Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Толибон АҚШ билан музокараларга тайёргарлик кўрмоқда


Толибон ҳаракати аъзолари
Толибон ҳаракати аъзолари

Воҳид Мужда Толибоннинг Кобулдаги собиқ расмийси бўлган. Айни пайтда Толибон етакчилари билан яқин алоқада. Унинг маълум қилишича, АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасидаги Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича келишувлар тўхтаб қолган. Бунга АҚШнинг Афғонистонда ҳарбий базаларини сақлаб туриши сабаб бўлган.

“АҚШ Толибоннинг камида иккита – Баграм ва Шўрабак ҳарбий базаларининг фаолиятига рози бўлишини истайди. Толибон эса буни қабул қилишни истамайди”, -дейди Мужда. Унинг айтишича, Толибон АҚШ дипломатик миссияси хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган номинал миқдордаги ҳарбийлардан ташқари ҳеч қандай база бўлишини истамайди.

Вашингтондаги Афғонистон бўйича шуғулланадиган айрим нуфузли манбаларнинг “Америка Овози”га тасдиқлашича, Афғонистонда айрим ҳарбий базаларнинг фаолият юритиши АҚШ ҳукумати учун устувор аҳамиятга эга.

Истеъфодаги полковник ва Пентагоннинг собиқ маслаҳатчиси Кристофер Коленда жорий йилда Доха шаҳрида Толибон етакчилари билан норасмий музокаралар олиб борган эди.

Унинг ўтган ойда “Америка Овози” билан суҳбатда маълум қилишича, исёнчи гуруҳлар АҚШ ҳарбий қўшинларини мустамлакачи куч деб қабул қилади ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини истайди.

“Уруш учун уларнинг биринчи рақамли сабаби айнан ишғол қилиш ҳаракатларига қарши курашдан иборат. Шундай экан, улар АҚШ ҳарбий кучларининг Афғонистонда бўлишига осонгина рози бўлмайди. Чунки Толибонга кўра улар айнан шу таҳдидлардан ҳимояланмоқда”, - дейди у.

Коленда, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиб, янги ҳукумат таркибига Толибон ҳам киритилган тақдирда, улар афғон армиясини ўқув машғулотларида малакасини ошириш бўйича АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози эканини билдирган.

Коленда ҳамда унга ҳамроҳлик қилган собиқ димпломат Робин Рафел Толибон расмийлари билан дастлабки музокараларни олиб борган. Ундан сўнг Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўлими раҳбари ёрдамчиси Алис Велс июл ойида Дохада Толибон билан учрашган.

Ана шу учрашув Толибоннинг АҚШ ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокара қилиш талабига жавобан амалга оширилган эди. Толибон Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини “қўғирчоқ тузум” деб ҳисоблайди ва улар билан келишувдан натижа йўқ деб билади.

Президент Ашраф Ғани Толибонга ҳеч қандай шартларсиз исталган ер ва исталган вақтда учрашишни таклиф этган.

Мужданинг билдиришича, маҳбусларнинг озод этилиши Толибоннинг яна бир муҳим талаби ҳисобланади.

“Рейтерс”нинг ма’лум қилишича, Толибоннинг учдан тўрт кишигача вакиллардан иборат делегацияси АҚШ расмийлари билан ўз ҳаракатлари аъзоларининг ҳибсдан озод этилиши масаласида навбатдаги музокараларни бошлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Уларнинг учинчи муҳим талаби мамлакатда шариат ёки Ислом қонунларининг жорий этилишидир.

Толибон Афғонистоннинг амалдаги конституциясининг 80 фоизини тан олади. Бироқ Толибон конституция АҚШ мустамлакачилигига асосланган деб ҳисоблайди, дейди Мужда.

Тинчликка эришиш умидлари жорий йилнинг июн ойида Ҳайит байрами муносабати билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувлар натижасида кучайган эди. Мамлакатда бир неча кунлик тинчлик ҳукмронлик қилди. Бироқ Толибоннинг такроран ҳужумларга зўр бериши умидларни пучга чиқарган.

XS
SM
MD
LG