Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Навальний рус олигархларини чемпионат пулини ўғирлашда айблади


Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний рухсат этилмаган норозилик намойиш ташкил қилгани учун жазога тортилган суд мажлисида.
Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний рухсат этилмаган норозилик намойиш ташкил қилгани учун жазога тортилган суд мажлисида.

Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш жуда қимматга тушганини қоралади. Унинг иддаочи, расмий Москва сарфлаган пулнинг маълум қисмини президент Владимир Путинга яқин бой иш эгалари “ўзлаштирган”.

У 14 июнь куни қамоқдан бўшатилгандан ва чемпионатнинг биринчи ўйинида Россия терма жамоаси Саудия Арабистони футболчилари устидан 5:0ҳисобида ғалаба қозонгандан сўнг жонли видео эфирга чиқиб, футболчиларни “ажойиб” ютуқ билан табриклади.

Россияда бундай футбол байрами бўлаётгани яхши, лекин бунинг учун сиз билан мен тўлаган ҳақ қандай қилиб 14 миллиард АҚШ долларига тушганини тушуна олмаяпман, ‒ деди у.

Расмий маълумотларга кўра, умумий харажатлар рубль билан долларнинг сўнгги йиллардаги ўртача алмашув курсидан келиб чиққанда, 13,2 миллард доллар бўлган.

Мен футбол бўйича ўтаётган жаҳон чемпионати харажатлари меъёрида бўлсин дейман, ‒ деди Навальний. ‒ Аммо, Россия терма командаси ғалабасидан қанчалик қувонсам, коррупциядан шунчалик жаҳлим чиқмоқда.

Навальний мамлакатнинг турли шаҳарларида аэропорт ва стадионлар қурган Путинга яқин иш одамларини танқид қилди. У миллиардерлар, дея Борис Ротенберг ва унинг укаси Аркадий, яна Путиннинг ошнаси Геннадий Тимченкони санаб ўтди.

42 яшар Навальний 30 кунлик қамоқдан сўнг 14 июнда озодликка чиқди. “30 кунлик хизмат сафаридан сўнг яна сизлар билан биргаман. Озодликка чиққанимдан хурсандман”, деб ёзди у Твиттерда.

У 5 май куни Путиннинг янги президентлик муддатига киришиш маросими олдидан норозилик намойиш уюштирган ва унда юзлаб кишилар қатори қамоққа олинган эди.

Президент сайловига номзодини қўя олмаган Навальний россияликларни “У бизга подшо эмас!” шиори билан яна намойишларга чиқишга чорлади.

Навальний Путин ҳукмронлигига қарши 2011 ва 2012 йилларда оммавий намойишлар уюштиргандан сўнг мухолифат етакчисига айланди ҳамда кўп марта айбланиб, ҳибсга олинди.

Европа Иттифоқи билан Қўшма Штатлар Навальний ва тарафдорларини қамагани учун Россияни демократия тартибларини бузганлик, сўз эркинлигини оёқ ости қилганликда айблай бошлади.

XS
SM
MD
LG