Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Самарқандда "ҳаёсиз саҳналар"ни кўрсатган STV эфири тўхтатилди


Ўзбекистонда очилган биринчи мустақил телевидение - STV (Самарқанд телевидениеси) фаолияти "ҳаёсизликни тарғиб қилувчи" материални узатгани учун "номуайян муддат"га тўхтатилди.

Kun.uz, Gazeta.uz нашрларининг хабар қилишича, телеканал 21 июль куни cоат 09:17 да "ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи" Sausage party номли хориж мультфильмини эфирга узатган.

Нашрнинг Матбуот ва ахборот агентлигига таяниб ёзишича, "мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган".

Бундан ташқари, айни каналда 22 июль куни соат оқшомги соат 22:45да "Я легенда" (Мен афсонаман) номли машҳур хорижий фильм ҳам намойиш қилинган. Унда "вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган".

Хабарда айтилишича, бу фильм "Ўзбеккино" Миллий агентлиги эксперт комиссияси томонидан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати"га киритилган.​

Шунингдек, 27 июль куни Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси йиғилиш ўтказиб, STV телеканали билан бирга Sevimli хусусий телаканалини ҳам муҳокама қилган.

Бу каналда 15 июль куни оқшом cоат 21:10 да берилган "Ҳурлиқо" (I feel pretty) хорижий фильмида "беҳаё мазмундаги саҳна" намойиш қилинган ва бунинг ортидан телеканалнинг бир неча ходими ишдан олинган эди.

Эндиликда, Master media production and broadcast масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган Sevimli ва STV телеканаллари бир қатор қонун талаблари бузган, деган қарорга келинган.

Kun.uz нашрининг ёзишича, экспертлар хулосалари натижаларига кўра, телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунининг 6-моддаси, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунининг 5-моддаси, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунининг 16-моддаси, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.

"Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан Master media production and broadcast масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги STV телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди. Sevimli телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилди", деб хабар қилади нашр.

Озодлик шу йилнинг 16 июль куни Sevimli TV хусусий телеканали 15 июль куни эфирга берилган хорижий фильмдаги интим саҳна қирқиб ташланмагани учун узр сўрагани, телеканал “миллий аҳлоққа зид саҳнани ўтказиб юбориб, хатоликка йўл қўйган" ходимларини ишдан бўшатгани ҳақида хабар қилган эди.

STV телеканали 1991 йилнинг 15 майида иш бошлаган ва у Ўзбекстондаги илк хусусий телеканал ҳисобланади. Бу телеканалнинг Ўзбекистонда медиамагнат сифатида танилган Фирдавс Абдуҳолиқовга тегишли экани айтилади.

Асл касби рус филологи бўлган 55 яшар Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистондаги илк нодавлат телеканал ва газетани очиш билан бирга 2003 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

XS
SM
MD
LG