Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:43

NASA SpaceX ҳамда Boeing ширкатларида гиёҳванд моддаларни тақиқлаш сиёсатини текширади


АҚШ фазо агентлиги SpaceX ҳамда Boeing ширкатларида иш сиёсати, жумладан, иш жойида гиёҳванд моддаларни тақиқлаш сиёсатини тергов қилади. Бу ҳақда АҚШ матбуоти хабар тарқатди.

The Washington Post газетаси хабарида ёзилишича, тергов ҳақида хабардор уч расмий бундай чора кўрилишига SpaceX асосчиси Илон Маск Интернетда ёйинланган подкаст давомида марихуана чекиб, кетидан виски ичгани туртки бўлганини айтган.

NASA ушбу иддаоларни шарҳлашдан бош тортди, аммо агентлик “кейинги йилдан Халқаро фазо станциясига экипаж юборишга кўпроқ эътибор қаратар экан, ширкатларнинг иш қоидалари қайта кўриб чиқилишини“ билдирди.

NASA баённомасида: “Келгуси ойларда, Crew Dragon ҳамда Starliner кемалари экипажи тестидан олдин, тижорий ҳамкорларимиз NASAнинг иш хавфсизлигига боғлиқ талаблар, жумладан, иш жойида гиёҳванд моддалар тақиқига нақадар амал қилаётганини аниқлаш мақсадида текширув ўтказилади“, - дейилади.

Tesla Motors ширкатига ҳам етакчилик қилувчи Маскнинг ўзгарувчан табиати кейинги ойларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Хусусан, йил бошида тадбиркор Интернетда эълон қилинган радио эшиттирув давомида марихуана чеккани ҳамда Таиландда ғорга қамалиб қолган болаларни қутқаришда қатнашган шахсларнинг бирини педофил деб атагани катта шов-шувга сабаб бўлди.

SpaceX тергов ҳақидаги хабарларга жавобан баённома эълон қилди. Унда “инсонларнинг ҳавога учиши ширкатимиз миссиясининг асосидир. SpaceX учун бундан муҳим нарса йўқ. NASA бизга топширган фазогирларни хавфсиз ҳамда ишончли тарзда Халқаро ҳаво станциясига олиб чиқиш вазифасига жиддий қараймиз“, дейилади.

Ширкат гиёҳванд моддасиз иш муҳити сиёсати бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажараётганини қўшимча қилди.

Boeing ҳам “ўз маҳсулотлари, ишчилари ҳамда иш муҳити хавфсизлиги ва сифатини тўлиқ таъминлашини” билдирди.

Ҳар икки ширкат 2019 йилда Халқаро фазо станциясига фазогир олиб чиқиши режалаштирилаётган кема ишлаб чиқмоқда. Бошида кемалар экипажсиз учирилади. Йил якунига бориб эса кемалар бортида космонавтлар фазога чиқарилади.

Мазкур кемалар ёрдамида АҚШ ўзининг фазога астронавт юбориш қобилиятини тиклашни режалаштирмоқда.

2011 йилдан бери фазогирлар Халқаро фазо станциясига фақат Россиянинг “Союз” ракеталари бортида чиқарилиб келади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

“Союз“ кемаси бортида фазога чиқариладиган ҳар бир астронавт учун Россияга 80 миллион доллар тўланади.

XS
SM
MD
LG