Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Сўўрўнбай Жээнбеков президент сайловида $17 млн. сарфлагани иддао қилинмоқда


Сўўрўнбай Жээнбеков сайловолди учрашувида. 2017 йилнинг октябри.
Сўўрўнбай Жээнбеков сайловолди учрашувида. 2017 йилнинг октябри.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоли Нурбек Тўқтақунов амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков президент сайловида қонунда белгиланганидан кўп маблағ харжлаганини ва буни яширганини иддао қилди.

Қирғизистон президентлигига сайловда ишлатилган пул шубҳага сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Тўқтақунов Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган харажатлар рўйхатини амалдаги президентнинг сайлов штабида ишлаган ва “Жээнбековдан ҳам, Атамбаевдан ҳам кўнгли қолган” одам тақдим этганини ёзди.

-Бу ҳужжатнинг ҳақиқий эканини текшириб кўриш қийин эмас. Рўйхатда одамларнинг исмлари, географик номлар, олинган пуллар нималарга ишлатилганини кўрибоқ, ҳужжат ҳақиқатга яқин деган тасаввур пайдо бўлади. Сайлов штаби томонидан белгиланганидан кўп харажат ишлатилган. Бу эса президентлик сайлови ўғирланганини англатади,-деди Нурбек Тўқтақунов.

Айни пайтда коррупцияда айбланиб қамоқда ётган собиқ бош вазир Сапар Исақовнинг адвокати бўлган Нурбек Тўқтақунов рўйхатни ҳимояси остидаги одамдан ёки унинг яқинларидан олмаганини ҳам қўшимча қилди.

Фаолнинг иддао қилишича, Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайлов штаби Марказий сайлов комиссияси эълон қилгани каби 158 миллион 96 минг 175 сўм эмас, балки 1 миллиард 170 миллион 265 минг 187 қирғиз сўми ҳамда 6 миллион 855 минг 700 АҚШ доллар, жами бўлиб тақрибан 17 миллион доллар пул сарфлаган.

Нурбек Тўқтақунов фикрича, бу ҳолат президентга импичмент эълон қилиш учун асос бўла олади. Шунинг учун ҳам у ҳуқуқ органларидан бу ҳужжатларни текширишни талаб қилмоқда.

Бироқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков ва унинг сайлов штабини бошқарган Фарид Ниёзов бу маълумот юзасидан муносабат билдирмади. Президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева эса маълумотни фейк деб атади.

-Ёлғон маълумот экани кўриниб турибди. Ҳеч қандай муҳр ва имзолар йўқ. Фейк маълумотга изоҳ бермаймиз,- деди Толганай Стамалиева.

Амалдаги президент мансуб бўлган Социал демократлар партияси эса эълон қилинган маълумотни партия котибияти ўрганаётганини ва яқин кунларда партия позицияси эълон қилинишини айтди.

Сиёсатчи Равшан Жээнбеков ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамага сабаб бўлаётган бу маълумотлар юзасидан президент шахсан ўзи жамоатчиликка тушунтириш бериши лозим, деб ҳисоблайди:

-Кучли мухолифат мавжуд давлатда бу каби маълумотлар ортидан ҳукумат истеъфога чиқарилиши мумкин эди. Бироқ Қирғизистоннинг ҳозирги шароитида бу маълумот бугун бўлмаса ҳам эртага ҳукуматнинг қаттиқ бош оғриғига айланади.Чунки ҳокимиятнинг легитимлиги масаласи кун тартибига чиқади,-деди сиёсатчи.

Сиёсатшунос Эмил Жўраев эса бу воқеани амалдаги ва собиқ президент ўртасида юзага келаётган компроматлар урушининг бошланиши деб шарҳлади.

Жээнбеков ҳокимият тепасига келганидан кейин, Атамбаевнинг яқин маслакдошлари бўлган собиқ бош вазирлар Сапар Исақов ҳамда Жанторо Сатибалдиев коррупцияда айбланиб қамоққа олинди, Атамбаевга яқин бўлган бошқа бир неча расмий ишдан олинди.

Шундан сўнг Сўўрўнбай Жээнбеков билан ўтган йили президентликни топширган Алмазбек Атамбаев ўртасидаги муносабатлар совуб кетгани айтилади. Ўз вақтида Атамбаев Жээнбековни президентликка муносиб номзод дея кўрсатган эди.

XS
SM
MD
LG