Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Лавров: Ядровий қуроллар битими бўйича АҚШга жавоб тайёрлаяпмиз


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Совуқ уруш даврида имзоланган ядровий қуроллар битими бўйича АҚШ ўртага ташлаган саволларга жавоб тайёрлаётганини билдирди.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон 1987 йилда имзоланган Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимдан чиқишини эълон қилган эди.

1987 йилнинг 8 декабрида Михаил Горбачёв ҳамда Рональд Рейган имзолаган битим АҚШ ва Россияга 500 км масофадан 5000 км масофагача учувчи баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш ман этади.

Аммо АҚШ расмийларига кўра, Россия битим шартларига амал қилмай келади.

Вашингтон ушбу хавотирларни жамоатчиликка илк маротаба 2014 йилда маълум қилган эди.

Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти Москва бундай ракеталардан фойдалана бошлаганини билдирди.

- Америкаликлар ​бир ҳафта олдин, Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимдан чиқишларини эълон қилишларидан бир неча кун олдин Москвадаги элчихоналари орқали Россия Ташқи ишлар вазирлигига уларни хавотирга солиб келаётган сўровларни юборишган эди, - деди Лавров.

АҚШнинг битимдан чиқиш қарори Россия билан ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлар таранглашиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Бунга 2014 йилда Россия Украинанинг Қрим минтақаси аннексия қилиб олгани, Суриядаги урушдаги роли, АҚШ ва Европада ўтказилган сайловларга аралашуви ҳамда жорий йилнинг март ойида Британияда собиқ рус жосусининг заҳарлангани сабаб бўлди.

22 октябрь куни Трамп ядровий келишувдан чиқиш қарорига Россия 2014 йилдан унинг шартларини бузиб келаётгани туртки бўлганини айтди.

Бундан ташқари, президент битимни Хитой имзоламаганини ва шу сабаб Пхеньян ман этилган қуролларни муаммосиз ишлаб чиқараётганини яна бир сабаб ўлароқ кўрсатди.

АҚШнинг келишувдан чиқиш ҳақидаги таҳдидлари ортидан Лавров New START ("Янги СТАРТ") шартномаси тақдири савол остида қолаётганини таъкидлади.

2010 йили ўшандаги президентлар Барак Обама ва Дмитрий Медведевлар имзолаган New START шартномаси стратегик ядровий қуролларга чеклов қўяди.

Битим 2021 йилда ўз кучини йўқотади. Аммо икки тараф уни яна беш йилга узайтириши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин Вашингтон Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимдан чиқадиган бўлса, янги “қурол пойгаси” бошланиши ҳақида огоҳлантирди.

НАТОга аъзо давлатлар эса Вашингтонни келишувдан чиқиш ўрнига Россияни унга амал қилишга ундашга чорламоқда.

28 октябрь куни АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис АҚШ Европадаги ҳамкорлари билан битим масаласида музокара олиб бораётганини айтди.

- [Россия шартномани бузиб келаётганига] бир неча йўл билан жавоб қайтариш мумкин. Бундай жавоб симметрик бўлиши шарт эмас. Уни ҳамкорларимиз билан яқиндан маслаҳатлашиб, танлаймиз, - деди вазир.

XS
SM
MD
LG