Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Ўғриликда гумонланган кассир ИИБ ходимлари ўзини 8 кун қийноққа солганини иддао қилди


Шўрчидаги пул йўқолган Халқ банки биноси.
Шўрчидаги пул йўқолган Халқ банки биноси.

Халқ банкининг Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани филиали ходимаси Раъно Эсанова 6 сентябрь куни банкдан йўқолган 20 минг АҚШ долларини ўғирлаганликда гумонланиб, туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан сўроқ қилинган.

25 сентябрь куни Озодликка мурожаат қилган Эсанова¸ милиция ходимлари ўзини 6 сентябрдан 14 сентябрга қадар саккиз кун давомида қийноққа солиб, иқрорлик кўрсатмаси ёзиб беришга мажбурлаганини иддао қилди.

Шўрчи тумани Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Озодликка Раъно Эсанованинг бу иддаоларини рад қилди.

Озодликка маълум бўлишича¸ мазкур воқеа юзасидан прокуратура текшируви ўтказилмоқда.

20 минг долларнинг йўқолиши

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Халқ банкининг Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани филиалидан 20 минг АҚШ доллари йўқолгани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик 19 сентябрь куни хабар берган эди.

Ўша куниëқ бу ўғриликда гумонланиб банк валюта айирбошлаш шохобчасининг 23 яшар ходимаси Раъно Эсанова қўлга олинган.

25 сентябрь куни Озодликка гапирган Эсанова¸ воқеа тафсилотларини шундай ҳикоя қилади:

- Пенсия бўлимидаги йигитимиз касал бўлиб қолгани сабабли мени пенсия тарқатишга юборишди. Обедгача Сарвар деган ишчимиз билан пенсия тарқатиб, уйда обед қилдим. Кейин банкка келдим. Мен ишлайдиган хонада яна бир Дилфуза деган опа билан ўтирардик. Қарасам темир панжарали эшик ёпиқ, бухгалтерияда кутиб ўтирдим. Кейин Ҳусан ака деган ишчимиз келиб бизнинг хонанинг эшигини тортди, очиқ қолган экан. Ие¸ очиқ қолган экан дедим-да, кириб ўзимнинг ишим билан банд бўлдим. Кейин Дилфуза опа келиб, ишини бошлади ва сейфини очиб, кимгадир пул жўнатмаси бермоқчи бўлди. Кейин бермади ва икки пачка пулим йўқ деди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди”, дейди Раъно.

Кассир қизнинг таъкидича¸ пул ғойиб бўлган хонада видеокамера бўлмаган.

Милиция чақиртирилди¸ сўроқ-савол бошланди

Унинг айтишича, 100 долларлик икки пачка пул ҳеч қаердан топилмагач, милиция чақиртирилган ва банкнинг бир неча ходими ички ишларга сўроққа олиб кетилган:

- Пул йўқолгандан сўнг икки соатлар ўтиб, Дилшода деган дугонам 8 сентябрдаги тўйига таклифнома олиб келди. У билан бироз гаплашганимдан кейин кетди. Мени, Назар акани, Тўлқин акани, Ҳусан акани милиция бўлимига олиб кетишди. Ярим кечгача сўроқ бердик, ҳаммага жавоб бердию, мени ушлаб қолишди. Менга пулни сен олгансан, деб туҳмат қила бошлашди, дейди Раъно.

Қийноқ иддаоси

Раъно Эсанова иддаосича¸ уни 6 сентябрь куни бўлимда олиб қолишганича¸ 8 кун ушлашган ва шу вақт ичида қийноқ қўллаб иқрорлик кўрсатмаси олишга уринишган:

- Мени ҳар куни у хонадан бу хонага, бу хонадан у хонага қамаб қўярди. Олдимда доим бир мелиса ўтирарди. Мени эса тик туришга мажбур қилишарди. Сен¸ олдингга келган қизга пулни бериб юборганингни тан олсанг ва ёзиб берсанг¸ кейин ўтирасан ва сув ичасан деярди. Бу ишларни жиноят қидирув бўлими ходими Элмурод Эргашев ва унинг бошлиғи Зиёдилла Бегалиев қиларди, дейди Раъно Эсанова.

Озодлик суҳбатдоши жиноят-қидирув бўлими ходимлари ўзини электр токи билан қийноққа солишганини иддао қилди:

- Икки кун тик туриб, ҳолдан тойганимдан сўнг, ҳушимдан кетиб йиқилиб тушдим. Духтур чақириб, укол қилдиришибди. Бу орада уйимни тинтув қилишиб, ҳеч нарса топишолмабди. Кейин яна тик қўйиб, туртиб, бошимга муштлаб қийнай бошлашди. Ҳар куни шу аҳвол давом этарди. Бир куни Элмурод дегани кўзимни боғлади, кейин қўлимни орқага қилиб боғлади ва оёғимни ҳам боғлади. Кейин ерга ўтирғизди-да, қўлимга иккита сим улади. Айтдики, бу ток, ўттизга кирмай сочларинг оқаради, ичинг тамом бўлади. Кейин бир дириллатди, мен эса ҳушимдан кетдим. Ўзимга келсам, ўша Элмурод дегани полда сочимдан тортиб кетаётган экан. Инграсам, ҳа ўзингга келдингми, агар қўл қўймасанг, бундан баттар бўлади, кўзингни боғлаб, қамоқхонадаги эркак маҳбуслар олдига ташлайман”, деганидан сўнг бошқа чидай олмадим, барча ёзганларига¸"ўқиганман" деб қўл қўйиб бердим, дейди банк ходимаси.

Раъно Эсанованинг айтишича, 8 кунлик тутқунлик давомида бир марта онаси билан учраштирилган¸ адвокат билан учрашувга эса¸ умуман рухсат берилмаган.

Эсанова¸ терговчилар берган барча ëзма ҳужжатларга қўл қўйганидан кейин¸ 14 сентябрь куни уйига чиқарилганини айтади.

Врачга мурожаат. Тиббиëт хулосаси

Уйига қайтгач¸ саломатлиги ёмонлашгани сабаб унинг яқинлари 15 сентябрга ўтар кечаси Шўрчи тумани касалхонасига олиб боришган.

Касалхонанинг қабул-диагностика бўлимида у 4659 рақами билан қайдга олинган.

Травматолог врач хулосасига кўра, Раъно Эсанова баданида “бўйин олд юзаси пастки учлиги чап соҳаси терисининг қизарганлиги, чап қўл тирсак бўғими ички ва ташқи юзаларининг, тоснинг чап думба соҳасида, ўнг оёқ болдир олд юзаси юқори ва пастки учлиги, чап оёқ болдир олд юзаси юқори ва пастки учлиги соҳаларининг кўкаришлари қайд қилинган”.

Сурхондарё, Шўрчи, қийноқ
Сурхондарё, Шўрчи, қийноқ

Эсанова¸ ўзининг қийноққа солингани иддаосини қувватлаш учун Озодликка 15 сентябрь куни касалхонада олинган айрим суратларни тақдим этди. Уларда қизнинг бўйни¸ тиззаси¸ оëғи ва тосида айрим кўкариш излари борлиги кўрилади¸ лекин кучли қийноқ асоратларини илғаш қийин.

Сурхондарё, Шўрчи, қийноқ
Сурхондарё, Шўрчи, қийноқ

Прокуратурага шикоят

Қизининг ички ишлар бўлимида қийноққа солингани ҳақидаги ҳикояси ва баданидаги жароҳатлар ортидан Эсанованинг ота-онаси 15 сентябрь куни Шўрчи тумани милиция ходимлари устидан вилоят прокуратурасига шикоят қилган. Бу шикоят аризаси юзасидан прокуратура суд-тиббиёт экспертизаси ўтказган. Ҳозирча бу экспертиза хулосаси жабрланувчига тақдим этилмаган; Озодлик ҳам бундай хулосани кўргани йўқ.

Сурхондарё вилояти прокуратураси қарори
Сурхондарё вилояти прокуратураси қарори

Милиция вакили рад этади...

Шўрчи тумани Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Зиёдулла Бегалиев Озодлик билан суҳбатда Раъно Эсанованинг 8 кун ҳибсда ушлаб турилганини инкор қилди:

- Халқ банкидан Раъно Эсанова гумонланувчи сифатида 8 кун ички ишлар бўлимида ушлаб турилмаган. Бошқалар қатори кўрсатма беришга келиб турган. Унга нисбатан қийноқ ҳам қўлланилмаган. Раъно Эсанова устидан жиноят иши қўзғатилмаган, банкдаги ўғрилик юзасидан қўзғатилган, деди ЖҚБ бошлиғи Зиёдулла Бегалиев.

Саккиз кун давомида бир марта қизимни беш минутга кўрсатишди

Раъно Эсанованинг онаси Сабоҳат Эсанова туман Ички ишлар бўлими ЖҚБ бошлиғи Зиёдилла Бегалиевнинг айтганларини "ёлғон" деб баҳолади:

“Бир неча кун давомида милисахонага бориб, қизимни кўрсатинг деб зору-таволло қилдим. Кўрсатишмади. Кейин ҳокимият хотин-қизлар қўмитасига бориб йиғладим. Раиса милиция бошлиғига телефон қилганидан сўнг, беш минутгина учраштиришди. Қизимнинг аҳволи жуда ҳам хароб, яхшиман деди, холос. Билсам, онангга шикоят қилсанг бу кунингдан ҳам баттар бўласан, деб айтишган экан. Саккиз кун давомида мана шу мелисахонда ушлаб туришди, ҳатто овқат ҳам олишмади”, деди Сабоҳат Тоғаева.

Тўйидан олиб кетилган келин

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ Халқ банкидаги ўғриликда гумонланган яна бир шахс - Раъно Эсанованинг дугонаси Дилшода Хушбақова тўйи бўлаётган 8 сентябрь куни соат 22.15 да тўйхонадан келин кўйлагида терговга олиб кетилган ва 24 соат давомида адвокатсиз сўроқ қилинган.

“Ўша кечаси тўй тугаши билан милиция ходимлари жиянимни келин кўйлагида милицияга олиб кетди. Эртаси куни соат 22 гача сўроқ қилишди. Бизнинг бирортамизни қўймади. Адвокат олиб келсак, киргизмади. 9 сентябрь куни ярим кечаси жавоб беришди. Тўйнинг эртаси куни келин салом, юз очди гапи тадбирларимиз қолиб кетди. Узоқдан келган меҳмонлар олдида мулзам бўлиб қолдик. 6 сентябрь куни милиция ходимларидан бири гўёки қизимиз Раънодан пакет олаётганини кўрган эмиш. Ахир кўрган бўлсанг, ушламайсанми. Дугонасига тўйига таклифнома бергани борган қизимизга шундай туҳматлар бўлиб турибди. Яхшиям куёвимиз тушунган бола экан. Ҳозирча тинч яшашаяпти”, деди тўйидан ИИБ га сўроққа олиб келтилган Дилшода Хушбақованинг амакиси Ўрол Пардаев.

ИИБ ходимларининг "ваҳшийлиги" жамоатчиликни ларзага солган эди

Жорий йилнинг 4 июль куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари ўғриликда гумонланган аёлни қип-яланғоч қилиб ечинтириб, таҳқирлаган эди.

Озодлик бу воқеани ёритганидан сўнг, шаҳар Ички ишлар бўлими тезокр вакили Санъат Умаров устидан жиноят иши қўзғатилган, ИИБ бошлиғи ва яна етти нафар милиция зобити ишдан бўшатилган эди.

XS
SM
MD
LG