Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:32

UzCard ишдан чиқди, Ўзбекистонда пластик карта билан савдо тўхтаб қолди (ФОТО)


Ўзбекистонда мавжуд барча пластик карталарга хизмат кўрсатувчи ягона тизим - UzCard яна ишдан чиқди. Ширкат расмий сайти ва тармоқлардаги саҳифаларида берилган эълонда тизимнинг ишдан чиқишига техник носозлик сабаб бўлгани билдирилди.

UzCard - Ўзбекистон бўйлаб мавжуд барча пластик карталар, шунингдек, PayMe ва Click онлайн савдо тизимига хизмат кўрсатувчи ягона, монопол тизимдир.

Ягона умумреспублика процессинг марказига қарашли тизимдаги узилиш 15 сентябрь оқшом соат 18:52 да бошланди.

"Марказимиз мутахассислари томонидан тизимни кун давомида ишга тушириш учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Тизим мобил тўлов тизимлари орқали пул маблағларига тегишли маълумотни тақдим эта олмаяпти. Пул маблағларига тегишли барча маълумотлар ҳавфсиз ҳолатда сақланмоқда.Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз", дейилади маъмурият номидан берилган эълонда.

Тизим қачон ишга тушиши мумкинлиги ҳақида ҳануз бирор маълумот берилмади.

Gazeta.uz сайтига изоҳ берган Ягона умумреспублика процессинг маркази бош директори Аҳрор Маҳмудов 16 сентябрь куни тизим ишга туширилишини ваъда қилди.

"Дастлабки вазифа - тизимни ишга тушириш. Бугуноқ тизим тўлиқ ишга тушади. Аниқ вақтини сайтда эълон қиламиз", деди бош директор маҳаллий нашрга жавобан.

Тизим ишдан чиқиши оқибатида, 15 сентябрь оқшомидан буён мамлакат бўйлаб, аҳоли қўлига берилган барча пластик карталардан фойдаланиш имкони бўлмаётир.

Шаҳарлардаги савдо дўконлари, савдо марказларида харидорлар пластик карталарини ишлата олмагани боис, савдо-сотиқ тўхтаб қолди.

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовнинг Gazeta.uz сайтига айтишича, узилишлар оқибатида савдо ҳажми ярмидан кўпроққа тушиб кетган.

Бунгача UzCard тизимидаги узилиш шу йилнинг 22-23 августида кузатилган ва ўшанда бунга сабаб қилиб, Uztelecom ширкатидаги техник носозлик келтирилганди.

Ҳар гал бу монопол тизим ишдан чиққанда, мамлакат бўйлаб пластик карталар савдоси фалажланиб қолиши, мижозлар ва савдо тармоғи норозилигига сабаб бўлиб қолмоқда.

Марказий Банк берган маълумотга қараганда, 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб мумомалага чиқарилган банк пластик карталари сони 18 миллионтага етган. Тўлов терминаллари сони эса 243 минг 200та, банкоматлар сони 6 минг 200га яқиндир.

XS
SM
MD
LG