Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:50

ЖЧ-2018: Россия чемпионатдан чиқди, аммо жамоа олқишларга кўмилди


Россия Хорватияга ютқазиб, ўз юртида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиш имкониятидан айрилди. Аммо, Россия сиёсатчилари, фуқаролар ва ҳатто, таниқли мухолифатчилар рус терма жамоаси маҳоратини олқишламоқда.

8 июль куни президент Владимир Путин Россия терма жамоаси Хорватияга мағлуб бўлган бўлса-да, жамоа билан фахрланишини айтди.

Сочидаги “Фишт” стадионида 7 июль куни бўлиб ўтган ўйин асосий ва қўшимча бўлимларда 2:2 ҳисоби билан якунланди. Бунинг ортидан пенальтилар сериясида Хорватия 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин матчни телевидение орқали томоша қилгани, россиялик ўйинчилар ютқизган бўлишига қарамай, уларни “қаҳрамонлар” деб ҳисоблашини айтди.

“Интерфакс” агентлиги эълон қилган мақолада ёзилишича, Песков:

- Президент [матчни] кўрди. Жамоани қўллади. Ҳаққоний ва ажойиб ўйинда мағлуб бўлдик. Биз уларни барибир ажойиб йигитлар, қаҳрамонлар деб биламиз. Стадионда борларини беришди. Улар билан фахрланамиз, - деган.

Россия терма жамоаси аъзолари эса чемпионатни “кўзимизда ёш билан, аммо қаддимиз тик ҳолда тарк этяпмиз”, деди.

Терма жамоа Twitterда ўз мухлисларига миннатдорчилик билдирди:

"Жаҳон чемпионати давомида бизга бахшида қилган самимий, ҳақиқий ҳис-туйғулар учун раҳмат. Бизга ишонганингиз учун раҳмат. Ҳаммаси учун раҳмат! Сиз жаҳондаги энг ажойиб мухлисларсиз!"

Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчешов эса:

- Бизда бу чемпионатда ғолиб бўлиш имкони йўқ энди ва бу, табиийки, ачинарли ҳолат. Аммо биз ўзимизни кўрсатдик, - деди.

Мутахассислар Россия чемпионатда яхши натижа кўрсата олмаслигини башорат қилган эди. Чемпионат бошланишидан олдин Россия терма жамоаси FIFA рейтингида 70-поғонада эди.

Энди Хорватия терма жамоаси 11 июль куни Москвадаги “Лужники” стадионида чемпионат ярим финалида Англия терма жамоасига қарши майдонга тушади. 10 июль куни эса Бельгия Санкт-Петербургда Франция билан беллашади.

Мухолифатчи Алексей Навальний ҳам Россия терма жамоасини яхши ўйин кўрсатгани учун олқишлади.

Мухолифатчи Twitterда: "Бу ачинарли ҳол, аммо ўйин ажойиб бўлди. Мамлакатамиз миллий терма жамоамиз билан фахрланади. Бир вақтнинг ўзини миллионлаб одам “Россия!” дея ҳайқиргани учун раҳмат, йигитлар!" деб ёзди.

1 июль куни чемпионатининг 1/8 финалида Россия FIFA рейтингида 10 ўринда турган Испанияни мағлуб этган эди. Учрашувнинг асосий вақтида кучлар 1:1 ҳисоби билан тенг келди ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди: 4-3.

Кечаги ўйинда Россия мағлуб бўлиши ортидан рус футбол мухлислари кўчаларга чиқиб, “Россия!” дея ҳайқирди ва жамоага қизғин ўйин учун миннатдорчилик билдирди.

Хорватияда эса пойтахт Загребда 15 мингга яқин одам шаҳар майдонида тўпланиб, тарихий ғалабани нишонлади.

XS
SM
MD
LG