20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ Совуқ уруш даврида Россия билан имзоланган муҳим ядровий келишувдан чиқишини эълон қилди.
Бу орада Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон 1987 йилда имзоланган Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимни (русча Договор о ликвидации ракет средней и малой дальности) ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Россияга отланди.
Невада мухбирлар олдида сўзлаган Трамп Москва битим шартларини бузиб келаётганини яна бир бор такрорлади. "Битимни тугатамиз, ундан чиқамиз", деди президент.
- Россия битимни бузиб келади. Узоқ йиллардан бери шундай қилиб келадилар. Уларга ядровий келишувни бузиб, биз ясашимиз мумкин бўлмаган қуролларни ишлаб чиқаришларига йўл бермаймиз. Россия, Хитой бизга келиб, келинглар, ўйлаб иш қилайлик, ҳеч биримиз бу қуролларни ишлаб чиқармайлик демас экан, ўша қуролларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Лекин Россия, Хитой ўз билганидек қиладиган бўлса, биз келишувга амал қилишда давом эта олмаймиз, - дея қўшимча қилди президент.
21 октябрь куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Болтон ўз ташрифи давомида Вашингтоннинг келишув бўйича режаларига ойдинлик киритиши кутилаётганини айтди.
Сергей Рябков Вашингтоннинг Россия билан имзоланган муҳим ядровий келишувдан чиқиши қарорини "ўта хавфли қадам" деб баҳолади.
- Бугун АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Москвага келади. Умид қиламанки, у билан эртага ва индин ўтказадиган учрашувларимиз давомида АҚШ қандай чораларни кўришни режалаштираётгани ҳақида кўпроқ ва батафсилроқ билиб оламиз, - деди Рябков “ТАСС“ агентлигига берган интервьюсида.
Аввалроқ Россия давлат матбуоти Ташқи ишлар вазирлигидаги манба АҚШ “бир қутбли ”дунё яратиш орзусига эришиш учун келишувдан чиқишга режалаштираётганини таъкидлаганини хабар қилган эди.
1987 йилнинг 8 декабрида Михаил Горбачёв ҳамда Рональд Рейган имзолаган шартнома АҚШ ҳамда Россияга ўрта масофага ердан отиладиган ракеталарни ишлаб чиқаришни ёки улардан фойдаланишни ман этади.
АҚШ расмийларнинг айтишича, Россия келишув шартларини бузиб, бундай ракеталарни ишлаб чиқаришда давом этган. 2014 йилда Вашингтон илк маротаба ушбу хавотирларни жамоатчиликка маълум қилди.
Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти Москва бундай ракеталардан фойдалана бошлаганини билдирди.
Россия эса, ўз навбатида, АҚШ айбловларини рад этиб, АҚШнинг Европадаги айрим ҳарбий тизимлари битим шартларига зид эканини иддао қилиб келади.
19 октябрь куни The Guardian ҳамда The New York Times нашрлари АҚШ расмийлари Европадаги ҳамкорларига АҚШнинг битимдан чиқиш режаси ҳақида билдирганини хабар қилди. The New York Times газетасига кўра, Вашингтон ушбу масала бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаган.
Трамп шарҳларидан бир неча кун олдин Путин ўз мамлакати ядровий қуроллардан фақат жавоб қайтариш учун қўлланишини таъкидлаган эди.
Жорий йилнинг февраль ойида АҚШ Мудофаа вазирлиги ядровий ҳолатни қайта кўриб чиқиш режаси эълон қилинган эди. Ҳужжат АҚШ қуролларини қайта кўриб чиқишга ҳамда озроқ қувватга эга янги ядровий қуролларни ишлаб чиқаришга чорлайди.
Ҳужжатда, шунингдек, Россияда Совуқ уруш пайтидан бери мавжуд бўлган ҳарбий доктринага алоҳида урғу берилган. Ушбу доктринада Москва Европада кичикроқ можаро давомида оз қувватли ядровий қуроллардан фойдаланиб, АҚШ ва НАТОни ортга силжишга мажбурлаши кўзда тутилган.
Айрим ғарб расмийларига кўра, бундай ҳужжат ядровий қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни озайтиради.