8 август соат 23:45 ларда Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси,
1-а-уйда жойлашган «Aurum» тунги клуби кириш эшиги олдида Ж.К. «Aurum» тунги клуби қўриқчилари Ш.И. ва А.М. билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ш.И.га ва А.М.га санчиб кесилган тан жароҳатлари етказди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Жанжал давомида воқеа жойида бўлган «Aurum» тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қ. фуқаро Ж.К.ни қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга санчиб кесилган тан жароҳатлари етказган.
Тан жароҳатлари олган Ш.И. 7-сонли ШКШга, А.М. 1-сонли Республика клиник шифохонасига ётқизилган.
Олган тан жароҳатлари билан Ж.К. Юнусобод туманидаги 7-сонли ШКШга ётқизилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилсада, етказилган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 9 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ш.Қ.га нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.