Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Милиция нозири пахта теримчиларини талашиб маҳалла раиси билан ëқалашди


Сурхондарëнинг Ангор тумани “Наврўз” маҳалласи яшовчиларини пахтага чиқариш масаласида участка профилактика инспектори¸ 29 яшар лейтенант Илҳом Абдуллаев ва маҳалла раиси 61 яшар Абдуназар Зоиров ўртасида 30 сентябрь куни жанжал чиқди.

Бир-бирини ҳақоратлаб¸ калтаклашгача бориб етган бу жанжалдаги ҳар икки тараф Озодлик билан суҳбатда бир-бирини айблади.

Воқеага гувоҳ бўлган “Наврўз” маҳалласи турғуни Озодлик билан суҳбатда “жанжал маҳалладаги 48 кишини пахтага чиқариш масаласида” чиққанлигини айтди.

Маҳаллла раиси участковой милиционерни онасидан сўкдими?

Ангор тумани “Наврўз” маҳалласи участка профилактика инспектори¸ Илҳом Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда маҳалла раисини айблади:

- Маҳалла раиси менга онангни с...ай деб ҳақоратлади. Бақириб чақирди. Устимга бостириб келиб менга ташланди. Мен пахта теримини ташкил қилиб юрган давлатнинг вакили сифатида расман ҳақорат нишони бўлдим. Бу маҳаллла раиси бошқаларга ҳам бақириб¸ "пахтага чиқмасанг¸ моддий ëрдам рўйхатидан ўчираман"¸ деб таҳдид қилди. Мен ўз участкамдаги яшовчиларни бу золимдан ҳимоя қилдим¸ дейди лейтенант Илҳом Абдуллаев.

Участка нозири маҳалла раисини уриб бошини ëрдими?

Ангор тумани “Наврўз” маҳалласининг раиси Абдуназар Зоиров Озодлик билан суҳбатда милиция ходими уни ўласи қилиб уриб¸ тепкилаб ташлаганлигини айтади.

- Мен пахтага чиқарган одамларни ўзини ҳисобига ëзяпти мен чиқардим деб. Ëзма¸ десам ҳам ëзяпти ўзини ҳисобига. Кейин менга қараб¸ пошел на х...й, деди. Ўзи кичик ўғлим қатори. Менга қараб¸ "сен бу ëққа кел"¸ деди. Кейин калламга бир мушт туширди. Икки қўли билан мени ушлаб туриб қорнимга тепди. Кейин ҳам орқамдан¸ ҳам олдимдан муштлаб ташлади¸ дейди маҳалла оқсоқоли Озодлик билан суҳбатда.

Ўзи биринчи бошлади

Ангор тумани “Наврўз” маҳалласи участка профилактика инспектори¸ Илҳом Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда “жанжални маҳалла раиси биринчи бошлаганини” иддао қилди:

- Ўзи биринчи бошлади. Мен унга одамларни пахтага чиқариш умумий вазифамиз¸ деб ҳушмуомалалик билан тушунтирсам¸ "Сени онангни фалон қилай¸ қизингни писмадон қилай"¸ деб сўкиб кетди. Мен унга, "Кекса ëшдаги одамсиз¸ сизга ярашмайди бундай гапларни айтиш. Қон босимингиз бор" десам¸ у шантаж қилиб устимга келиб¸ яна онамдан сўкди. Мен ўзимни ҳимоя қилиш учун бир мушт туширдим. У эса вой-войлаб ерга ëтиб олди. Кейин касалхонага ëтди. Бу унинг эски шантаж усули экан¸ дейди Илҳом Абдуллаев.

Иккаласи ҳам айбдор

Воқеага гувоҳ бўлган “Наврўз” маҳалласи турғуни Олимжон Саъдинов Озодлик билан суҳбатда “жанжал маҳалладаги 48 кишини пахтага чиқариш масаласида” чиққанлигини айтди:

- Маҳалла раисига ҳам¸ участковой милисага ҳам пахтага одам чиқариш бўйича норма белгиланган. Участковой Илҳомжон маҳалладаги одамлардан терим отряди тузиб рўйхатга олиб турганда¸ маҳалла раиси "Бу менинг одамларим. Кам таъминланган оила сифатида маҳалладан моддий кўмак оладиган оилалалар"¸ деб жанжал бошлади. Милисага қизингни фалон қиламан¸ деб сўккан эди. Илҳомжон ответ қилиб¸ уриб - тепкилаб ташлади. Абдуназар ака касалхонада ëтибди ҳозир, дейди “Наврўз” маҳалласи турғуни Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ жанжалда ҳар иккаласи ҳам айбдор.

- Ўзи шу Абдуназар аканинг раис бўлганига бир йил бўлди¸ аммо нуқул жанжаллашади. "Пахтага чиқмасанг ëрдам пулини кесиб ташлайман. Чиқмасанг ўрнингга одaм топ"¸ деб маҳалладагиларни террор қилади. Халқ норози бу одамдан. Энди участсковой ҳам сабрли бўлиши керак. Онангни фалон қиламан деганни ураверса¸ маҳаллада одам қолмайдику¸ дейди суҳбатдош.

Милиция ходими кечирим сўради

Ангор тумани касалхонасида қолаëтган Абдуназар Зоиров Озодлик билан суҳбатда туман ИИБ раҳбарлари келиб ҳолидан хабар олгани ва уни калтаклаган лейтенант Илҳом Абдуллаев кечирим сўраганлигини айтди. Илҳом Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда “Онасини сўккан” маҳалла раиси мендан кечирим сўраши керак деган фикрда:

- У мен учун ардоқли бўлган онамни ҳақорат қилди. Бошлиқлар тавсияси билан касалхонага бориб узр сўраб қўйдим. Аммо мен уни ҳеч қачон кечирмайман. Майли¸ мени ишдан бўшатишса ҳам барибир менга. Ким ҳуқуқ берди унга погонли одамни ҳақорат қилишга¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG