Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:39

Босмачилардан қолган мерос ёки Сталиннинг олтинлари. Ҳар бир одамга 14 миллион доллардан


СССР фуқаросининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси.
СССР фуқаросининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси.

Ўшда “Совет давридан қолган бойликлар СССР даврида туғилган одамларга бўлиб берилар экан”, деган миш-миш кенг тарқалди. Бир ойдан бери айрим одамлар СССРнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва паспорти мавжуд бўлган шахслардан ҳужжат тўпламоқда.

Кимдир "бир бало"дан, кимдир босмачилардан қолган бойликдан умид қилмоқда

WhatsApp тармоғи орқали тарқатилаётган бу каби миш-мишларга ишонган одамлар гап нима ҳақида кетаётганини тушуниб-тушунмай СССР давридан қолган ҳужжатларининг нусхасини топшириш учун навбатларда турмоқдалар.

-Менинг синглимга бир таниши айтибди, СССР паспорти бор одамларга паспортини топширса бир бало беришар экан деб. Бир балоси нима эканини мен ҳам билмайман. “Ҳозир нусхасига суратингизни ёпиштириб, топширинг”, дейишаяпти. Шуни қилаяпман,- дейди ҳужжат топширишга келган Субанайим Садирова.

- Ҳамма топшираяпти, мен ҳам қолиб кетмай деб ҳужжат топшираяпман. Билмадим… Чет элда шу қирғизистонлик босмачиларнинг бойликлари қолиб кетган эмиш. Шуни бўлиб берармишлар. Шунга топширинглар ҳужжат, деб айтишди, эл қатори мен ҳам топшириб қўйдим,- дейди яна бир суҳбатдош.

Ўшда “Сталиндан қолган бойлик”ни бўлиб олиш учун ҳужжат йиғилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:10 0:00

Кимдандир қолиб кетган мавҳум мерос

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Идрис Исақовнинг айтишича, ҳужжатлар Ўш давлат технология университетининг бош биносида йиғилаётган экан. Университет вахтёри мухбирга ҳужжатлар қаерда қабул қилинаётганини айтиб ва кўрсатиб берди.

Вахтёрнинг айтишича, СССРдан қолган ҳужжатлар нусхаларини кутубхоначи Алмакан ва Минаш исмли вахтёр аёллар тўплаётган экан. Бироқ мухбир бевосита ҳужжат йиғаётган шахсларни иш ўрнидан топа олмади. Телефон суҳбатида Минаш исмли вахтёр аёл Совет даври ҳужжатлари нусхаларини йиғаётганини тасдиқлади:

-Албатта, сайти ҳам бор бу ҳаракатнинг. Буларнинг ҳаммасини чиқарамиз. Бу мерос қолган пул экан. Бизнинг йигитлар бориб, архивларда икки йил ишлашиб, шу пулни топишибди. Мана шу пулни халққа ундириб берайлик, деган ҳаракат бўлаяпти. Биз халқдан фақат метрикасини ва суратини олаяпмиз. Бошқа ҳеч нарса сўрамаяпмиз,-дейди Минаш.

Ходимлари бир ойдан бери одамлардан мавҳум бир бойликни бўлиб бериш мақсадида ҳужжат йиғаётгани тўғрисидаги маълумотдан университет раҳбарияти мутлақо хабарсиз эканини ректор Абдикадир Абидов билдирди.

Совет даврида туғилган пенсионернинг умиди ҳамон Сталиндан

Мухбирлар суриштирув натижасида ҳужжат йиғаётган одамларнинг лидерларидан бирини Бишкек шаҳридан топишди. Ўзини Пазилет Тажибаева деб таништирган пенсионер бу масалада БМТ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, деб иддао қилди.

-Бу ишдан президент ҳам хабардор. Бироқ унинг бу пулни олишга ҳаққи йўқ. Бу бойликни ким олса бўлади деган масалада хат бор экан. Хатга Сталин “фақат халқ олса бўлади”, деб ёзиб қўйган экан. Президентлар, вазирлар ололмас экан. Сталиннинг узоқни кўра билганини қаранг, ўша пайтда туриб коррупция бўлиб кетишини билган экан-да. Ҳукумат бу пулни олса нимага сарфлашини бир тасаввур қилиб кўрингчи? Бунга ўхшаган пулларни ҳукумат бошқа давлатлардан қарз олди. Оқибати нима бўлди?- деди Пазилет Тажибаева.

Мухбирнинг “Бу пулнинг миқдори қанча экан?” деган саволига Пазилет Тажибаева:

-Ҳар бир кишига қанча тегишини тахминан ҳисоблаб чиқишди. 14 миллион 600 доллар атрофида бўлар экан, деб айтишди. Бу пулни олишимизга мен юз фоиз кафолат бераман. Ҳужжатларни БМТга топшириб бўлдик. У ерда, керак бўлса, бизнинг одамимиз ҳам бор. Осиё бўйича бир қирғиз бу ташкилотга кириб қолган экан, -деб жавоб берди.

Россиялик ҳаёлпараст депутат, "мерос бўлувчилар" фаолиятини текшира бошлаган милиция

Суриштирув натижасида маълум бўлишича, Совет Иттифоқидан катта миқдорда олтинлар чет эл банкларида қолиб кетган, бу бойликни халққа бўлиб бериш керак деган ташаббус муаллифи Россия давлат думасига икки марта депутат бўлган, безорилик, товламачилик ва коррупцияда айбланиб бир неча марта судланган Сергей Шашурин экан. Шашурин бу ғояни Интернет тармоғи орқали тарқатишга муваффақ бўлган.

Ўшда бундан авваллари ҳам турли миш-мишларга ишонган юзлаб одамлардан товламачилар пул йиғиб, алдаб кетгани кузатилган. Бироқ бу сафар одамлардан ваъдалар эвазига пул эмас, ҳужжат йиғилаяпти.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов бу каби миш-мишларни тарқатиб, ҳужжат йиғаётганларнинг фаолияти текширилишини маълум қилди. Унга кўра, ҳужжат йиғаётганлар ҳукумат расмий рўйхатидан ўтказилмаган жамғарма ташкил этишган. Жамғарма аввал Ўш давлат технология институтида фаолият юритган. Айни пайтда эса жамғарма “Рамазон” савдо марказидаги офислардан бирига кўчиб ўтган.

Замир Сидиқов жамғарма томонидан тарқатилган миш-мишлар ёлғон маълумотлар эканини ҳам таъкидлади.

XS
SM
MD
LG