Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:22

Андижон ҳокими маҳаллий клуб учун вилоятдаги барча тадбиркор ва фермерга “футбол солиғи” солди


Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов

9 январь куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “Вилоят футбол федерациясининг 2019 йилги суперлига ўйинларига тайëргарлик кўриш бўйича” ўтказган йиғилиши ниҳоясида вилоят ҳудудида фаолият юритаëтган барча тадбиркорлик субъектларига “Андижон профессионал футбол клуби (ПФК)” учун жами 8 миллиард 55 миллион сўмлик “ҳомийлик ëрдами” тўлаш талабини қўйди.

“Йиғилиш баëнига илова” деб аталган 6 саҳифалик ҳужжатнинг Озодликка 15 январь куни юборилган нусхасида жами 167 та корхона ва ташкилот номи ва уларга солинган “футбол солиғи” миқдори аниқ ëзилган.

Вилоят ҳокимлигининг мазкур йиғилишда бевосита қатнашган мулозими¸ шахси сир қолиш шарти билан¸ мажлисда қатнашган тадбиркор ва мулозимлардан маҳаллий футбол клубига “ҳомийлик ëрдами” бериш сўралганини тасдиқлади.

“Андижон ПФК”даги вазиятдан яхши хабардор маҳаллий мулозим эса¸ футбол клубининг бош спонсори GM Uzbekistan сметага киритилган маблағнинг учдан бирини ҳам бермагани оқибатида суперлигага чиққан клубнинг молиявий жиҳатдан оғир аҳволда қолгани вилоят ҳокимини шундай ҳаракатга мажбурлаганини билдирди.

GM Uzbekistan расмийлари ҳозирча спонсорлик мажбуриятининг нега бажарилмаëтгани ҳақидаги Озодлик саволларига жавоб бермади.

Ҳоким раислигида ўтган йиғилиш

2019 йилнинг 9 январь куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган йиғилишда маҳаллий “Андижон” футбол клубининг моддий-техник базасидаги муаммолар муҳокама қилинган.

Унда вилоят ҳокимлиги расмийлари ва туман ҳокимларидан ташқари Андижондаги аксар корхона ва ташкилотлар¸ хусусий бизнес эгалари ҳам қатнашган.

Йиғилишда “Андижон” футбол клубининг оғир молиявий аҳволи¸ хусусан¸ унинг стадионининг март ойида бошланадиган суперлига ўйинларига умуман тайëр эмаслиги муҳокама қилинган¸ бу вазиятга оид клуб бош директори Маъруф Абдусалом ахбороти тингланган.

Мажлис қарорида “Андижон” клубининг 2019 йилги суперлигада муносиб ўйнашини таъминлаш мақсадида ҳомийлик ëрдамини кўрсатиш бўйича ташаббусини” қўллаб-қувватлаш айтилган¸ қарор иловасида эса¸ бундай “ташаббус” кўрсатган 167 та корхона ва муассаса рўйхати келтирилган.

Андижон вилоят ҳокимлигида футбол клубига моддий ëрдам бериш масаласида ўтказилган йиғилиш қарори ва иловаси
Андижон вилоят ҳокимлигида футбол клубига моддий ëрдам бериш масаласида ўтказилган йиғилиш қарори ва иловаси

​ Рўйхатга тушган ҳар бир корхонага футбол клубининг “Асака банк”даги ҳисоб рақамига белгиланган пулни ўтказиб бериш топширилган.

Давлат муассасаларига 5 миллион сўмдан солиқ солинган бўлса¸ хусусий корхоналарга солинган ўлпон миқдори 350 миллион сўмгача боради.

“Одатий ҳол”

Андижонлик тадбиркорлардан бири¸ вилоят ҳокимининг бу мажлиси ва буйруғидан сўнг тадбиркорларга пулни тезроқ ўтказиш бўйича босим бошланганини айтди:

«Давления қилаяпти жойлардаги туман ҳокимлари - тоза ишлаяпсанми¸ камчилигинг йўқми¸ иш бор жойда камчилик бўлади¸ мени тўғри тушундиларингми¸ деб. Айтилган пулни қаердан олади тадбиркор¸ буларни қизиқтирмайди. Андижон бунақа нарсада доим биринчиликда. Вилоят ҳокими ҳозир номер один¸ веси анча кучайиб кетган¸ любойини ўтирғизиб-турғизади. Президент унга ҳамма ваколатни бериб қўйган шекилли. Биров йўқ деб кўрсинчи¸ нима бўлади”¸ дейди тадбиркор ва фермерларнинг футбол солиғига ғиринг дея олмаëтганини эътироф қилган андижонлик тадбиркор.

“Муаммо Асака заводининг пул бермай қўйганида”

“Андижон ПФК”даги вазиятдан яхши хабардор маҳаллий мулозим¸ бир неча йилдан сўнг суперлигага чиққан клубнинг молиявий¸ моддий-техникавий аҳволи ўта ночорлигини айтди.

Клуб бош спонсори - GM Uzbekistan. Сметага кўра, завод футбол клубига 3 миллиард сўмча маблағ ажратиши керак. Аммо ҳозиргача бу пулнинг учдан бирини ҳам бермаган. Клуб стадионидаги аҳвол суперлига ўйинларига умуман тайëр эмас. Клуб директори “Ўзавтосаноат”дан пул сўраб юрипти¸ лекин ҳеч нарса йўқ. Шунга ҳоким тадбиркорларга шунақа солиқ солишга мажбур бўлган¸ маҳаллий клубни қўллаш учун”¸- деди “Андижон” клубига яқин мулозим 16 январь куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 9 мартдаги қарорига мувофиқ "GM Uzbekistan" корхонаси Андижон футбол клубининг бош спонсори этиб тайинланган.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 9 мартдаги қарорига мувофиқ "GM Uzbekistan" корхонаси Андижон футбол клубининг бош спонсори этиб тайинланган.

Бу суҳбатдош¸ ҳамма жойда ўзини “Андижон” футбол клубининг бош спонсори сифатида кўрсатиб келаëтган GM Uzbekistan¸ спонсор сифатида президентдан қатор имтиëзлар олгани¸ аммо амалда клубни мутлақ ташлаб қўйганини айтди.

“GM Uzbekistan банкрот ëқасида”

Озодлик ўзини “Андижон” футбол клубининг бош спонсори деб тақдим этаëтганига қарамай спонсорлик мажбуриятини нега бажармаëтганини сўраш учун “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати¸ молия бўлими ва Асакадаги GM Uzbekistan заводи расмийлари билан боғланди. Аммо Озодлик суҳбатдошлари бу вазиятдан хабарлари йўқлигини айтиш билан чекланди.

GM Uzbekistan корхонасининг шахси сир қолишини сўраган расмийси Озодлик саволига қисқа қилиб¸ “Автосаноат” банкротлик ëқасида турганда¸ футболга пул қайда¸ деган мазмунда гапирди.

Пул йўқлиги сабаби - бу машиналар сотуви кам. Экспорт йўқ. Раҳбар-кадрлар ҳаммаси ноль. 220.000 планни бажариш учун қилинган харажатлар улкан бўлди. Жуда кўп импорт деталлар АВИАГРУЗ қилиб олиб келинди. GM Uzbekistanни ҳозир прокуратура текшираяпти. Бу кетишда¸ бакрот бўладиган бўлиб турипти. Қисқаси¸ не до футбола”¸ деди матбуотга очиқ гапириш ваколати йўқлигидан исми сир қолишини сўраган GM Uzbekistan корхонаси мулозими.

XS
SM
MD
LG