Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:28

Инвесторлар Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналари фаолиятидан норози


Тошкент вилоятидаги “Ангрен” махсус индустриал зонаси.
Тошкент вилоятидаги “Ангрен” махсус индустриал зонаси.

Хорижлик инвесторларнинг кўпчилиги Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналаридаги корхоналарга сармоя ётқизганидан мамнун эмас.

Spot нашрининг ёзишича, шу йилнинг 12 ноябрь куни "Ривожланиш стратегияси” марказида “Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарнинг самарадорлигини баҳолаш: қонунчилик, инвестициялар, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Лойиҳани амалга оширишда иштирок этган хорижий ва маҳаллий экспертлар жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари давомида ЭИЗларнинг фаолияти ва мавжуд муаммолари, шунингдек, минтақа ва бутун мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар ечимига ЭИЗ таъсири масалаларини ўрганганлар.

Давра суҳбатида қайд этилишича, инвесторларни ишга кириш визаларини олишнинг ноқулайлик, узоқ чўзиладиган бюрократик жараёнлар ва давлат идоралари томонидан уларнинг мурожаатлари ниҳоятда узоқ муддатда кўриб чиқилиши, Давлат экология қўмитасининг хулосасини олиш, қурилишга рухсат бериш ва муҳандислик-коммуникацион тармоққа уланиш тўғрисидаги қарорнинг бир неча ойга чўзилиб кетиши, худди шу хизматлар мурожаатни бир эътироз асосида рад этиши ва бир неча бор қайта кўриб чиқиш учун юбориши, ЭИЗ иштирокчилари керакли миқдорда хомашё ресурслари сотиб олишда жиддий қийинчиликларга дуч келишлари каби муаммолар ташвишга солмоқда.

Йиғилишда ЭИЗни ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг ва ЭИЗ ташкил этиш ва ишини йўлга қўйиш бўйича дирекция ва маҳарлий ҳокимият органларининг фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш тизими йўқлиги, Иқтисодиёт ва Давлат инвестиция қўмитаси вазифалари бир-бирини такрорлаши, ЭИЗни бошқариш ва мувофиқлаштириш ваколатларини ҳаддан ташқари марказлаштириши, ЭИЗ дирекцияси томонидан қабул қилинган ягона ҳисобот шакллари мавжуд эмаслиги, 5 миллион доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш вазирликлар ва идоралар, шунингдек, Республика кенгаши даражасида чўзилиши камчилик ўлароқ қайд этилган.

Шунингдек, инвесторлар, давлат компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархлари (Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Ўзбекистон темир йўллари)ни жуда юқори, деб ҳисоблайдилар. Бунга мисол сифатида битта 40 футлик контейнерни Навоий шаҳридаги “Тинчлик” станциясидан “Навоий” ЭИЗгача (25 км) транспорт воситасида ташиш 500 $га тушиши қайд этилган.

Давра суҳбатида иштирок этган хорижий ва маҳаллий экспертлар Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича бир қатор тавсияларни ўртага ташлаганлар. Минтақаларнинг қиёсий афзалликларини ҳисобга олган ҳолда эришса бўладиган индикаторлар мақсадли параметрларга асосланиб, ЭИЗларни ривожлантиришнинг узоқ муддатли консепция ва ўрта муддатли ҳаракат режаси ишлаб чиқиш; Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат инвестиция қўмитаси таркибий тузилмалари негизида ЭИЗ ва кичик саноат зоналарини (КСЗ) ривожлантириш бўйича агентлик ташкил қилиш. Республика кенгаши ваколатларини агентлик маъмурий кенгашлари ва ЭИЗ, КСЗ дирекцияларига ўтказиш; Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари кўрсатиш агентлиги орқали «ягона дарча» тамойилини жорий этиб, жараённи енгиллаштириш ва барча зарур рухсатномаларни олиш вақтини қисқартириш; Давлат хизматлари агентлиги орқали хорижий фуқароларга ишга жойлашиш учун рухсатнома бериш тартибини соддалаштириш ва тезлаштириш, хорижий инвесторлар учун 5 йилгача бўлган муддатга алоҳида визаларни жорий қилиш (инвестицион фаолият визалари); ЭИЗ иштирокчи корхоналарига хизмат кўрсатувчи компанияларга ЭИЗ ҳудудларида ўз филиалларини очиш ва таъсис қилишга рухсат бериш; ЭИЗ дирекцияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агентлик қарорларига шикоят аризасини бериш механизмини яратиш ва бизнес режаларни ишлаб чиқиш бўйича талабларни соддалаштириш; ЭИЗ дирекциясининг фаолиятини баҳолаш ва мониторинг қилиш механизмини ишлаб чиқиш; Кооперацияларни чуқурлаштириш ва ишлаб чиқариш кластерларини яратиш мақсадида, ЭИЗ иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда улар қайси ЭИЗда ҳисобдан ўтганидан қатъи назар, ЭИЗ иштирокчи корхоналарини ҚҚС тўлашдан озод қилиш; Ўзбекистондаги барча ЭИЗларда бир марталик тўловлар ва доимий бадаллар тўлашда ягона тартиб жорий қилиш; ЭИЗларнинг ягона вебсайтини ўзбек, инглиз ва рус тилларида индивидуал ЭИЗ саҳифалари билан яхшилаш кабилан шулар жумласидандир.

“Ривожланиш стратегияси” маркази мазкур лойиҳани Швейцариянинг “PeaceNexus” жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 21 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Улардан 9 таси саноатга, 7 таси фармацевтикага, 2 таси қишлоқ хўжалигига, биттаси туризмга, биттаси транспорт-логистика ва яна биттаси спорт анжомларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

ЭИЗларда 402 иштирокчи фирма қайдга олинган, улардан 112 ширкатгина ўз фаолиятини бошлаган.

Аввалроқ “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ўтказган сўровномада ўзбек тадбиркорлари хусусий тадбиркорликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини қониқарсиз (2,3 балл) баҳолагани билдирилганди. Сўровномада иштирок этган ҳар учинчи тадбиркор давлат томонидан ҳеч қандай “ёрдам”ни ҳис қилмаслигини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG