи самолёти Канада ҳаво кучлари назорат қиладиган ҳудудга кирганини маълум қилди.
Қўмондонлик билдирувига кўра, АҚШнинг икки F-22 учоғи ҳамда Канаданинг икки CF-18 учоғи воқеа жойига учиб бориб, Россия бомбардимончиларини ҳудуд ташқарисига кузатиб қўйган. Америка бомбардимончилари Аляскада жойлашган ҳарбий базадан ҳавога кўтарилган.
Ҳодиса айнан қайси ҳудудда содир бўлгани очиқлангани йўқ. АҚШ армияси Аляска қирғоқларидан 320 км масофага чўзиладиган ҳудудни назорат қилиб туради.
Россиянинг “ТАСС” агентлиги 27 январда тарқатган хабарда ёзилишича, АҚШ расмийлари Россия учоқлари “суверен ҳудудга кирмаганини” таъкидлаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса икки стратегик бомбардимончи учоқ нейтрал ҳудуд устида 15 соатга чўзилган ҳарбий машқни тамомлаганини билдирди.
NORAD қўмондони генерал Терренс ОʼШонесси эълон қилган билдирувда шундай дейилади:
“NORADнинг асосий вазифаси Канада ҳамда Қўшма Штатларни мудофаа қилишдан иборат. Мамлакатларимизни ҳимоя қилиш қобилиятимиз АҚШ ҳамда Канада ҳаволарига яқинлашаётган учоқларни муваффақиятли равишда аниқлаш, уларнинг изидан тушиш ҳамда улар кимга тегишли эканлигини аниқлашдан бошланади”.
NORAD мудофаа тизими радар, сунъий йўлдош ҳамда учоқлар ёрдамида АҚШ ва Канада ҳаволарига кираётган учоқларни назорат қилиб туради.
АҚШ расмийларининг билдиришича, кейинги йилларда АҚШ ва Канада қирувчи учоқлари Россия ҳарбий учоқларини аниқлаб, ҳудуддан ташқарига кузатиб қўйган ҳолат бир неча марта такрорланган.
2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ ҳаво кучлари Аляска ғарбида икки Россия бомбардимончиси йўлини тўсган эди. Ўшанда АҚШ учоқлари рус учоқларини улар Аляска ҳаво мудофааси идентификация зонасини тарк этгунича кузатган.
2017 йилнинг апрелида эса Россия ҳарбий учоқлари Аляска ва Канадага бир неча марта яқинлашгани хабар қилинди. Ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ўз учоқлари нейтрал сувлар устида ҳарбий машқларни бажарганини билдирган эди.
Кейинги йилларда Россия ҳамда НАТО ҳарбий учоқлари дунёнинг турли чеккаларида бир-бирига яқин келган ҳолатлар сони кўпайди.
2017 йилнинг июнида Россия АҚШнинг ядровий қурол ташувчи B-52 бомбардимончи учоғини Болтиқ денгизи устидан кузатиб қўйганини маълум қилган эди.