Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

Британия Трампни намойишлар билан кутиб олмоқчи


12 июль куни Доналд Трамп Британияда бўлади. Бу унинг президентликка сайланганидан бери иттифоқчи давлатга илк ташрифи. Сўнгги ойларда муносабатлар бир неча синовдан ўтди.

"Америка Овози"нинг Лондондаги мухбири Генри Рижвелнинг хабар беришича, минглаб фаоллар шаҳарда норозилик намойишларига ҳозирланмоқда.

Британияда шу кунларда ҳаво жуда иссиқ. Трамп ташрифи билан сиёсий ҳароратнинг ҳам ошиши кутилмоқда. Унинг иммиграция ва иқлим ўзгаришига доир сиёсатига қаршилар бу мамлакатда ҳам топилади.

“Норозилик намойишларида қатнашаман. Ўзи намойишларга чиқиб юрадиган одаммасман. Трампни Британияга таклиф қилмаслик керак эди”, - дейди лондонлик бу аёл.

“Унинг кўп ишларини олқишламайман, бироқ Америка учун кўп хайрли ишлар қиляпти”, - дейди Камерон Смит исмли инглиз.

“Келиб, одамларимизнинг унга муносабатини кўриб қўйсин”, - дейди Крис Антуан.

Лондондаги намойишларни Трампнинг ўзи кўрмаслиги мумкин.

“Оз сонли, аммо бақироқ ва агрессив озчилик бутун Британия аҳолиси номидан фикр билдиряпти деб ўйлашларини истамаймиз”, - дейди “Боw Гроуп” консерватив ташкилотидан Дейвид Саржент.

Президент Трамп ва Британия Бош вазираси Тереза Мей 2017 йилда Оқ уйда кўришганида тил топишгандек эди, аммо кейинчалик бу муносабатлар бир неча синовдан ўтди.

“Ултра ўнг қанот мазмундаги видеонинг Трамп томонидан “Тwиттер”да тарқатилиши Британия парламентида катта норозиликларга, кўча намойишларига сабаб бўлди. Трамп бу мамлакатга Европа Иттифоқига тарифларни жорий этганидан сўнг, Эрон билан имзоланган халқаро битимдан чиққанидан сўнг, унинг оилаларни ажратиш сиёсати матбуотда кескин танқидларга учраганидан сўнг ташриф буюрмоқда”, - дейди лондонлик таҳлилчи Лесли Винжамури.

Трампнинг Лондонга ташрифи Британия Европа Иттифоқини тарк этаётган бир пайтга тўғри келмоқда. АҚШ билан кучли иқтисодий ва хавфсизлик алоқалари иттифоқсиз келажак муваффақияти замини сифатида кўрилмоқда.

“Брексит даврида дунё бўйлаб иттифоқлар тузишимиз лозим ва энг кучли иттифоқ Қўшма Штатлар билан бўлиши керак”, - дейди таҳлилчи Саржент.

Трамп ҳам Британия билан алоқаларга катта аҳамият берадими?

“Ўйлайманки, Трамп ташрифи давомида Бирлашган Қироллик билан махсус алоқалар ҳақида гапиради, ҳатто савдо битими имзоланиши мумкин, аммо ташрифдан сўнг бу борада катта ўзгариш бўлмайди. Хавфсизлик бобида ҳамкорлик, НАТО келажаги хусусида гаплашишади”, - дейди лондонлик эксперт.

Британияга сафаридан олдин Трамп Брюсселда тўхтаб, НАТО саммитида қатнашади, 16 июл куни эса Хелсинкида Россия Президенти Владимир Путин билан кўришади.

“Мана шу икки тадбир Трамп учун Британияга сафаридан муҳимроқ бўлиши мумкин”, - дейди Винжамури.

XS
SM
MD
LG